Ўтмишга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар, инсоннинг табиий ҳуқуқи цивилизация жараёнида Конституция шаклига келганини кўрамиз. Қомус башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини, сўз ва эътиқод эркинлигини олий қадрият даражасига кўтарди.
Кўҳна замин одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олган. Асосий ҳужжатимиз умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби улуғ ғояларга хизмат қилади. Кўп асрлар давомида башарият минг-минглаб қоида ва низомлардан жамият учун асосийларини, ўта муҳимларини танлаб олди. Айни қоидалар Конституциямиз яратилишига пойдевор бўлди. Ушбу ҳужжатда баён этилган тушунчалар шу қадар аҳамиятлики, инсоннинг ҳар куни дуч келадиган муаммоларни ҳал этишга қаратилган фаолияти мамлакат асосий қонунига киритилган қоидалар ва моддаларга боғлиқ.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўз олдига адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва халқни фаровон ҳаёт сари олиб бориш каби буюк мақсадларни қўйди. Бош қомусимиз муқаддимасида инсон ҳуқуқига ва давлат суверенитети ғоясига содиқлик эълон қилиниб, ҳозирги ва келажак авлод олдидаги юксак масъулият англанган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилиб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат намоён этилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф қилинган қоидалари устунлиги тан олинган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш кўзланиб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаати, ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолатидир. Бош қомусимизнинг янги таҳрири 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди. 6 бўлим, 27 боб, 155 моддадан иборат мазкур ҳужжатда инсон ҳаёти, иш атжрибаси, соғлиги, умуман, жамиятнинг барча нуқталарининг қонуний асоси аниқ бандларда акс этган. Айтиш жоиз, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда давлатни жамиятга, халққа хизмат қилувчи институтга айлантириш, давлат фаолиятини қонунга таяниб қуришга қаттиқ киришилган, десак хато бўлмайди. Фуқаро – жамият – давлат ўртасидаги муносабатнинг оқилона, адолатли ҳуқуқий ечими Конституциядир.
Конституция Ватан ҳаётининг пойдевори, Қонунлар эса устунидир. Хулоса шуки, Конституцияга хилоф иш, Қонуннинг ҳар қандай бузилиши Ватанга қарши хуруждир. Конституцияни, Қонунни ҳимоя қилиш – Ватанни ҳимоя қилиш.
Конституциямизнинг бир неча моддасига ўзгариш киритилди. Жамият ривожининг ўзига хос мезонини белгилашда муҳим роль ўйнаган бу жараён ривожланиш, тараққиёт сари қўйилган дадил қадам ҳисобланади. Қолаверса, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятимизни, мудофаамиз қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳади дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асрашда асосий қонунимизнинг ўрни, аҳамияти беқиёс. Ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр, садоқат туйғусини уйғотиш, фарзандларимизни Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш эса биз, ота-оналар, устозларнинг асосий бурчимиздир.
Севара Ишмуратова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 07.12.2023
- Кўришлар: 2841
- Чоп этиш