ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ОРЗУСИ РЕАЛ ҲАҚИҚАТГА АЙЛАНМОҚДА Ўтган йил самаралари ва жорий йилдаги истиқболли дастурлар қамрови буни яққол тасдиқлайди

Якунига етган йил эл-юртимиз учун қут-баракали ва омадли келди. Энг муҳими, юртимизда тинчлик-осойишталик, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригида эътироф этилганидек, 2023 йилда тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекистон–2030” стратегиясини амалга оширишни бошладик. Биргаликдаги меҳнатимиз туфайли Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов билан ўтган йили мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида суҳбатлашдик.

– Ҳақиқатан ҳам, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда инсон ҳуқуқларига оид нормалар уч баравардан ортиққа оширилди, – деди А.Саидов. – Жумладан, Асосий қонунимизнинг 20-моддасига биноан: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат  органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”.

Эътиборли жиҳати шундаки, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланиб, фуқаролар Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Жаҳон мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми конституциявий даражада таъминланди.

  • Ўтган йилда устувор давлат дастурлари доирасида Миллий марказ томонидан қандай амалий ишлар қилинди?

– Бу ўринда, даставвал, мамлакатимизда қабул қилинаётган стратегия, концепция ва дастурларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, халқпарвар давлатчиликни қарор топтириш орқали инсон қадрини юксалтиришга қаратилди.

Биринчидан, Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон—2030” стратегияси БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир. Бу борада амалга оширилаётган сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация бўйича ислоҳотларда “Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилини таъминлашга қаратилган инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш масаласи асосий ўринни эгаллайди.

Иккинчидан, Янги Ўзбекистонда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси фаол амалга оширилмоқда. Ўтган йил март ойида аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи муҳим қонун қабул қилинди. Оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди.

Учинчидан, 2023–2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ва Ҳаракатлар дастури амалиётга татбиқ этилмоқда. Ушбу дастурий ҳужжатларда чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, тергов судьяси институтини жорий этиш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш принципини ҳаётга татбиқ этиш ва судьялар ҳамжамияти органларининг ролини ошириш чора-тадбирлари кўзда тутилган.

Тўртинчидан, Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон дастурида фаол иштирок этмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди.

Миллий таълим дастури тадбирларини ижро этиш доирасида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Aёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув ва махсус курслари жорий қилинмоқда. Имконияти чекланган шахслар, аёллар, болалар ва мигрантлар ҳуқуқлари бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича қўлланмалар ва рисолаларни доимий равишда чоп этиш йўлга қўйилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим электрон платформаси ишга туширилди.

Бешинчидан, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 майдаги Фармони асосида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини кенг нишонлаш бўйича халқаро кампанияда Ўзбекистон фаол иштирок этди. Миллий тадбирлар дастури доирасида фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси нормалари тўғрисидаги билимларини ошириш, ёшлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ишлари бу борада катта аҳамият касб этди.

  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси мониторинги қандай натижаларни кўрсатмоқда?

– Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган йили хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмнинг қонуний асосларини шакллантириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартларни давлат органларининг, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятига жорий этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Нельсон Мандела қоидалари қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётга татбиқ этилмоқда.

БМТнинг устав органлари ва шартнома қўмиталари тавсияларига кўра, “Омбудсман плюс” модели асосида миллий превентив механизм такомиллаштирилмоқда. Омбудсман, Болалар омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва Бизнес-омбудсманга жазони ижро этиш муассасаларини мониторинг қилиш ваколати ҳам берилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегиянинг бажарилиши Миллий марказ томонидан ҳар чоракда мониторинг қилиб борилади. Шу маънода, 2024 йил 5 январь ҳолатига кўра, Миллий стратегиянинг жами 78 та бандидан 67 таси бўйича ижро муддати якунланганини қайд этиш айни муддаодир.

Бошқача айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ҳозирги вақтга қадар 85 фоиз бажарилди. Хусусан, 2023 йилда Миллий стратегия доирасида 10 та қонун, Президентимизнинг 7 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 5 та қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, Миллий стратегияда белгиланган вазифаларни амалга оширишда айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, Миллий стратегия доирасидаги тадбирлар ижроси муддатларининг чўзиб юборилиши ҳамда ишлаб  чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бугунги кунга қадар қабул қилинмаганлиги ҳолатлари мавжуд.

Миллий марказ Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ижросини таъминлашни нафақат мониторинг қилмоқда, балки айни жараёнларда бевосита иштирок ҳам этмоқда. Масалан, 2023 йил давомида манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти ривожлантирилмоқда. Ўтган йили инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларга оид 14 та тўплам чоп этилди.

  • Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маърузаларини тайёрлаш йўналишида қандай ишлар амалга оширилди?

– Бугунги кунга қадар БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига Ўзбекистон Республикасининг 46 та миллий маърузаси тақдим этилган. Миллий маъруза лойиҳалари халқаро-ҳуқуқий амалиётга мувофиқ ҳамда миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатларда ва тартибда тайёрланади.

Шу маънода, 2023 йилда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятлари бажарилиши бўйича 3 та миллий маъруза манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда тайёрланиб, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига тақдим этилди.

Хусусан, инсон ҳуқуқлари бўйича маърузаларнинг таркибий қисми бўлган Ўзбекистон Республикасининг умумий асосий маърузаси тайёрланди. Умумий асосий маъруза 2023 йил 30 май куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва БМТ тегишли қўмиталарига тақдим этилди.

Умумий асосий маърузада Ўзбекистон ҳақида умумий маълумот, давлатнинг демографик, иқтисодий, ижтимоий ва маданий хусусиятлари, геосиёсий хусусиятлари, тарихий маълумотлар, аҳоли, иқтисодиёт, шунингдек, давлатнинг конституциявий, сиёсий ва ҳуқуқий тизими, қонун чиқарувчи орган, Президент, ижро этувчи ҳокимият, суд ҳокимияти тўғрисидаги маълумотлар ўз ифодасини топган.

Шунингдек, 2023 йил 28 июлда Миллий марказ томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг Биринчи миллий маърузаси тайёрланиб, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига тақдим этилди.

Бундан ташқари, Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи 2023 йил 7 август куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилди. Ўтган йил 8-10 ноябрь кунлари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 44-сессиясида Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи кўриб чиқилди.  

Ўтган йили БМТ Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенция бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Олтинчи миллий маърузаси ҳам тайёрланди. Маърузани тайёрлашда 35 та вазирлик ва идора ҳамда 10 дан ортиқ фуқаролик жамияти институти вакиллари фаол иштирок этганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Миллий маъруза 2024 йил 4 январида БМТнинг Қийноққа қарши қўмитасига тақдим этилди.

БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини амалга ошириш мақсадида манфаатдор давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг 2 та миллий ҳаракатлар режаси лойиҳалари ҳам ишлаб чиқилди. Бу борада, шунингдек, Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган 5 та миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мониторинг қилинди.

Миллий ҳаракатлар режаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва ҳуқуқий амалиётни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги статистика тизимини, инсон ҳуқуқларини таъминлаш механизмини ривожлантириш каби тадбирлар ўз ифодасини топган.

Халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тавсиялари ижроси юзасидан мониторинг натижалари ҳақида ҳам мухтасар  тўхталсангиз.

– Ўтган йилда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка ва ҳуқуқий амалиётга имплементация қилиш доирасида қабул қилинган қонунларнинг юртимиз ҳудудларидаги ижроси мониторинг қилинди. Бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тегишли давлат органларига тақдим этилди.

           Мисол учун, Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларининг бажарилиши устидан жамоатчилик мониторингини ўтказиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Самарқанд шаҳридаги халқаро аэропорт, темир йўл вокзали ҳамда автобус бекатларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳит нуқтаи назаридан яратилган қулайликлар ўрганилди.

Миллий марказда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалардан келиб тушадиган индивидуал мурожаатлар бўйича ишлаш тартиби ва бу борадаги жорий ҳолат қандай?

– Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро тузилмалардан келиб тушадиган индивидуал мурожаатлар Президентимизнинг тегишли Фармони билан тасдиқланган “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 4-бандига мувофиқ кўриб чиқилади ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг расмий жавоби тайёрланади.

Бинобарин, 2023 йилда Миллий марказ томонидан манфаатдор давлат органлари билан ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасидан келиб тушган жами 6 та индивидуал хабарнома кўриб чиқилди. Улардан тўрттаси юзасидан мурожаатларни қабул қилиш мумкин эмаслиги,  қолган иккита хабарномани мазмунан кўриб чиқиш ҳақида жавоблар тайёрланди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларига оид қандай рақамларни тақдим эта оласиз?

– Ўтган йили Миллий марказга жами 1 минг 430 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2022 йилдаги мурожаатларга қараганда 9,9 фоиз кўпдир. Мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган, шундан 129 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Мониторинг натижаларига кўра, ўтган йиллардаги каби 2023 йилда ҳам одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки  тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулк ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп тушган.

Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2023 йил давомида 400 дан ортиқ тавсия тақдим этилган. Уларнинг кўриб чиқилиши натижасида 25 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган, 62 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари тикланишида ва қонуний манфаатларининг амалга ошишида амалий кўмаклашилган, 129 та ҳолатда фуқаролар билан қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилган.

Шунингдек, 2023 йил давомида Миллий марказ қабулхонасида жами 500 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган. Бундан ташқари, телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 2 минг 800 нафардан зиёд фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

– Миллий марказ инсон ҳуқуқлари бўйича қонун ижодкорлиги фаолиятида қандай иштирок этмоқда?

– Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси бўйича амалга ошираётган ишларимиз кўлами ортиб бормоқда. Жумладан, 2022 йилда Миллий марказ томонидан жами 95 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлса, 2023 йилда ушбу кўрсаткич 87 тани ташкил этди.

Айниқса, 70 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат project.gov.uz портали орқали экспертизадан ўтказилганини алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқдир.

Миллий марказ ўтган йилда 41 та қонун, Ўзбекистон Президентининг 5 та фармони ва 7 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 14 та қарори ва 1 та фармойиши, 2 та идоралараро буйруқ лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказган. Бу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 36 тасини такомиллаштириш бўйича 100 дан ортиқ таклиф билдирилган.

Миллий марказ бир қатор қонун лойиҳаларининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро нормаларга мувофиқлиги юзасидан хулосалар берган. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар ҳам тайёрланган ҳамда тегишли тартибда тақдим этилган.

Янада муҳими, 2023 йилда Миллий марказ ташаббуси билан бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари тайёрланди. Хусусан, 3 та қонун лойиҳаси, Президентнинг 2 та фармони ва 1 та қарори лойиҳалари шулар жумласидандир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1841-моддасининг Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлигини кўриб чиқиш юзасидан мурожаат тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига тақдим этилди. Мазкур мурожаат Конституциявий суд томонидан ўрганилган.

Хулоса қилиб айтганда, дунёнинг турли мамлакатларида глобал инқироз ва доимий тангликлар оқибатида инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ аҳвол кескин ёмонлашган мураккаб даврда Ўзбекистон учун муҳим бўлган қатор соҳалар, хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилган шиддатли ислоҳотлар ўз самараларини бергани диққатга сазовор. Бу фикримизни 2023 йилда глобал иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, геосиёсий қарама-қаршилик ва ҳарбий можароларнинг салбий оқибатлари ва иқлим ўзгариши таҳдидларига қарамай, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирлар кўрилгани амалда тасдиқлаб турибди.

 

Ғулом Мирзо суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech