ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ:
юртимиз тараққиётини белгиловчи ёш куч
Бугунги кунда дунё аҳолисининг 1/3 қисмини ёшлар ташкил этади. Ўзбекистонда эса 18 миллиондан ортиқ ёш авлод вакиллари жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритмоқда. Бу рақамлар биз яшаётган глобаллашув даврида жаҳон тараққиётида ҳам, мамлакатимиз ривожида ҳам ёшлар энг муҳим ва асосий кучга айланиб бораётганидан далолат беради.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 12 август – Халқаро ёшлар кунига бағишланган жорий йилдаги мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Инсоният келажаги бутун дунё ёшларининг бемисл шиддат-шижоати, орзу ва ғоялари ҳамда шу эзгу мақсадга муносиб ҳисса қўшишга қаратилган астойдил саъй-ҳаракатларига боғлиқ”.
Ушбу фикрга қўшимча қилиб айта оламизки, инсоният келажаги ёшларга боғлиқ бўлса, ҳар бир инсон келажаги ёшлик даврида амалга оширган саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Инсон айнан ёшлик чоғида жамиятда ўзига муносиб ўринни топишга интилади. Меҳнат фаолиятини йўлга қўяди, оила қуради, илм-фан, санъат ёки спорт соҳалари билан жиддий шуғуллана бошлайди. Айни шу паллада унга давлат ва жамиятнинг қўллаб-қувватлови ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур бўлади. Чунки инсоннинг ёшлик даврида амалга оширган танловлари унинг тақдирига кучли таъсир кўрсатади.
Ёшлик – киши умрининг баҳори. Баҳорда экилган уруғ тўғри парвариш қилинса, заминда мустаҳкам илдиз отиб, мўл ҳосил беради. Баҳор ўтгач, ерга қадалган уруғдан қандай ҳосил кутиш мумкин?
Бугунги кунда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёш авлод вакиллари ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиши учун шароит яратишга қаратилган кўплаб халқаро ҳужжатлар, стратегия ва “йўл хариталари” мавжуд. Дунёнинг барча давлатлари томонидан тан олинган ҳамда уларнинг миллий қонунчилигига татбиқ этилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида барча инсонларнинг, шу жумладан ёшларнинг ҳам асосий фундаментал ҳуқуқлари кафолатланган. Тенглик ва эркинлик, сифатли таълим олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, шахсий дахлсизлик, мулкка эгалик қилиш, сайлаш ва сайланиш, сўз, фикр ва виждон эркинлиги каби ҳуқуқлар ушбу универсал ҳужжатда қатъий мустаҳкамланган. Жорий йил 10 декабрда 75 йиллиги нишонланадиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятининг ҳам асосий дастуриламали ҳисобланади.
БМТ ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш, ёшларга оид мақсадли чора-тадбирларни амалга оширишга бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратмоқда. Жумладан, жаҳон ёшларининг талаб-эҳтиёжларини қондириш, салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун БМТнинг “Ёшлар 2030” стратегияси ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Ушбу халқаро стратегияда 5 та устувор йўналиш белгиланган:
биринчи йўналиш ёшларни замонавий муаммоларни ҳал этишга жалб қилиш, бутун жаҳонда тинчлик, адолат ва экологик хавфсизликка эришишда ёшларнинг ролини оширишга қаратилган;
иккинчи йўналиш барча ёшларнинг сифатли таълим олиши ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиши имкониятини кенгайтиришни кўзда тутади;
учинчи йўналиш ёшларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга эришиш, ёшларга лойиқ иш ўринларини яратиш, малака ошириш тизимини яхшилаш, ишга жойлашмаган ва таълим олмаган ёшлар сонини қисқартириш каби масалаларни қамраб олади;
тўртинчи йўналиш фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш учун ёшларга шароит яратиш, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга хизмат қилади;
бешинчи йўналиш ислоҳотлар жараёнининг барча босқичларида ёшлар иштирокини таъминлаш, ёшлар масалалари билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлигини ривожлантириш каби масалаларни ўз ичига олади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аъзоси сифатида мамлакатимизда ҳам “Ёшлар 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни миллий қонунчилигимизга татбиқ этиш орқали ёшлар ҳуқуқларининг норматив асосларини мустаҳкамлашга катта аҳамият берилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилган ишларни таҳлил қилсак, бу борада салмоқли натижаларга эришилганига амин бўламиз.
Биринчидан, ёшлар ҳуқуқларини кафолатловчи меъёрий ҳужжатлар такомиллаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлатимиз раҳбари сифатида имзолаган дастлабки қонун “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонундир. Сўнгги саккиз йилда мамлакатимизда ёшларга тааллуқли 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ёшлар ҳуқуқларига оид қатор нормалар киритилди.
Иккинчидан, ёшлар билан ишловчи янги ташкилий тузилмалар фаолияти йўлга қўйилди. Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги ва Бош вазир раислигида ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш иш бошлади. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия тузилди, Олий Мажлис палаталари қошида Ёшлар парламенти ташкил этилди.
Учинчидан, чора-тадбирларнинг тизимли ва изчил бўлишини таъминлаш мақсадида миллий стратегия ва дастурлар қабул қилинди. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг беш муҳим ташаббуси шулар жумласидандир.
Тўртинчидан, жамиятда ўз ўрнини топишга қийналаётган, алоҳида эътибор ва ёрдамга муҳтож ёшлар билан ишлашнинг янги тизими жорий қилинди. Яъни “Ёшлар дафтари” ташкил этилиб, кўмакка муҳтож ёшлар рўйхати шакллантирилди. Унга киритилган ҳамюртларимизга кўрсатилаётган ёрдам кўлами йил сайин ошиб бормоқда. Сўнгги икки йилда 798 минг нафарга яқин ёшларга қарийб 1 триллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилгани, шу жумладан 53 минг нафар эҳтиёжманд оилага мансуб талабага ўқиш учун шартнома пуллари тўлаб берилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Шунингдек, юртимиздаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси фаолияти йўлга қўйилгани ёшлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга ҳисса қўшмоқда.
Бешинчидан, ёшларнинг илм олиши учун кенг имкониятлар тақдим этилмоқда. Олий таълим тизими ислоҳ этилиб, қабул имтиҳонлари шаффофлашди. Дорилфунунлар сони ва шунга мос тарзда қамров даражаси ошишига эришилди. Шартнома асосида ўқийдиган талаба ёшлар учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилмоқда. Магистратурада таҳсил олаётган аёллар эса тўлиқ грант асосида таълим олмоқдалар. Шу билан бирга, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилиб, иқтидорли йигит-қизларнинг хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олишларига имконият яратилди.
Олтинчидан, ижодкор ёшларни маънавий ва моддий рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайди. Жумладан, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Илҳом” мукофоти учун республика танлови таъсис этилди. “Ёш китобхон” кўрик танлови эса миллионлаб ёшларни мутолаага ундамоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги ва замонавий биноси олдида барпо этилган Адиблар хиёбонида ёш қаламкашлар учун турли адабий анжуманлар мунтазам ташкил қилинмоқда. “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида ҳар йили ўнлаб ёш ижодкорларнинг илк китоби бепул нашр этилмоқда.
Еттинчидан, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи ва спортни тарғиб этиш, спортчи ёшларни қўллаб-қувватлаш давлатимизнинг доимий эътибор марказида бўлиб турибди. Жорий йилнинг дастлабки ярим йиллигида ўзбекистонлик спортчи ёшлар 247 та олтин, 119 та кумуш ва 110 та бронза медали соҳибига айлангани замирида ҳам давлатимиз томонидан спортни ривожлантириш ва ёшлар орасида оммалаштириш, замонавий спорт иншоотларини бунёд этиш бўйича олиб борилган тизимли ишлар мужассам.
Саккизинчидан, ёшлар тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, сўнгги уч йилда мамлакатимизда 210 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ташкил этилиб, уларда 2,5 мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Ёш тадбиркорларга эса қулай шартлар асосида имтиёзли кредитлар тақдим этилмоқда.
Тўққизинчидан, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилмоқда. Уларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида субсидиялар ажратилиб, ҳар бир ёш оила маҳаллалар кесимида доимий рағбатлантириб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг моҳиятини ташкил этадиган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти фаолиятининг бош мақсади бўлган тинч, барқарор ва адолатли, инсон ҳуқуқлари тўлиқ таъминланган жамиятга айланишимизда, ҳар соҳада илғор ва қудратли бўлган Янги Ўзбекистонни барпо этишимизда ёшлар – навқирон ватандошларимиз энг асосий куч экани, шубҳасиз. Шунинг учун ҳам Янги Ўзбекистон – ёшлар мамлакати, ёшларга яратилаётган улкан имкониятлар мамлакати. Бу имкониятлар моҳиятида эса ёшларга билдирилган юксак ишонч, улар зиммасига юкланган Ватан олдидаги масъулият бурчи мужассам. Зеро, давлатимиз раҳбарининг 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни муносабати билан йўлланган табригида таъкидланганидек, “Ишончим комил, жонажон Ватанимизга меҳр ва садоқат билан яшаётган, илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, ҳозирги мураккаб замондаги кескин рақобатга тайёр бўлиб вояга етаётган ёшларимиз ҳар қандай баланд маррани эгаллашга қодир”.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2023 йил 21 август кунги 167-сони
- Қўшилди: 21.08.2023
- Кўришлар: 5131
- Чоп этиш