Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатларини кенгайтирди

«Конституция – халқчил давлат,

барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!»

 

Мамлакатимизда амалга оширилган конституциявий ислоҳот ва янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши янги тараққиёт босқичининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, ахлоқий ва ташкилий асосларини олий даражада мустаҳкамлади. Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон ҳуқуқий тизимининг асоси бўлиб, у мамлакатда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар учун пойдевор вазифасини бажармоқда.

Янги таҳрирдаги Конституцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласида умумхалқ муҳокамаси ва референдумнинг ўтказилиши ҳар бир фуқарога мамлакат сиёсий тузилмасини янада ривожлантиришга шахсий ҳиссасини, инсон, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг мутлақо янги тизимига овоз беришини таъминлаган демократия намунаси бўлди.

Конституциявий ислоҳотлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўсишни назарда тутади, лекин бу ўсишнинг адолатли, ошкора, ҳисобдор ва шаффоф бўлиши инсон ҳуқуқларининг таъминланиш даражасига боғлиқ. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонда давлат сиёсатининг марказида инсон қадри ва унинг манфаатларини таъминлаш устуворлиги туради.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари ва механизмлари энг юқори даражада – Асосий қонун даражасида кучайтирилди. Зеро, Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини фақат тан олишнигина эмас, балки уларга риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш асосларини ҳам кучайтириш мақсад қилиб қўйилган.

Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг 40 фоизидан ортиғи, янги киритилган 27 та норманинг 11 таси бевосита инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга тааллуқли эканлиги, нормаларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга тўла мувофиқлаштирилганлиги янги таҳрирдаги Конституциянинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини тўлақонли таъминлашдан иборат моҳиятини белгилайди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг Муқаддимаси “Биз, Ўзбекистоннинг ягона халқи – инсон ҳуқуқ ва эркинликларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб”, деб бошланиши ҳам Ўзбекистонда бундан буён жамият ва давлатнинг асосий мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлашдан иборат бўлишини рамзий жиҳатдан ифодалайди.

Конституциянинг 1-моддасида “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат”, деб мустаҳкамланиши ва 154-модда билан бу нормани қайта кўриб чиқиш мумкин эмас деган қоиданинг ўрнатилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари қатъий белгиланганидан далолат беради.

Конституция билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун зарур бўлган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий-ахлоқий, ҳуқуқий ва ташкилий кафолатларнинг кенг қамровли мажмуи мустаҳкамланган.

Биринчидан, Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг моддий-иқтисодий асосларини яратиш билан боғлиқ иқтисодий кафолатлар мустаҳкамланган. Бозор иқтисодиёти асослари, мулк шаклларининг турли-туманлиги, иқтисодий фаолият эркинлиги, мулк дахлсизлиги ва бошқа иқтисодий кафолатлар кучайтирилган.

Жумладан, Конституциянинг 65-моддасига мувофиқ, давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди. Бош қомусимизнинг 67-моддасига биноан, давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.

Иккинчидан, янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг сиёсий кафолатлари кучайтирилган. Асосий қонун нормаларида мамлакатда сиёсий барқарорлик, осойишталик, фуқаролик жамияти ва демократия ривожланиши, давлатни бошқаришда турли қатлам вакилларига тенг имкониятлар яратилиши, давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг турли қатламлари манфаатлари ҳисобга олиниши, шахс ва жамият манфаатлари уйғунлиги ва мутаносиблиги таъминланиши кафолатланган.

Жумладан, Конституциянинг 72-моддага мувофиқ, давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига  риоя  этилишини  таъминлайди,  уларга  жамият  ҳаётида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади. Асосий қонуннинг 81-моддасига биноан, давлат  оммавий  ахборот  воситалари  фаолиятининг  эркинлигини, уларнинг  ахборотни  излаш,  олиш, ундан  фойдаланиш  ва  уни  тарқатишга бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

Учинчидан, янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ижтимоий кафолатларини  кенгайтирди. Конституцияда инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратиш, жумладан моддий, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, сифатли таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ёшдаги шахслар ва бошқаларга муносиб шароитларни таъминлашга хизмат қиладиган ижтимоий давлат асослари мустаҳкамланган.

Жумладан, Конституциянинг 57-моддасига мувофиқ, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир. Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради. Конституциямизнинг 78-моддасига кўра, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.

Тўртинчидан, Конституцияда инсон қадри ҳамда ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг маънавий-ахлоқий кафолатлари белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мамлакатимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида умуминсоний қадриятлар билан бирга юртимизда минг йиллар давомида шаклланган миллий-ахлоқий қадриятларга ҳам таянилиши мустаҳкамланган.

Жумладан, Конституциянинг 21-моддасига мувофиқ, инсон ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги шарт. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлиги ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

Бешинчидан, Конституцияда мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий муҳитини яратишни назарда тутадиган ҳуқуқий кафолатлар мустаҳкамланган. Бу ҳуқуқий давлат асосларининг мустаҳкамланишини англатади.

Конституциянинг 15-моддага мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади.

Асосий қонунимизнинг 19-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади. Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

20-моддага мувофиқ, инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

54-моддага кўра, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

Олтинчидан, Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган ташкилий кафолатлар мустаҳкамланиб, унда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилишда давлат органлари, жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда инсон ҳуқуқлари миллий институтлари фаолиятини кучайтириш назарда тутилган. Конституцияда илк бор инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг миллий механизмлари билан бир қаторда халқаро механизмларидан фойдаланиш кафолатлари белгиланган. 

Жумладан, Конституциянинг 55-моддасига мувофиқ, ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли. Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли.

Ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.

56-моддага мувофиқ, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, жумладан Омбудсман, Болалар омбудсмани, Бизнес- омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади.

Шундай қилиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – олий юридик кучга эга бўлган асосий қонун бўлиб, инсон қадри ҳамда ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашнинг энг муҳим, устувор кафолатларини белгилади. Шунингдек, Конституция жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинадиган ҳужжат сифатида Янги Ўзбекистонни жаҳон халқларига инсон қадри ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, адолатли, илғор давлат сифатида танитади.

Албатта, янги таҳрирдаги Конституциянинг нормалари мамлакатимизда ислоҳотларни янада жадал суръатлар билан давом эттиришни, бу йўлда жамиятнинг барча илғор кучларини сафарбар этишнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Ўткирбек Очилов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech