Миллий стратегиямиз – БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун ва ҳамоҳанг

“Биз Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатимизни яна бир бор тасдиқладик. Мана шундай ҳуқуқий асосда “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегиясини қабул қилдик. Бу стратегия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, биз ўз зиммамизга олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқдамиз”.

Ушбу фикрларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида 2023 йил 19 сентябрь куни сўзлаган нутқидан иқтибос сифатида келтирдик. Шу кунларда давлатимиз раҳбари жорий йил 11 сентябрда тасдиқлаган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти жамоатчилигимиз орасида кенг тарғиб этилмоқда.

Бинобарин, жорий йилнинг ўтган даврида халқимиз иккита йирик ижтимоий-сиёсий воқеанинг нафақат гувоҳи, балки тўғридан-тўғри иштирокчиси ҳам бўлди. Бу муҳим демократик жараёнлардан бири 30 апрелдаги умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани бўлса, яна бири 9 июлда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўтказилганидир.

Ана шу муҳим воқеликлар, ўз навбатида, жамиятимизнинг сиёсий етуклигини, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор амалда тасдиқлади. Бинобарин, мамлакатимизнинг янгиланган конституциявий-ҳуқуқий заминида миллий тараққиётнинг асосий йўналишларини такомиллаштириш, шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш давр талабига айланди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси шу долзарб ва муҳим талабнинг ҳозиржавоб меваси, таъбир жоиз бўлса, истиқболимиз тақдирини ҳал этувчи муҳим ва янги давр босқичини ўзида ифодалаган миллий ғоямиздир. Чунки ушбу Стратегия халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси ва Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилган. Бири амалга оширилган ва иккинчиси изчил бажарилаётган мазкур стратегиялардан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг фарқи ва ўзига хос хусусиятлари нимада, деган савол туғилиши табиий.

Авваламбор, мамлакатимизда мустақилликнинг ўтган 32 йили мобайнида биринчи маротаба бундай узоқ муддатга, яъни 7 йилга мўлжалланган қамровдор миллий тараққиёт стратегияси тасдиқланди. Бу юксак марра:

бир томондан, давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги барқарорлик, тараққиёт ва бунёдкорликнинг ўзига хос инъикоси;

иккинчи томондан, изчил ва шиддатли демократик ислоҳотларимизга халқимиз ҳамда жаҳон ҳамжамияти билдираётган ишонч ҳамда рағбатнинг яққол ифодасидир.

Ушбу дастуриламал ҳужжатда қуйидаги асосий ғоялар акс этган:

  • барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўриш олиш;
  • аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш;
  • аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;
  • халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлат барпо этиш;
  • мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

Бошқача айтганда, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган мақсад-вазифалар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш учун ўзига хос “йўл харитаси” вазифасини ўтайди. Мазкур Стратегияни амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотларнинг энг устувор вазифасидир.  

Эътибор беринг: «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида жами 100 та мақсад, 369 та чора-тадбир, 190 та вазифа, 306 та мақсадли кўрсаткич бажарилиши ва бу борада 118 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. Ушбу дастуриламал ҳужжатнинг ижросидан юртимиздаги ҳар бир инсонга – қулай имконият, муайян енгилликлар, моддий ва маънавий манфаат етиб, ҳар қайси оила ва хонадон ободлик, тўкинлик, файз ва барака топади.

Стратегиядаги жами 100 та мақсад қуйидаги 5 та устувор йўналиш бўйича тақсимланган:

биринчи устувор йўналиш – ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш;

иккинчи устувор йўналиш – барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш;

учинчи устувор йўналиш – сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

тўртинчи устувор йўналиш – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш;

бешинчи устувор йўналиш – “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш.

Олий Мажлис палаталари бошқа барча давлат ҳокимияти идоралари қатори «Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасидаги вазифаларни амалга оширишга аллақачон киришди. Бу, биз – халқ ноиблари учун нафақат улкан масъулият, айни чоғда катта шараф ҳамдир.

Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан, Стратегияда белгиланган Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш мақсадига мухтасар тўхталмоқчиман. Бинобарин, ушбу мақсад ижроси ҳисобига:

биринчидан, қонун лойиҳаларини илмий экспертизадан ўтказиш ҳажмини 100 фоизга етказиш;

иккинчидан, парламент ва унинг органлари иш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш;

учинчидан, сайловчилар билан электрон мулоқот қилиш, депутат сўровини электрон тарзда юбориш ва назорат қилиш имкониятини таъминлаш каби асосий самарадорлик кўрсаткичларига эришиш кўзда тутилмоқда.

 Бунинг учун Олий Мажлис палаталари фаолиятига оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, парламент органлари томонидан қарорлар қабул қилиш ва эълон қилиш жараёнларини рақамлаштириш, қонун ҳужжатларидаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш тизимини мукаммаллаштириш, қонунлар ижросини таъминлашда парламент ва сиёсий партиялар иштирокини кенгайтириш, жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини ошириш – шу каби кўплаб муҳим вазифаларни бажаришимиз зарур.

Стратегияда, шунингдек, норма ижодкорлиги фаолиятининг ислоҳотлар билан уйғунлигини таъминлаш ва давлат ҳуқуқий сиёсатининг институционал асосларини ривожлантириш мақсади белгиланган бўлиб, унинг ижросида ҳам парламентнинг фаол иштироки тақозо этилади. Ушбу мақсад тўлиқ бажарилса:

- қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш юкини камида 30 фоиз қисқартириш;

- умумий тусдаги, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларнинг улушини камида 60 фоизга етказиш;

- норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойларда ижроси амалда таъминланиши бўйича тизимли мониторингни йўлга қўйишдан иборат бўлган сезиларли самарадорлик кўрсаткичларига эришилади.

Бу, ўз навбатида, қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада ривожлантириш, ҳуқуқ тизими рақобатбардошлигини ошириш, содда ва ихчам қонунчилик тизими ҳамда қулай ҳуқуқий шароитлар яратиш, шунингдек, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, норма ижодкорлиги жараёнини тўлиқ рақамлаштириш, қонунчилик таклифларини илгари суриш бўйича янги конституциявий институтни амалга ошириш механизмларини жорий этиш сингари вазифаларни изчил амалга оширишни талаб қилади.

Шу муносабат билан айни вақтда парламентда ишлар қизғин тус олган. Стратегияда белгиланган усутувор мақсад-вазифаларни белгиланган муддатларда ва тўлиқ таъминлашга қатъий бел боғлаганмиз.

Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида эътироф этганидек, “Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича эътиборга лойиқ натижаларга эришдик”. Табиийки, янги Стратегиямизда бу борада янги марраларни белгилаб олдик ва бунга айрим мисоллар келтираман.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида, хусусан, кейинги етти йилда аҳолининг ўртача умр давомийлигини 78 ёшга етказиш белгиланган. Бу, таъбир жоиз бўлса, инсоннинг яшаш ва соғлиғини сақлашига оид конституциявий ҳуқуқлари янада тўлиқ рўёбга чиқишига хизмат қилади.

Тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатларини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш кўзда тутилмоқда. Бу эзгу мақсад – инсоннинг соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланишга тааллуқли конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши билан чамбарчас боғлиқ.

Болаларни мактабгача таълим ва тайёрлов гуруҳлари билан тўлиқ қамраб олиш, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида “икки дипломли тизим”ни жорий этиш режалаштирилмоқда. Стратегияда инсоннинг таълим олишга доир конституциявий ҳуқуқини янада таъминлашга хизмат қиладиган бундай аниқ мақсад-вазифалар анчагина.

Яна бир мисол: “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида 2026 йилга қадар камабағалликни 2022 йилга нисбатан 2 баробарга, 2030 йилга қадар эса кескин камайтириш вазифаси кун тартибига қўйилди. Шунингдек, камбағалликка тушиш хавфи мавжуд 4,5 миллион аҳолининг даромадларини ошириш чоралари кўрилади.

Бундай инсонпарвар ёндашув янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 42-моддасидаги: “Ҳар  ким  муносиб  меҳнат  қилиш,  касб  ва  фаолият  турини  эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида  ишлаш,  меҳнати  учун  ҳеч  қандай  камситишларсиз  ҳамда меҳнатга  ҳақ  тўлашнинг  белгиланган  энг  кам  миқдоридан  кам  бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга”, деган нормасига тўла мос келади. Аввалги Конституция матнида мазкур норма мавжуд эмасди.

Бундан ташқари, Стратегия доирасида илм-фан ва инновациялар соҳаси, ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ёшларга оид давлат сиёсати ва спортни оммалаштириш, маънавий тараққиётни таъминлаш ва маданият соҳасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошириладиган барча ислоҳотларда инсон, инсоннинг қадри, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфатлари устувор аҳамият касб этади.

Яъни, ушбу дастурий ҳужжатнинг нафақат 5 та устувор йўналиши ва 100 та асосий мақсади билан қамраб олинган барча муҳим вазифа ҳамда амлий чора-тадбирлар, айни чоғда ҳужжат матнидаги ҳар бир жумланинг туб моҳиятига инсон қадри, инсон ҳуқуқлари, инсон манфаати тушунчалари теран сингдирилган.

Хулоса қилиб айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида эътироф этганидек, “Барчамизнинг фидокорона меҳнатимиз, ғайрату шижоатимиз билан Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Халқаро майдонда Ватанимизга нисбатан ҳурмат ва эътибор тобора ортиб бормоқда. Бинобарин, «Ўзбекистон — 2030» стратегияси жамиятимиз ва давлатимизнинг ана шу ютуқларини янада улуғвор натижалар билан мустаҳкамлаши ҳамда бойитиши муқаррар.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech