Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов 15 август куни Қарши шаҳрида жойлашган Абдулла Орипов номидаги ижод мактабига ташриф буюрди. Бу ерда ижод мактаби раҳбарияти, ўқитувчилари ва бир гуруҳ ижодкор ёшлар билан жонли мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда иштирок этган Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши котибияти мудири Нилуфар Ўтаганова, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Улуғбек Султонов, "Миллий тикланиш" демократик партиясининг вилоят Кенгаши раиси Сайфулла Маҳматмўминов, ижод мактаби директори в.в.б. Ёқутой Жамолова ва бошқалар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизда таълим, маърифат ва ижод соҳаларига қаратаётган юксак эътибори ҳамда доимий ғамхўрликлари алоҳида эътироф этилди.
Ёш ижодкорлар Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов шеърларидан ва ўз ижодларидан намуналар ўқиб бердилар. Устоз шоиримизнинг машҳур шеърлари инглиз ва рус тилларида ҳам янгради.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Акмал Саидов шундан сўнг Абдулла Орипов музейидаги янги экспонатлар билан танишди. Музей кўргазмаларини янада бойитиш, халқимизнинг атоқли шоири ижодини бугунги янги давр талаблари негизида кенг ва фаол тарғиб этиш юзасидан бир қатор амалий таклифлар билдирди. Бу борадаги миллий амалиёт ва хорижий тажриба ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Ташриф якунида академик А.Саидов музейнинг фахрий меҳмонлари китобига дастхат битди. Ижод мактаби кутубхонасига ўз муаллифлигидаги “Ҳазрат Занги ота” китобини тақдим этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.08.2023
- Кўришлар: 3567
- Чоп этиш