Миср оммавий ахборот воситалари ўз ўқувчиларини Алишер Навоий ижоди билан таништирмоқда

ҚОҲИРА, 7 февраль. /«Дунё» АА/. Мисрнинг «Сада ал-Балад» ахборот агентлиги академик, юридик фанлар доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Акмал Саидовнинг улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллигига бағишланган «Мамлакат устуни, давлат таянчи» сарлавҳали мақоласини тарқатди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ушбу йирик таҳлилий мақола Алишер Навоий фаолияти ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов «Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти» номли китобида илгари сурилган далиллар шарҳига бағишланган.

Қайд этилганидек, бу йил 9 февраль куни улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги кенг нишонланади. Ушбу муборак сана билан боғлиқ маданият ва маърифат тадбирларининг барчаси мантиқан бир-бирини тўлдириб, эл-юртимиз маънавиятини юксалтиришда улкан аҳамият касб этиши тайин.

Муаллифга кўра, Алишер Навоий маърифатпарвар шахс сифатида ўзи яшаган даврда ҳам, кейинги даврларда ҳам тарихий манбаларда алоҳида қайд этилиб, шеърий асарларда кенг таъриф ва тавсиф қилинган. Беш асрдан зиёд муддат мобайнида буюк шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти ҳақида жуда кўп китоблар ёзилган.

«Ҳазрат Алишер Навоий асарлари мағзига сингдирилган ҳаётий фалсафа замирида одамийлик ва бағрикенглик, эзгулик ва адолатпарварлик ғоялари ўз мужассамини топган, — деб ёзган Акмал Саидов. — Янги Ўзбекистонни барпо этаётган ва учинчи Ренессанс пойдеворини тиклаётган замондошларимиз шундай эзгу фазилатларнинг соҳиблари бўлиши фарзу қарздир. Нега деганда, Ўзбекистон Президентининг «Маънавият бошқа соҳалардан олдинда юриши, янги кучга, янги ҳаракатга айланиши керак», деган чорлови айнан шуни тақозо этади».

Мақолада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов айни соҳанинг изчил фидойи тадқиқотчиси ва пешқадам муаллифларидан бири ҳисобланиши таъкидланган.

«Бу фикримизни олимнинг 2023 йилда нашрдан чиққан «Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти» номли китоби ҳам яққол тасдиқлаб турибди, — дея давом этади муаллиф. — Ушбу китобда, муаллифнинг ўзи ҳам эътироф этганидек, «Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли энг қадимий, илк манбаларда берилган маълумотлар асосида» ёритилган. Бу илмий-тарихий нуқтаи назардан жуда муҳим. Бундай янгича амалий қадамлар, аввало, маънавиятимиз юксалиши, кўҳна тарихимиз тикланиши учун керак».

Нашрда Ўзбекистон Президенти бугунги мураккаб ва таҳликали ҳаёт олдимизга қўяётган вазифалардан келиб чиқиб, маънавият ва маърифат соҳасида қатор долзарб масалаларни ҳал этишга эътиборни қаратиб келаётганига урғу берилган. Шу устувор вазифалардан бири — ўзбек тилининг давлат тили мақомини амалда кучайтиришдир.

«Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳам ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Миллий сертификатга эга бўлган «Ўзбек тили ва адабиёти» фани ўқитувчиларига янги ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланиши қайд этилди. Давлатимиз раҳбари, шунингдек, бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилишини қайд этди. Бошқа тилларга ихтисослаштирилган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилиши, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилиши таъкидланди», - деб қайд этган академик.

Шу маънода, «Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти» китобида буюк аждодимизнинг туркий адабий тил асосчиси эканига оид қизиқарли маълумотлар тақдим этилгани диққатга сазовор. Масалан, Алишер Навоийнинг туркий тил мавқеини кўтариш йўлидаги кураши ҳақида фикр юритганда, биринчи навбатда, «Муҳокамат ул-луғатайн» асарига тўхталиш айни муддаодир. Зеро, ушбу асар тимсолида унинг муаллифи тилимизнинг бой имкониятларини кўрсата олган ва араб ҳамда форс тилларидан ҳеч қайси жиҳатдан кам бўлмаган гўзал ва қудратли тил эканлигини исботлаб берган забардаст тилшунос олим сифатида ўзини ёрқин намоён этган.

Муаллифнинг ёзишича, академик Шуҳрат Сирожиддинов қаламига мансуб янги китобнинг «Амир Алишер ва сарой» деб номланган иккинчи қисми тўлалигича Навоий бобомизнинг 35 йилдан ортиқ сарой хизматида бўлган даври тафсилотларига бағишланганини худди шу омил билан изоҳлаш жоиз.

«Ушбу китоб муаллифнинг 2011 йилда нашр этилган «Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили» монографиясининг мантиқий давомидир. Чунки Навоий ҳазратларига бағишланган янги асарда олдинги китобда таҳлилга тортилмаган нодир тарихий асарлар ва тазкиралардаги маълумотлар атрофлича таҳлил этилгани эътибор ва эътирофга муносибдир», — деб ёзилган «Сада ал-Балад» тарқатган мақола интиҳосида.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech