Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва таълим олиш ҳуқуқи

Бу йил инсон ҳуқуқини белгилайдиган ва тартибга соладиган, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, биринчи бўлиб қўшилган халқаро ҳужжат – “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” қабул қилинганига 75 йил тўлади. Ушбу ҳужжат Янги таҳрирдаги Конституциямиз ва муайян қонунларимиз қабул қилинишида андоза вазифасини бажарган.

Давлатимиз раҳбари жорий йил 7 февралда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорни сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида айни пайт тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Кўплаб чора-тадбирлар белгиланган мазкур ҳужжатда инсон ҳуқуқини тартибга соладиган қонунларни такомиллаштириш кўзда тутилган. Шу билан бирга таълим муассасалари ўқув дастурларига инсон ҳуқуқига оид мавзуларни киритиш, ўқув, илмий-оммабоп китоб ва рисолалар нашр қилиш, анжуманлар, давра суҳбатлари ташкил этиш, аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот олиб бориш зарурлиги белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида таълим олиш ҳуқуқини тартибга солишга жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, 26-моддада кўрсатилишича, ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга, ҳеч бўлмаганда бошланғич ва умумий таълим текин бўлиши лозим, бошланғич таълим мажбурий бўлиши керак.

Ушбу қоидалардан келиб чиқиб, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган, доимо давлатимиз диққат марказида турган таълим масаласига Асосий қонунимизда алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 50-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқлар тизимида таълим олиш ҳуқуқи муҳим ўрин эгаллади.

Демак, давлат узлуксиз таълим тизимининг ҳар хил тури ва шаклини, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини таъминлайди, мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароит яратади. Бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълимни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурий. Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратида. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжига эга болалар учун инклюзив таълим-тарбия таъминланади.

Олий маълумотга эга мутахассислар сони ортиши жамият ва давлат учун фойдали. Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий таълим тизимини такомиллаштириш йўлида улкан ишлар олиб борилмоқда. Республика бўйича олий таълим муассасалари 210 тага етказилди. Натижада олий таълим билан қамров 2016 йилдаги 8 фоиздан 40 фоизга кўтарилди.

Тан олиш керак, бугунги кунда ҳамма оилалар ҳам фарзандини контракт асосида университетда ўқитиш имконига эга эмас. Моддий омил туфайли ўқишга киролмаслик ҳар қандай иқтидорли йигит ёки қизнинг кўнглини чўктириши табиий. Шундай вазиятда давлат томонидан билимли ва иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш муҳим ўрин тутади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга киритилган ушбу қоида ҳар бир ёшга энг муҳим ҳуқуқ – давлат ҳисобидан олий маълумотли бўлиш ҳуқуқини тақдим этади. Бу янгилик давлатга қарашли институтларда ҳар йили тўғридан-тўғри давлат бюджети томонидан молиялаштириладиган ўринлар ажратилишини, ҳар қандай абитуриент тест натижаси асосида шундай ўринни эгаллаши мумкинлигини англатади.

Бир сўз билан айтганда, ёшларимизга берилаётган бундай имконият улар ҳаётда ўз ўрнини топишига, давлат, жамият учун фойдали инсон бўлиб етишишига хизмат қилади.

Мамлакатимизда 11 йиллик таълим барча учун мажбурий ва бепул эканлиги Конституция ва “Таълим тўғрисида”ги қонунда белгилаб қўйилгани диққатга сазовор. Бугунги кунда дунё бўйича саводхонлик даражаси 30 фоиз. Жаҳоннинг ривожланган 30  давлатида бу кўрсатгич 90 фоиз. Мамлакатимизда таълим олиш бепул ҳамда мажбурийлиги тамойили самараси ўлароқ, республикамизда саводхонлик кўрсатгичи дунёда муқобили йўқ 100 фоиз кўрсаткични ташкил этмоқда.

Таълим соҳасини ривожлантиришга ялпи ички маҳсулотимизнинг 10-12 фоизи йўналтирилмоқда. Бу Давлат бюджетининг 35 фоизи, дегани. Дунёнинг бошқа давлатларида айни рақам ўртача 3-5 дан ошмайди.

Таълим олиш ҳуқуқи тўғрисида гапирганда, яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Конституциянинг 4-моддасида белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикасининг давлат тили – ўзбек тили. Мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи ҳар қандай миллат, элатнинг тили, урф-одати, анъанаси ҳурмат қилиниши таъминланади, ривожланиши учун шароит яратилади.

Байналминал аҳамият касб этувчи ушбу устувор қоидадан келиб чиқиб, мамлакатимизда мактаб таълими 7 тилда – ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик тилларида олиб борилмоқда. Шу билан бирга ўқувчилар улкан интеллектуал бойликни эгаллашнинг энг муҳим шарти ҳисобланган хорижий тилларни чуқур ўрганишлари учун ҳам барча шарт-шароит яратиб берилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Таълим тўғрисида”ги қонуни нормалари Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган қоида ва талабларга тўла мос келади. Ушбу қоидаларга амал қилинишини таъминлаш ёшларимизни билимли, баркамол қилиб тарбиялашга, мамлакатимизда таълим тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Элдор Ҳомидов,

Жамоат хавфсизлиги

университети доценти

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech