Ушлаб туриш жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатланади

Ҳар бир инсон яшаш, эркин бўлиш ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқларига эга. Бу тамойиллар миллий қонунчилигимизда ҳам, халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ўз аксини топган. Хусусан, адолатли дунёнинг ҳуқуқий асоси ҳисобланувчи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқлари бўлган бу қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Мазкур декларация қабул қилинганига бу йил 75 йил тўлди. Мамлакатимизда ҳам ушбу сана кенг нишонланмоқда. Декларацияда ўз аксини топган эзгу тамойиллар юртимизда изчил билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Инсон қадри учун” деган эзгу мақсадлар билан ҳамоҳангдир.

Инсон қадри ҳақида гап борар экан, аввало, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, ҳаётдаги ҳар қандай ҳолат ва вазиятларда эркинлиги ва дахлсизлигини таъминлаш масаласи устуворлик касб этади. Зеро, ҳаёт бир текис эмас. Баъзида инсон адашади, хатога йўл қўяди, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолиши мумкин. Шундай вазиятларда, табиийки, ҳуқуқий чоралар кўришга тўғри келади. Аммо бу жараёнда ҳам инсоннинг қадр-қимматини жойига қўйиш, қонунчиликда белгиланган яшаш, эркин бўлиш ва дахлсизлик ҳуқуқларига риоя этиш устувор вазифадир. Айниқса, жиноий-процессуал ушлаб туриш жараёнида бу қоидаларга риоя этиш долзарб аҳамиятга эга.

Процессуал мажбурлов чоралари бевосита инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахл қилувчи ушлаб туриш, эҳтиёт чоралари, паспортнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, лавозимдан четлаштириш, мажбурий келтириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш каби чораларни қўллаш билан боғлиқ бўлиб, улар жиноятни муваффақиятли очиш ва айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш учун зарур. Ушбу мажбурлов чоралари ичида ушлаб туриш терговга қадар текширув ва дастлабки тергов даврида гумон қилинаётган шахснинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига энг кўп даражада дахл қилиши боис, уларни қўллашда ҳуқуқни махофаза қилувчи органлардан ишни қонуний, ҳар томонлама синчков ҳамда холисона кўриб чиқишни тақозо этади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси асосида қабул қилинган Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳар бир инсон эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким ўзбошимчалик билан ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши, қонунда белгиланганидан бошқача асос ва тартибда озодликдан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги айтилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидалари ўз аксини топди. Айниқса, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари алоҳида тартибда белгиланиши жамият ҳуқуқий тизими етуклигининг ифодаси сифатида намоён бўлади. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи мустаҳкамланган бўлиб, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Шахсий эркинлик ва дахлсизлик тўғрисидаги бу конституциявий меъёрлар жиноят-процессуал қонунчилигида ҳам ўз аксини топган. Масалан, ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас, деб белгиланган. Шунингдек, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳибсга олинган ҳар бир кишига ҳибсга олиш чоғида унинг ҳибсга олиниши сабаблари айтилиши ва унга қўйилган ҳар қандай айблов дарҳол маълум қилиниши белгиланган бўлиб, шахсни ушлаш вақтидаги унинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ушбу меъёр Жиноят-процессуал кодексида ўз аксини топган. Унга кўра, ички ишлар органи ходими, бошқа ваколатли шахс ушлаб туришнинг Жиноят-процессуал кодексида кўрсатилган асосларидан биттаси мавжудлигини бевосита аниқласа ёки бошқа гувоҳларнинг сўзларидан аниқлаган тақдирда:

биринчидан, ўзини таништириши ва ушлаб турилган шахснинг талабига кўра ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши;

иккинчидан, гумонланувчига жиноят содир этишда гумонланиб ушланганини маълум қилиши;

учинчидан, ушлаб турилган шахсга адвокатга ёки яқин қариндошига телефон қилиш ёки хабар бериш, ҳимоячига эга бўлиш, кўрсатувлар беришни рад этишга бўлган процессуал ҳуқуқларини тушунтириши;

тўртинчидан, ушлаб турилган шахсга у берган кўрсатувлардан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлигини билдириши;

бешинчидан, ушлаб турилган шахсдан яқин орадаги ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга бирга боришини талаб қилиши шарт.

Юқоридаги ҳуқуқларнинг тушунтирилиши халқаро жиноят процессуал ҳуқуқида “Миранда қоидаси” деб номланиб, у шахс гумон қилинувчи сифатида ушланаётган вақтда ҳуқуқлари содда тилда тушунтирилишини билдиради. Муҳими, энди бу тамойил янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам ўз аксини топди. Конституцияга кўра, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституциямизга жиноий таъқибга учраган фуқаронинг адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқи тарихан энг қадимий эътирофларидан бири ҳисобланган “Хабеас корпус” тамойили ҳам киритилгани мамлакатимизда инсоннинг ушбу ҳуқуқларига катта эътибор берилаётганидан далолатдир. Конституцияда ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Шахс эркинлигини таъминлашнинг кафолатларидан яна бири қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш учун жиноий жавобгарликнинг белгиланганидир. Шунингдек, ҳуқуқий асоссиз, яъни била туриб, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш ёки ҳибсда сақлаш учун ҳам жиноий жазо белгиланган.

Шу билан бирга, Жиноят-процессуал кодексида қонуний ушлаб туришнинг мақсади белгиланган бўлиб, унга кўра, ушлаб туриш жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсни унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетиши, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатга озодликдан маҳрум қилишдан иборатдир.

Ушлаб туриш жиноят иши қўзғатилгунга қадар ҳам, иш қўзғатилгандан кейин ҳам фақат жиноятни содир этишда гумон қилинаётган шахсга нисбатан амалга оширилади. Бу эса жиноят-процессуал ушлаб туришнинг асосий мақсади ва унинг моҳияти эркинликни чеклашнинг вақтинчалигидир. Эркинликни қисқа вақтга чеклаш ушланган шахснинг жиноятга ҳақиқатан ҳам алоқадорлиги ёки йўқлигини аниқлаб олиш учун амалга оширилади.

Ушлаб туриш асосларининг қатъий тартибда белгилаб қўйилиши ҳозирги замон қонунчилигида устувор бўлиб, шахснинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларининг яна бир кафолатидир. Шунинг учун жиноят-процессуал қонунчилигининг асосий вазифаларидан бири жиноятни тезлик билан ва тўла очиш ҳамда айбдорларни аниқлаш ҳисобланади. Ушбу вазифа ҳеч қачон шахс ҳуқуқлари ва дахлсизлиги бузилишига олиб келмаслиги керак.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш кўп жиҳатдан мамлакатда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари муваффақиятли амалга оширилишига боғлиқ. Бу эса, ўз навбатида, мамлакат қонунчилиги қай даражада мустаҳкамлигини кўрсатади.

Ушлаб туриш асосларининг қонунда аниқ белгиланиши ягона мақсадни, яъни шахс ноқонуний равишда ушланишининг олдини олишни кўзлайди. Инсон эркинлиги ва шахсий дахлсизлиги бузилиши эса ҳар бир шахснинг судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳамда бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва унинг талабларини қондириш ҳуқуқини келтириб чиқаради. Албатта, бу ҳуқуқий меъёрлар, аввало, инсон ҳуқуқини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, жамиятда барқарорликни таъминлашга замин бўлади.

Абдуқодир АБДИБОСИТОВ,

Ички ишлар вазирлиги

Малака ошириш институти ўқитувчиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech