Римда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари анжуман ўтказди

21-22 сентябрь кунлари Италиянинг Рим шаҳрида “Омбудсманларнинг жаҳон миқёсидаги ўрни: ҳақиқат ва имконият чорраҳасида” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда асосий эътибор бутун дунё омбудсманлари учун ўз мамлакатлари фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ долзарб масалаларни муҳокама қилиш, бу борадаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.

Халқаро конференцияни Италиянинг Минтақавий ва мухтор ҳудудлари омбудсманлари фаолиятини мувофиқлаштириш миллий кенгаши президенти Марино Фарделли  кириш сўзи билан очди. Анжуман иши 4 та сессия доирасида давом этди.

Конференцияда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Тадбирнинг биринчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов онлайн тарзда иштирок этди.

А.Саидов, аввало, мазкур халқаро конференция мавзуси жорий йилда нишонланаётган иккита муҳим халқаро сана билан ҳамоҳанг эканини таъкидлади. Бинобарин, шу кунларда бутун дунёда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурининг 30 йиллиги доирасида турли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Қолаверса, бу йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1993 йили тасдиқланган Париж тамойиллари қабул қилинганига ҳам 30 йил тўлди.

Биринчи маротаба – 1713 йилда Швецияда Олий Омбудсман лавозими ташкил этилган. Шу маънода, бугун дунё бўйлаб тарқалган шведча “омбудсман” сўзи камида 310 йиллик тарихга эга. Ҳозирги кунда 150 дан ортиқ мамлакатда тахминан 1 мингта турли даражадаги омбудсманлар мавжуд. Эътиборли томони шундаки, энг йирик Омбудсман институти айнан Италияда жойлашган.

Глобаллашув шиддат билан давом этаётган бугунги мураккаб дунёда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар кучли ва инклюзив ҳамжамиятларнинг асоси ҳисобланади. Забардаст, мустақил ва самарали бундай институтлар демократия, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда ҳурмат қилишнинг мустаҳкам таянчидир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммолар изчиллик билан ҳал этилиб, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида шиддатли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида мамлакатимиз ҳукумати инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолатни янада яхшилаш, бу борада илғор янгиланишларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрмоқда.

Яқинда юртимизда конституциявий ислоҳотлар ўтказилди. Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш, инсон қадр-қимматини ҳимоя қилиш ғоялари ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараён учун тамал тоши бўлиб хизмат қилди.

Референдумда халқимиз овоз берган янги таҳрирдаги Конституциянинг инсон ҳуқуқларига тааллуқли нормалари 3 баробардан зиёд кўпайди. Миллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилиш ҳуқуқи биринчи марта Конституция билан кафолатланди.

Конституциявий шикоят институти мустаҳкамланди. Бу борада яна бир тарихий қадам қўйилди – инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга конституциявий мақом берилди.

Аксарият мамлакатлар Конституцияларида Омбудсман ёки инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиялар тўғрисидаги қоидалар борлигини биламиз. Аммо, бугунги кунда фақатгина 4 та давлатда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг конституциявий мақоми бўйича махсус нормалар мавжуд. Бу ўринда Мексика, Миср, Марокаш давлатлари сафига эндиликда Ўзбекистон ҳам қўшилгани ҳақида сўз бормоқда.

Мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимига Парламент омбудсмани, Болалар омбудсмани, Бизнес- омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ киради. Ушбу демократик институтларнинг фаолияти инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқ, Париж тамойиллари ва Омбудсман ҳақидаги Венеция тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган.

Бу борада янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 56-моддасида қуйидаги нормалар мустаҳкамлаб қўйилган: “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади”.

Ушбу нормаларнинг Конституциямизда мустаҳкамланиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлаб, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ривожланишига хизмат қилади. Бинобарин, мазкур миллий институтлар фуқаролик жамияти билан давлат ўртасидаги ижтимоий кўприк вазифасини бажаради.

Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган фаол кампания бошланганига анча бўлди. Бунда 2023 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги тадбирлар режасини тасдиқлагани алоҳида аҳамият касб этади.

Бунгача эса мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури қабул қилинган. Мазкур Дастурнинг ижроси самарадорлигини таъминлашда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар алоҳида фаоллик кўрсатмоқда.

А.Саидов ўз нутқи якунида шу йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конференция ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Халқаро анжуман қатнашчиларини ушбу форумга таклиф этди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Рим халқаро конференцияси Италияда илк маротаба ташкил этилди. Унда жаҳоннинг барча мамлакатларидан 250 дан ортиқ омбудсман ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари қатнашди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech