САЙЁРА РАШИДОВА МАШҲУР АКАДЕМИК ВА БИРИНЧИ ОМБУДСМАН

Сайёра Шарофовна Рашидова Иккинчи жаҳон урушининг бурилиш палласида атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи ва фронт жангчиси Шароф Рашидов оиласида дунёга келган. Халқаро ҳамжамият Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясини қабул қилиб, ушбу ҳужжат Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ҳам узвий қисмига айланган йили Сайёра опа энди 5 ёшга тўлганди.

Мамлакатимиз кенг жамоатчилиги ва халқаро жамоатчилик Сайёра Шарофовнани таниқли кимёгар олима, Бутун дунёда эътироф этилган Ўзбекистон кимёгарлари илмий мактабининг йирик ташкилотчиси, машҳур давлат ва жамоат арбоби сифатида яхши билади ҳамда юксак қадрлайди.

 

Мустақил Ўзбекистонда янги инсон ҳуқуқлари институтлари шаклланиши

 

Сайёра Шарофовна меҳнат фаолиятининг асосий қисми мустақил Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан чамбарчас боғлиқ. Сайёра опа икки марта, яъни 1995 — 2004 йилларда Олий Мажлис депутати этиб сайланган, мамлакатимизда парламентаризм қарор топиши, шунингдек, Олий Мажлиснинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати фаолиятида ҳам фаол иштирок этган.

 Сайёра Рашидова “Олима” уюшмаси президенти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши президиумларининг аъзоси, “Альянс Франсез” ва Ўзбекистон-Польша дўстлик жамияти раиси лавозимларида ишлаган. Шу аснода мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида самарали фаолият кўрсатган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясига дахлдор миллий ва халқаро жамоатчилик вакиллари Сайёра Рашидовани мамлакатимиздаги Омбудсман институтининг асосчиси сифатида эътироф этади.

Сайёра Шарофовна илк бор 1995 йил декабрида биринчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил этиб сайланган. Опа умрининг нақд 20 йилини ана шу хайрли, масъулиятли ва ўта нозик ишга бағишлади. Бинобарин, парламентимиз Сайёра Рашидовани Омбудсман лавозимига қаторасига тўрт марта сайлади. Шу ўринда бундай воқелик жаҳон омбудсманлари тарихида ҳам ўзига хос ноёб ҳодисалигини таъкидлаш лозим.

Сайёра Рашидова собиқ иттифоқ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Омбудсман вазифасини бажаришга киришган. Қолаверса, “Омбудсвумен” мақомида МДҲ мамлакатларидаги Омбудсман институти “гендер мезони”га амал қилишини ҳам айнан Сайёра опа бошлаб берган.

Қовун – қовундан ранг олади, дейдилар. Ўзбекистоннинг бу борадаги илғор ижобий тажрибаси асосида дастлаб Украина, Грузия, Озарбайжон, кейин Россия, Арманистон ва Марказий Осиёнинг Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларида Омбудсман лавозимларини хотин-қизлар вакиллари эгаллади.

Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими 1995 йили Олий Мажлиснинг биринчи сессиясида таъсис этилган. Шундай бўлса-да, ўша пайтда Конституцияда бу ҳақда тегишли норма ва Омбудсман тўғрисида махсус қонун ҳали мавжуд эмасди.

Вакил зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилишига кўмаклашиш мақсадида Олий Мажлиснинг 1995 йил 6 майдаги қарори билан Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш комиссияси тузилган. Вакил ва Комиссия фаолияти дастлаб Олий Мажлис Кенгашининг 1995 йил 29 августдаги қарори билан тасдиқланган “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисидаги низом” билан тартибга солинган.

Комиссия инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва ушбу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ишлари билан жамоатчилик асосида шуғулланган бўлиб, унинг бу борадаги фаолияти алоҳида диққатга лойиқ. Комиссия таркибида Ўзбекистоннинг таниқли давлат ва жамоат арбоби Фармон Омонов, отахон адвокат Санжар Ёқубов, ҳуқуқшунос Жанабай Садиков, юртимиз тиббиёт соҳасининг моҳир вакиллари Ирина Савельева ва Дилфуза Ғуломова, касаба уюшмалари етакчиси Зоиржон Қодиров каби таниқли ҳуқуқшунослар ва жамоат арбоблари бор эди.

 

Омбудсман фаолияти ҳуқуқий асосларини яратишдаги иштироки

 

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1996 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш ишлари бошланган. Сайёра Шарофовна қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳга раҳбарлик қилган.

Бу жараёнда Олий Мажлис депутатлари, ҳуқуқшунос олимлар, хорижий экспертлар, хусусан, Америка омбудсманлари ассоциациясининг собиқ президенти, БМТ эксперти Дин Готтерер иштирок этган. Қонун лойиҳасини тайёрлашда чет эл омбудсманларининг тажрибаси, экспертларнинг таклиф ва мулоҳазалари, шунингдек, ЕХҲТнинг1996 йил сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар” мавзуидаги семинар-кенгаши материаллари ҳисобга олинган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисидаги қонун лойиҳаси “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарининг 1997 йил 14 февраль сонида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинади. Мазкур қонун лойиҳасига бундай юксак муносабат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги институтга алоҳида ваколатлар тақдим этилишининг муҳимлигидан далолат берарди.

Олий Мажлиснинг 1997 йил 24 апрелда бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида ушбу қонун мамлакат парламенти депутатларининг мутлақ кўпчилик овози билан қабул қилинди. Қонун номида Вакил институтининг ҳар икки номи, яъни “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили” ва “(омбудсман)” номлари қўлланилган бўлиб, кейинчалик Озарбайжон ва Қирғизистон қонун ижодкорлари ўз мамлакатларида айни мазмундаги қонунни ишлаб чиқишда ана шу ибратли тажрибага таянди.

Парламентимизнинг ўша тарихий мажлисида сўзга чиққан Сайёра Шарофовна таъкидлаганидек, “Қонун лойиҳасида Омбудсман институтининг ҳақиқий эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш зарурлиги ғояси ўз ифодасини топган. Қонунга мувофиқ, Вакил эркин ва давлат органлари билан мансабдор шахслардан мустақил фаолият юритади”.

Миллий парламентнинг 2004 йил 27 августда бўлиб ўтган ўн бешинчи сессиясида парламент ислоҳоти ва икки палатали Олий Мажлисни ташкил этиш жараёнлари доирасида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Бу қонун лойиҳаси ҳам Сайёра Рашидова томонидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ўша пайтда амалда бўлган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда парламент йиғилиши эътиборига ҳавола этилганди.

Бундан ташқари, Конституцияга Омбудсман ва унинг ўринбосари Олий Мажлиснинг ҳар икки палатаси томонидан сайланиши билан боғлиқ ўзгартириш киритилди. Яъни, Ўзбекистонда Омбудсман институти конституциявий мақомга эга бўлди. Кейинчалик бир қатор кодекс ва қонунларга Омбудсман мақоми ва ваколатларини кафолатловчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Ўзбекона Омбудсман мактаби

 

Сайёра Шарофовнанинг Омбудсман лавозимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борган самарали фаолияти мамлакатимизда ва бутун жаҳонда кенг эътирофга сазовор бўлди. Конрад Аденауэр номидаги жамғарма, БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ билан ҳамкорликда ўтказилган семинарлар доирасида биз ўшанда бутун Ўзбекистонни кезиб чиққанимиз эсимда. Мўйноқдан токи Термиз ва Андижонгача боргандик. Бу бир-биридан узоқ ҳудудлардаги маҳаллалар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида бўлгандик, судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари билан учрашгандик, жазони ижро этиш муассасалари иши билан танишгандик.

Ана шу бетиним сафарлар давомида Сайёра опа ўзининг атиги 7 кишидан иборат мўъжаз жамоаси билан биргаликда бажарган машаққатли меҳнатлари муносиб натижасини берди. Яъни, “Омбудсман” деган шведча номаълум атама халқимиз тил бойлигидан “инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” деган аниқ мазмун билан мустаҳкам жой олди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Омбудсман институти тимсолидаги илмий-амалий мактаб қарор топди. Бунда Сайёра Шарофовна олима сифатида илк бор мамлакатимизда Омбудсман институтини ривожлантиришни илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиққани беқиёс аҳамият касб этади.

Опанинг бевосита раҳбарлигида ўтган даврда тайёрланган “Омбудсман – Ўзбекистонда”, “Дунё Омбудсманлари” (3 тилда), “Инсон ҳуқуқлари мониторинги” номли илмий тўпламлар ва бошқа кўплаб китоблар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг илмий асосига айланди. Бундан ташқари, Омбудсман офиси ходимлари айни мавзуларда МДҲ мамлакатларида биринчилар қаторида ўз илмий ишларини ёклашга муваффақ бўлдилар.

Сайёра Рашидова Омбудсманнинг минтақавий вакиллари институтига ҳам асос солди. Ҳозирги кунда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари юртимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритмоқда.

Омбудсман тўғрисидаги қонуннинг дастлабки таҳририда фақат “Омбудсман Комиссия аъзосини ўз вакили этиб тайинлаши мумкин” деган норма қайд этилганди, холос. Қонун тилидаги “мумкин” сўзи айни норманинг мажбурий тусда эмаслигини англатиб туришига қарамай, вилоятлар ҳокимларининг қарорлари билан ҳудудларда Омбудсман ва унинг вакилларига фуқароларни қабул қилиш учун бинолар ажратилиб, уларни техник жиҳатдан таъминлаш чоралари кўрилгани ҳануз ёдимда.

Бу борада ўша пайтда Жиззах вилоятининг ҳокими бўлган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев, айниқса, пешқадамлик кўрсатгандилар. У кишининг қарори асосида вилоятда Омбудсман вакили самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур шароитлар қисқа фурсатларда муҳайё этилганди.

Ҳудудларда, шунингдек, вилоят прокуратураси, ички ишлар, адлия, соғлиқни сақлаш муассасалари ва касаба уюшмалари органлари билан ҳамкорликда Омбудсман минтақавий вакилининг қўшма ишчи гуруҳлари ташкил этилганини ҳам айтиб ўтиш даркор. Бу ишчи гуруҳларни тузишдан мақсад фуқаролардан тушган мурожаатларни жойларда самарали ҳал этиш эди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, юртимиздаги кўплаб таниқли ва обрўли шахслар Омбудсманнинг минтақавий вакиллари сифатида астойдил хизмат қилганлар. Машҳур жамоат арбоблари Шоиноят Шоабдураҳимов, Парда Зиётов, Азизбек Содиқов, Марат Юсупов, Абдумуталиб Абдуллаев, Холида Алимова, таниқли ҳуқуқшунослар Тошпўлат Сайидов, Рустамбек Турдиев, Олимжон Нуриддинов, Жанабай Шилманов, Акмал Мамажонов, олий ўқув юртлари ректорлари, профессорлар Юсуфжон Нишонов, Муродулло Нормуродов, Мамазоир Хўжамбердиев, Расулжон Тожиев, Лазиза Ғафурова шундай фидойи инсонлар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги Фармони билан Омбудсманнинг доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари ҳақ тўланадиган мақомга эга бўлди.

Сайёра Шарофовна Омбудсман фаолиятининг ихтисослашувига ҳам асос солди. Опанинг ташаббуси билан Тошкент ва Самарқандда Беморларнинг ҳуқуқлари бўйича омбудсман, Тошкент давлат аграр университетида Талабалар омбудсмани, Зангиота колониясида Маҳкумларнинг ҳуқуқлари бўйича омбудсман таъсис этилди. Ўзбекистонда Омбудсманнинг тизимли ихтисослашуви, ўз навбатида, Болалар омбудсмани ва Бизнес-омбудсман тимсолида янада ривожлантирилди.

Шу билан бирга, ҳуқуқшунослар, адвокатлар, олимлар, жамоат арбобларидан иборат Эксперт кенгаши ташкил этилди. Бу кенгаш Омбудсманнинг оз сонли меҳнат жамоасига фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва жойларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда кўмаклашишга киришди. Айни фаолият кейинчалик Қийноқларнинг олдини олиш миллий механизми доирасидаги жамоат гуруҳлари учун таянч бўлди.

Омбудсман тимсолидаги масъулиятли лавозимда ишлар экан, Сайёра опа юртимиз фуқароларини айрим тўралар ва буйруқбозларнинг ўзбошимчаликларидан, адолатсиз қарорлардан, нотўғри айбловлардан ҳимоя қилди. Юртдошларимиз, айниқса, хотин-қизларга белгиланган қамоқ жазоси муддатлари имкон қадар қисқартирилишига эришди. Кўплаб етим болаларнинг бошини силади. Эҳтиёжманд инсонлар давлатдан бепул уй-жой олиши, грант асосида ўқишга кириши, моддий ёрдамдан фойдаланиши, муносиб ишларга жойлашиши билан боғлиқ қанчадан-қанча эзгу ҳамда савобли амалларнинг бошида турди.

 

Халқаро эътироф

 

Шу тариқа Ўзбекистоннинг Омбудсман институти халқаро омбудсманлар оиласида муносиб ўрин эгаллади. Сайёра Рашидова ушбу институт номидан йирик халқаро форумларда, шунингдек, БМТ, ЕХҲТ, Европа Иттифоқи каби нуфузли ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича устав ва шартнома қўмиталари йиғилишларида иштирок этди.

Ўзбекистондаги Омбудсман институти офисига ташриф буюриш инсон ҳуқуқлари масалаларини ўрганиш бўйича келадиган хорижий делегацияларнинг дастуридан жой олиши одатий ҳолга айланди. Бундан ташқари, Ўзбекистонга кўплаб мамлакатлардан Омбудсманлар ташриф буюрадиган бўлди.

Бундан чорак аср аввал, яъни 1998 йил декабрида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 50 йиллигини нишонлаш мақсадида гўзал ва боқий шаҳар Парижга бирга сафар қилганимизни хушнудлик билан эслайман. Ўшанда биз улуғ дўстим ва қадрдон оғам, дунёга машҳур ёзувчи ва дипломат Чингиз Айтматов билан ҳам учрашгандик.

Сайёра Шарофовна жаҳон омбудсманлари билан кўп томонлама ва икки томонлама алоқаларни йўлга қўйиш ташаббусини илгари суриб, бу борада шхсан ўзи кўплаб эзгу ишларни амалга оширди. Натижада Ўзбекистон Омбудсмани Халқаро омбудсман институти, Европа омбудсмани институти, Осиё омбудсмани ассоциацияси каби нуфузли тузилмаларга аъзо бўлди.

Сайёра опанинг бевосита ташаббуси негизида Ўзбекистон Омбудсмани билан Швеция, Испания, Франция, Португалия, Польша, Словакия, Болгария, Венгрия, Чехия, Россия, Таиланд каби аксарият давлатларнинг омбудсманлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари тузилди. Шунингдек, Швеция омбудсманининг 200 йиллигига бағишланган Стокгольмдаги танатанали маросимда Сайёра Шарофовна Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилди.

Сайёра Рашидованинг бой ҳаёт йўли, ибратли илмий-маърифий тажрибаси, юксак касбий маҳорати ва фаол фуқаролик позицияси – буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича янги бир институт оёққа туришига ва фаолиятининг жадал ривожланишига, Ўзбекистон Омбудсманининг халқаро нуфузи изчил юксалишига хизмат қилди.

 

Фидойи фаолиятнинг муносиб баҳоси

 

Ўзбекистоннинг Биринчи Омбудсмани мустақиллик йилларида «Дўстлик», «Эл-юрт ҳурмати» ва “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланди. Бу, ҳеч шубҳасиз, Сайёра опанинг фидокорона хизматлари давлатимиз ва жамиятимиз томонидан эътироф этилишининг муносиб ифодасидир.

Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш ва бу ҳуқуқларни қатъий ҳимоя қилиш масалалари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биринчи маротаба янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 56-моддасида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилди.

2020 йил 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон ҳуқуқлари соҳасида янги таъсис этилган мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Академик Сайёра Рашидова “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонининг биринчи соҳибасига айланди.

Халқимизда “Оққан дарё оқаверади”, деган пурмаъно мақол бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидов”нинг зурриёди сифатида шу улуғ инсонга ҳар томонлама муносиб фарзанд эканингизни ҳаётда ҳамиша юксак даражада тасдиқлаб келаётганингизга гувоҳмиз. Бунинг учун сизга таҳсинлар айтиш баробарида, ибрат олсак арзийди.

Умуман олганда, , Сайёра Шарофовна Рашидова  узоқ йиллар давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларида, илмий-маърифий муассасалардаги самарали фаолияти давомида ўз юксак иқтидор ва салоҳиятини намоён қилиб, юртимиз равнақи ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлаш, ватандошларимиз ҳуқуқларини тиклаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқда. Зеро, мана шундай меҳнатсевар ва фидойи фарзандларини жонажон Ватанимиз ҳам ҳеч қачон унутмайди.

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори, академик.

«Халқ сўзи» газетасининг 2023 йил 1 август кунги 156-сони

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech