ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ФЕНОМЕНИ ЧУҚУР ТАЛҚИН ЭТИЛГАН САЛОҲИЯТЛИ АСАР

Улкан тарихий янгиланишлар чорраҳасида яшаяпмиз. Ишонмасангиз, бугунги ҳаётимиз уммонининг бетиним мавжланишига теран назар солинг.

Ортимизда – халқимиз:

  • янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси учун овоз берган умумхалқ референдуми;
  • муддатидан илгари ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови;
  • қайта сайланган Президент Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси каби бири-биридан аҳамиятли ижтимоий-сиёсий воқеалар тарих саҳифаларига муҳрланмоқда.

Олдинда – мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги тантаналарига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Шунингдек, жамоатчилигимиз “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари лойиҳаларини атрофлича муҳокама қилмоқда.

Шундай долғали кунларда мутолаа этиш бахтига муяссар бўлганим ғоят эътиборли асар – “Янги Ўзбекистон давлати” китобида таъкидланганидек, “Давримиз шиддати тез. Ислоҳотлар тобора кенг мазмун кашф этмоқда. Янги Ўзбекистон туб ўзгаришлар жараёнида бутунлай янги қиёфага эга бўлмоқда. Унинг мамлакат ички ҳаётида иқтисодий-ижтимоий қудрати, жаҳон ҳамжамиятида эса умумпланетар масалаларни ҳал этиш салоҳияти ошиб бормоқда” (Қаранг: Салимов, Оқил. Янги Ўзбекистон давлати. – Т.: “Маънавият”, 2023. – Б.2).

Ушбу иқтибос олинган китоб муаллифи – муҳтарам устозимиз, донишманд ва закий инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик, техника фанлари доктори, профессор Оқил Умрзоқович Салимов ҳақида, даставвал, мухтасар тўхталамиз.

Давлат ва жамоат арбоби, Устоз Оқил ака Салимов – нафақат Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси аъзоси, айни чоғда Олий мактаб халқаро фанлар академияси ва Нью-Йорк фанлар академиясининг ҳам академигидир. Устоз, шунингдек, Олий мактаб халқаро фанлар академиясининг Ўзбекистон бўлими Президенти ҳамда Республика истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармасининг раиси  ҳисобланади.

Оқил ака давлат ва жамоат ишларидаги кўп йиллик хизматлари ҳамда таълим тизимидаги самарали фаолияти билан юртимиз илм-фани ва маърифати тараққиётига муносиб ҳисса қўшган йирик давлат ва фан арбобидир. Устознинг нафақат арбоб ва олим, балки ёшлар мураббийси ва истеъдодлар ҳомийси сифатида амалга оширган беқиёс эзгу ишлари ҳам таҳсинга сазовор.

 Оқил Умрзоқовичнинг камина сингари кўплаб китобсевар юртдошларимиз учун қадрли бўлган яна бир хусусиятлари борки, у ҳам бўлса, ижодкорлик фазилатидир. Айниқса, кейинги йилларда у кишининг қаламига мансуб “Саодат йўли”, “Ёшларга донолар ўгити”, “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Янги Ўзбекистоннинг истеъдодли ёшлари”, “Дўстлик хамсаси”, “Ақл инновацияси” каби бир қатор оммавий-сиёсий ва илмий-маърифий асарларни ўқиб, Устозга содиқ мухлислардан бирига айланганимдан ўзим ҳам мамнунман.

Шунинг учун Оқил Умрзоқовичнинг янги китобини ҳам мижжа қоқмай ўқиб чиқдим. Сўнги варақдан бош кўтарар эканман, дастлаб хаёлимдан улуғ рус ёзувчиси Антон Чеховнинг мана бу ҳикматли сўзлари ўтди: “Илм-фан ёки умуминсоний ғоялар йўлида хизмат қилмоқ – инсон учун ҳақиқий бахт ўзи шу бўлса керак”.

Чиндан ҳам,  бир томондан, Оқил Умрзоқович бутун онгли умрини илм-фан ва маърифат равнақига бағишлаб келмоқдалар. Бошқа томондан, Устоз – миллат тақдири, халқимизнинг бахти ва фаровонлиги, Ватанимизнинг барқарорлиги, изчил тараққиёти ва дунё майдонидаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлида сабот ҳамда матонат билан хизматда турган толмас, жонкуяр, фидойи инсонлар сирасига киради.

Устознинг янги китоби бутунлай янги тарихий шароитларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори қўйилаётган жараёнларга бағишлангани ҳам бу фикрларимни яққол тасдиқлайди. Китобда, муаллифнинг ўз таъбири билан айтганда,  “Янги Ўзбекистон давлатининг феноменал асослари” ҳақидаги мулоҳазалар битилган.

Асар “Кириш”, “Хулоса” ва учта асосий қисмдан иборат. Китобнинг бундай тузилиши бир қарашда анъанавийликдан далолатдек туюлади. Лекин, мутолаага киришганингиздан сўнг бундай ёндашувнинг юзаки ва алдамчи эканига, аслида, асар Янги Ўзбекистондаги эврилишлар ҳақида мутлақо янгича шакл ва услубда, том маънода новаторлик руҳида ёзилганига амин бўласиз.

Биринчи қисм “Ижтимоий давлат одимлари” деб номланган бўлиб, 9 та фаслни ўзида қамраган. Ушбу фасллар мавзу нуқтаи назаридан турли соҳалардаги ўзгаришлар талқинига бағишланганига қарамай, алал-оқибат, уларнинг барчаси ягона мавзу – Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат деган конституциявий мақоми қандай мазмун-моҳиятга эгалигини очиб беришга хизмат қилади.

Янги Ўзбекистон – катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, мададга муҳтож инсонлар ва оилаларга – чинакам кўмак ва ёрдам бериш, меҳр-оқибат кўрсатиш ҳаётимиз қоидасига айланиб бораётган ижтимоий макондир. Ижтимоий давлат барпо этишдан мақсад, биринчи навбатда, ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришишдир.

Сўнгги йилларда изчил илгари сурилаётган “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Бу тушунчага Ўзбекистон Президенти берган таърифга кўра: “Ижтимоий давлат – ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш бўйича самарали сиёсат олиб борадиган давлат моделидир”.

Китобда айни шу таърифга таянган одилона ва оқилона сиёсат ҳаётий мисоллар негизида ҳар томонлама асосли талқин этилгани диққатни тортади. Муаллиф қайд этганидек, “Ижтимоий давлат тушунчаси Янги Ўзбекистон давлатининг бутун моҳиятини белгилайди. Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси бутун моҳияти билан ижтимоий давлат фаолиятини қонун билан кафолатлайди. Унда бевосита инсон тақдири, унинг қадр-қиммати, яшаш ҳуқуқи масалаларига катта эътибор берилган” (ўша китоб, 3-бет).

Академик О.Салимовнинг фикрича, Янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш мақсади инсон омилини муқаддас қадрият сифатида юксалтириш, одамларни билимли, бахтли, эркин ва фаровон қулувчи маърифий жамият қуриш ғояси билан ўзаро уйғунлик касб этади.  “Мазкур жамиятни қуриш ғояси 2016 йил Қашқадарё вилоятида сайловчилар билан учрашувда Шавкат Мирзиёев томонидан илк даъфа жамоатчилик эътиборига қўйилган эди”, деб қайд этади таниқли олим (71-бет).

Шу маънода, китобнинг иккинчи қисми “Маърифатли жамият сари” деб номлангани бежиз эмас. Бу қисм мазмунан бир-бирини тўлдирувчи 12 та фаслдан ташкил топган.

Айни шу фасллар моҳиятига сингдирилган ҳаётий фалсафанинг мағзи шуки, ҳар қандай умуммиллий тараққиёт мақсадлар муштараклигига таянади. Бинобарин, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт босқичи халқ ва Президент, жамият ва давлат ўртасидаги муштаракликдан, мақсадларнинг бирлигидан, истиқболга интилишнинг уйғунлигидан келиб чиқмоқда.

“Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси  бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси  аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”. Ушбу фикрларни Ўзбекистон Президенти маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича 2021 йил 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирганди.

Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда сўзлаган нутқнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти кейинчалик Юртбошимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли биринчи муаллифлик фундаментал китобида ўз аксини топди. Тараққиёт стратегияси “Инсон қадри учун  100 та мақсад”дан иборат бўлиб, шундан 8 таси, яъни 71-78-мақсадлар бевосита маънавий тараққиётни таъминлаш масалаларига тааллуқлидир.

Дастлабки вазифа “Янги Ўзбекистон  маърифатли жамият” концепциясини амалга оширишни назарда тутади. Нега деганда, биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган, дунё цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган, адолатни қадрлайдиган халқ фарзандларимиз.

Мозий шоҳидки, IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган ва австриялик атоқли шарқшунос олим Адам Мец томонидан илк бор “Мусулмон Ренессанси” деб таърифланган Биринчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам, бутун дунёда машҳур француз олими Венсан Фурниё ибораси билан “Темурийлар даври Ренессанси” дея эътироф этилган ХIV-ХVI асрлардаги Иккинчи Шарқ Уйғониш даврида ҳам жамиятда эътиқод  мустаҳкам, маънавият  кучли, инсонлар дунёқарашида маънавият  устувор, давлатчилик тузумида маънавият ва маърифат  етакчи бўлган.

Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги нодир ижтимоий ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси буюк аждодларимизнинг илм-маърифат ва кучли эътиқод, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Янги Ўзбекистонда алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда. 

Қачонки миллат ўзлигини англай бошласа, ҳар бир фуқаро ўзининг инсоний фазилатларини тўлиқроқ намоён этиб, ўзини ўзи қадриятга айлантира бошласа миллий Уйғониш ҳодисаси юз беради, тараққиётнинг янги босқичи бошланади. Шу маънода, китоб муаллифи эътироф этганидек, “Янги Ўзбекистон ўз тарихий тараққиёти даврида янгича тафаккурга асосланган турмуш тарзини йўлга қўймоқда. Учинчи Ренессанс ғояси ана шу эврилишлар, янгиланишлар оқимида янги Уйғониш даврининг сарчашмаси бўлмоқда”( 99-бет). 

Китобнинг учинчи қисми “Янги Ўзбекистон жаҳон меҳварида” деб номланган ва ундан 6 та салмоқли фасл жой олган. Айни фаслларнинг асл моҳияти, назаримда, муаллифнинг мана бу фикрларида ёрқин очиб берилган: “Ҳар бир давлатнинг ташқи сиёсати муқаррар унинг миллий ва умуминсоний манфаатлари асосида қурилади. Ана шу жиҳатдан ўзбекистон ўзининг қадимий давлатчилик анъаналарига асосланиб, ҳар қандай муаммони музокаралар йўли билан, ҳиссиётлардан холи бўлган ва ақл-идрокка, шарқона билимлар савиясига йўғрилган мулоқотлар орқали ечимини топиш тарафдори бўлиб майдонга чиқди”(206-бет).

Кейинги йилларда Ўзбекистон Президентининг халқпарвар ва инсонпарвар сиёсати, самимиятга тўла қарашлари, инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва шаъни билан боғлиқ бўлган ислоҳотлари жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин эътироф этилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг, китоб муаллифи таъбири билан айтганда, “бир қатор умумпланетар муаммоларга, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган таклифлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан маъқулланди ва унинг махсус резолюциялари қабул қилинди. Айтиш мумкинки, бу Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини кўрсатади” (236-237-бетлар).

Шундай қилиб, академик Оқил Салимовнинг янги китобида Янги Ўзбекистоннинг:

биринчидан, ижтимоий давлат сифатидаги янгича конституциявий мақоми;

иккинчидан, маърифатли жамият барпо этиш йўлидаги самарали саъй-ҳаракатлари;

учинчидан, дунё майдонида обрў-эътиборининг юксалиши ва имижининг кўтарилиб бораётгани билан боғлиқ ижобий воқеликлар ёрқин фалсафий хулосалар ҳамда аниқ ҳаётий далиллар асосида ифода этилган.

Оқил Умрзоқовичнинг янги китоби муносабати билан қоғозга тушган фикрларимга нуқта қўяр эканман, Устознинг “Янги Ўзбекистон” газетаси 2023 йил 3 август сонида эълон қилинган “Сиёсий ахлоқ ва ахлоқий сиёсат” номли мақоласини ўқиб қолдим. Хулоса ўрнида ушбу мақоладан қуйидаги иқтибосни келтиришга жазм этдим:

“Янги Ўзбекистон ижтимоий давлати ҳар бир фуқаро қадру қиммати билан, шаъни, унинг бахтли, саодатли ҳаёти билан боғлиқ бўлган маънавий баркамол, ғоявий етук, сиёсий ахлоқнинг ахлоқий сиёсат билан синтезлашиб бораётгани унинг давлат сифатидаги феноменидир. Зотан, бизнинг, жамиятимизнинг, давлатимизнинг ягона ва бирдан-бир халоскори ахлоқ! Унга куч, рағбат, ирода ва ташаббускорлик туйғусини бахш этадиган ягона ва бирдан-бир манба – маънавият!”.

 

Акмал САИДОВ,

академик

«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 9 август кунги 157-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech