21 август – Халқаро терроризм қурбонларини
хотирлаш ва қадрлаш куни
«Айни вақтда дунёнинг баъзи минтақаларида юзага келган нотинч вазият аҳоли миграцияси кучайишига, бу эса, ўз навбатида, терроризм ва экстремизмнинг тарқалишига ҳамда уларнинг глобал муаммолардан бирига айланишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда миллий давлатчилигимиз, мустақиллигимиз, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти ва хавфсизлигимизни сақлаш биз учун энг устувор вазифага айланиб бормоқда».
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
“Террор” сўзи – «даҳшатли» деган маънони англатиб, маълум бир ҳудуддаги тинч аҳолини қўрқитиш йўли билан сиёсий ва мафкуравий мақсадларга эришишга айтилади. “Терроризм” атамаси илк бор ХVIII аср охирида Францияда инқилобий тўнтаришлар даврида ишлатилган. Терроризмнинг авж олиши XX асрга бориб тақалади.
XX асрнинг 20-йилларида тузилган Миллатлар лигаси бу балога қарши кураш йўлидаги ҳамкорликнинг яққол намунаси бўлди. Аммо баъзи давлатлар ушбу халқаро ташкилот ҳуқуқий ҳужжатларини инкор қилиши оқибатида Иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетди. Уруш тугаши билан дунёнинг етакчи давлатлари бошчилигида сайёрамизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти терроризмни глобал тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солувчи жирканч ва оқлаб бўлмайдиган ҳаракат сифатида доимо қоралаб келади. Шунинг учун тинчликни асраш ва қадрлаш йўлида изчил ташвиқот олиб бормоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, биргина 2017 йил давомида 26 мингдан зиёд бегуноҳ инсон ёвузлик қурбони бўлган. Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида БМТга аъзо давлатлар томонидан 21 август – «Халқаро терроризм қурбонларини хотирлаш ва қадрлаш куни» деб қабул қилинди ҳамда ушбу халқаро сана дунё бўйлаб 5 йилдан буён нишонлаб келинмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2017 йилдаги 72/165-резолюцияси билан бу кун расмий халқаро сана сифатида эълон қилингани бежиз эмас. Бутун дунёда содир этилаётган кўплаб террактлар, сиёсий ва мафкуравий курашлар оқибатида миллионлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлмоқда. Айниқса, охирги 15 йилда терроризм қурбонлари сони бир неча баробарга ошиб кетди.
Ушбу кунда нафақат терроризм натижасида қурбон бўлган инсонлар хотираси ёд этилади, балки омон қолганлар ва уларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошлари моддий ва маънавий кўмаклар билан таъминланади. Бу сана бизга шиддат билан ривожланаётган давр хавф-хатарларидан огоҳ бўлишга, тинчлик нақадар буюк неъматлардан бири эканини ҳис қилиб яшашга ёрдам беради.
Халқаро экспертлар террорчиларнинг ваҳшийликлари ҳеч қандай асосга эга бўлмаган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ тамойилларини бузишини таъкидлайди. Бунинг натижаси ўлароқ, БМТ бошчилигида терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш борасида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, 1999 йилги Терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенциянинг асосий мақсади дунёда терроризмдан манфаатдор ва тинч аҳоли ҳаётини бузиш орқали ўзининг қабиҳ мақсадларини амалга ошираётган шахслар, ташкилотлар ва уюшмаларга қарши курашда ҳамкорлик қилишдир. Бу билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барча давлатларни терроризмга қарши курашиш ва қурбонларнинг хотираларига ҳурмат бажо келтириш, омон қолганлар ва уларнинг оила аъзолари ҳимоя қилиниши учун ёрдам беришга чақиради.
2020 йил апрель ойида Бош Ассамблеянинг 73/305-резолюциясига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш «Терроризм қурбонларига ёрдам беришда БМТ тизимининг аъзо давлатларни қўллаб-қувватлашдаги тараққиёти» (А/74/790) тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилди.
2019 йилда Ироқ ва Испаниянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакиллари ҳамраислигида «Терроризм қурбонларининг дўстлари» гуруҳининг ташкил этилгани ҳамда Бош Ассамблеянинг терроризм қурбонларига ёрдам бериш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги йиғилишлари ўтказилгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир.
2014 йилда терроризм қурбонларини қўллаб-қувватлаш портали ишга туширилди. Ушбу платформа терроризм қурбонларига ёрдам кўрсатиш мақсадидаги шахсларни бирлаштирди.
Халқаро террорчилик ҳаракатлари нафақат халқаро ҳуқуқ, балки инсон ҳуқуқлари ҳам бузилишига олиб келади. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини сиёсий ва мафкуравий омиллар билан бирга жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади.
Ўтган 10 йилликлар шуни кўрсатдики, терроризм дунё бўйлаб кўплаб инсонларни ўз домига тортиб кетаётганининг асосий сабаби жаҳолат ва маърифатсизликдир. Шу сабабли дунё бўйлаб таълим ва маърифатга чорлов кенг тарғиб қилинмоқда.
Ушбу саъй-ҳаракатларга яққол мисол сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТнинг 2017 йилдаги 72-сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» дастури бўйича янги ташаббус билан иштирок этганини кўрсатиш мумкин. Натижада 2018 йили БМТ Бош Ассамблеяси «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди.
Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Терроризмга қарши глобал стратегияси қабул қилинишини қўллаб-қувватлади. Мамлакатимиз, шунингдек, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича 14 та халқаро конвенция ва протоколларни ратификация қилди.
Ўзбекистон Республикаси, жумладан, Терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияни 2001 йили ратификация қилди. Бу, ўз навбатида, миллий қонунчиликда ҳам экстремизм ва терроризмга қарши курашиш билан боғлиқ бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига туртки бўлди.
Масалан, 2000 йилда қбул қилинган «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги қонуннинг асосий мақсади фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини терроризм хавфидан ҳимоя қилишдан иборат бўлиб, ушбу хавфга қарши кураш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Шунингдек, ушбу қонунда Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органларининг терроризмга қарши кураш бўйича ваколатлари белгилаб берилган.
Бундан ташқари, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинди. Ушбу икки ҳужжат талабига кўра, террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахсларнинг рўйхатига киритилган ташкилот ёки жисмоний шахснинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки билан боғлиқ операцияларни тўхтатиб қўйиш чоралари кўрилади.
Ўзбекистон томонидан терроризмдан азият чеккан, унинг домига тушган ва террор ҳаракатлари авж олиб турган ҳудудлардан ўз фуқароларини олиб келиш мақсадида 2019-2021 йилларда «Меҳр» инсонпарварлик операцияси 5 марта ташкил қилинди ва 500 дан ортиқ ватандошлар Яқин Шарқ ва Афғонистон ҳудудидан мамлакатимизга олиб келинди. Сиёсий ва мафкуравий мақсадлар қурбони бўлган ушбу шахсларга давлат томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Улар жамият ижтимоий ҳаётига қўшилиб кетишлари учун зарур шароитлар яратилиб, турар жой ва иш билан таъминланди.
Тарихий ҳақиқат шуни кўрсатиб турибдики, терроризм – дунё аҳолисининг тинчлиги ва фаровонлигига раҳна солувчи қабиҳ иллатдир. Дунё ҳамжамияти ушбу ёвузликка қарши бир ёқадан бош чиқарган ҳолда курашсагина бу курашлар кутилган самарани беради.
Шу маънода, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таъсис этган мазкур халқаро сана муҳим аҳамиятга эга. Чунки ушбу кун терроризмдан азият чеккан давлатларга ҳамдардлик билдириш, бирдамликни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш билан бирга, терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш йўлида хизмат қилади.
Суҳроб Ақназаров,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг
Xалқаро ҳуқуқ факультети 3-босқич талабаси
- Қўшилди: 10.08.2023
- Кўришлар: 7473
- Чоп этиш