МУРОЖААТ ҚИЛИШ ҲУҚУҚИ – КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ

(Миллий марказга 2023 йилда келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили)

 

Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масала миллий қонунчилигимизда алоҳида мустаҳкамланган. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 40-моддасида шундай деб белгиланган:

“Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт”.

Фуқароларнинг мурожаат қилишга оид ушбу конституциявий ҳуқуқи “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун орқали амалга оширилади. Мазкур қонун давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, унда кўзда тутилган нормалар барча давлат органлари, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун бирдек амал қилади.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан берилган ваколатлар доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида ҳам давлат органи сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўлга қўйилган. Хусусан, 2023 йилда Миллий марказга жами 1430 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу кўрсаткич 2022 йилдагидан 9,9% кўпдир.

Миллий марказга келиб тушган мурожаатларнинг 1398 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган. Шундан 129 та мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Мурожаатларнинг 32 таси аноним мурожаат ҳисобланганлиги сабабли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун 3,6 ва 29-моддаларига биноан улар кўрмасдан қолдирилди.

Мурожаатларнинг 393 таси (28,1%) фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 1005 таси (71,9%) алоқа воситалари (асосан почта алоқа тармоғи орқали) олинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали – 39 та мурожаат,  Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали 133 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаат муаллифлари жинси бўйича таҳлил қилинганда, 679 нафар (48,5%) эркак ва 646 нафар (46,2%) аёл томонидан юборилган ҳамда 73 таси (5,2%) жамоавий келиб тушган мурожаатлар ташкил қилади. Мурожаатларнинг 1064 таси (76,1%) ариза, 330 таси (23,6%) шикоят ва 4 таси (0,4%) таклифлардир.

Бундан ташқари, 2023 йил давомида Миллий марказ қабулхонасида жами 500 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган бўлиб, шундан 393 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари билан иш юритилган. Шунингдек, 100 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.

Ҳудудлар кесимида таққосланганда, 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан мурожаатлар сони ортгани кузатилди. Аксинча, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар сони камайган. 

Энг кўп мурожаатлар ўтган йиллардагидек Тошкент шаҳри – 407 (28,4%);  Қашқадарё – 230 (16%); Тошкент вилояти – 170 (11,9%); Сурхондарё – 91 (6,3%) ва Самарқанд – 85 (6%) вилоятларидан келиб тушган.

Мурожаатларнинг 678 таси (48,5%) шахсий, 594 таси (42,5%) ижтимоий-иқтисодий, 87 таси (6,2%) сиёсий ҳуқуқларга ва 39 таси (2,8%) маданий ҳуқуқларга оид мурожаатларни ташкил қилади.

Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг:

  • 294 таси – фуқароларнинг одил судловга оид ҳуқуқларига тааллуқли;
  • 156 таси – суриштирув ва дастлабки тергов органларининг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан, шунингдек, қарорларидан норозилик;
  • 194 таси – маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қарорларидан билан боғлиқ;
  • 251 таси – бошқа давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотларининг қарорлари ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ;
  • 164 таси – муносиб турмуш кечиришга доир;
  • 70 таси – давлат органларига мурожаат қилиш билан боғлиқ;
  • 165 таси – шахсий мулк ҳуқуқларига доир;
  • 82 таси – суд қарорлари ижроси билан боғлиқ мурожаатлардир.

Мониторинг натижасида, ўтган йиллардаги каби, 2023 йилда келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки  тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп келиб тушганлиги маълум бўлди.

Мамлакатимизда одил судловни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик-процессуал, Жиноят-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва “Судлар тўғрисида”ги қонун талабларига биноан фақат судлар томонидан амалга оширилади, уларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади. Шунингдек, давлат тергов ва суриштирув органларининг фаолияти юқори турувчи орган ҳамда прокурорлар томонидан назорат қилиниши Жиноят-процессуал кодекс ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамлаб қўйилган.

Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2023 йил давомида юборилган 400 дан ортиқ тавсиянинг кўриб чиқилиши натижасида:

  • 25 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди;
  • 62 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари тикланишида ва қонуний манфаатларининг амалга ошишида амалий кўмаклашилди;
  • 129 та ҳолатда фуқароларга қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, 2023 йил давомида телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 2800 нафардан ортиқ фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Миллий марказга оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Фуқароларга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида Наманган вилояти Уйчи, Фарғона вилояти Ўзбекистон туманлари, Қашқадарё вилояти Муборак ва Қарши туманларида учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 2023 йил давомида киритилган 350 дан ортиқ тавсиянинг кўриб чиқилиши натижаси бўйича 29 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди, 69 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари рўёбга чиқарилишида ва қонуний манфаатларини амалга оширишда амалий кўмак берилди.

Эътиборли томони шундаки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.

Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган ва киритилган таклифлар асосида қаноатлантирилган мурожаатлар қуйидагиларда ўз ифодасини топди:

Тошкент шаҳрида яшовчи М.А.нинг ўғли М.А.га нисбатан юритилган жиноят иши бўйича оғир жазо қўлланилганидан норозилиги ҳақида Миллий марказга келиб тушган мурожаати бўйича Сирдарё вилоят судига тавсия киритилган. Ушбу судланувчи ҳимоячисининг берган апелляция шикоятига кўра ўзига нисбатан ортиқча қўйилган айблов бўйича оқланиб, Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жарима жазоси тайинланган ҳолда, суд залидан қамоқдан озод этилган.

Навоий вилоятида яшовчи фуқаро М.Т. Учқудуқ тумани ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича айбланувчи турмуш ўртоғи А.Т.га нисбатан асоссиз равишда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганлиги ҳамда у билан учрашишга рухсат берилмаётганлиги тўғрисида Миллий марказга мурожаат йўллаган. Бу ҳолат бўйича Навоий вилояти прокурори номига киритилган тавсияга биноан, тергов ҳаракатлари якунига кўра А.Т.га нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси уй қамоғига ўзгартирилган.

Андижон вилоятида яшовчи фуқаро Г.А.нинг ҳам худди шу мазмундаги мурожаати бўйича Тошкент шаҳар прокурорига Миллий марказнинг тавсия хати киритилган. Натижада мурожаат эгасининг  турмуш ўртоғи бўлмиш Э.А.га нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси ўзгартирилган.

Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро Ф.Б.нинг Миллий марказ Виртуал қабулхонасига онаси Г.Т.га нисбатан жиноят иши бўйича етказилган зарар қопланган бўлишига қарамасдан эҳтиёт чораси ўзгартирилмаётганидан норози бўлиб йўллаган мурожаати кўриб чиқилди. Пировардида Жиноят-процессуал кодекс талаблари асосида Жиззах вилоят судига киритилган тавсия хати қаноатлантирилган: Г.Т.га нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси суд ажрими асосида “муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, судланувчи тергов ҳибсхонасидан озод қилинган.

Қашқадарё вилоятида яшовчи фуқаро Д.Т. ўз фарзанди – ички ишлар идораси ходими О.Т.га нисбатан жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорлари бекор қилиниб, унинг оқланишида амалий ёрдам сўраган.

Фуқаро Д.Т.нинг ёзма мурожаати юзасидан Миллий марказ Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига киритган тавсия хати қаноатлантирилган. Маҳкум О.Т.га нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси талабларига биноан оқлов ҳукми чиқарилган.

Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Х. ҳам ўз фарзанди И.О.га оид жиноят иши биринчи босқич судида ҳар томонлама кўрилиб, қонуний қарор қабул қилинишида амалий ёрдам сўраган. Унинг ёзма мурожаатига биноан Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани судига тавсия хати киритилди ва судда Миллий марказ вакили иштирок этди.

Суд И.О.га нисбатан Жиноят кодексининг айбланган моддасида кўрсатилган энг кам жазодан ҳам енгилроқ жазо тайинлади. Бошқача айтганда, мурожаат муаллифининг талаблари қаноатлантирилиб, судланувчи И.О. суд залидан озод этилди.

Фуқаро М.Қ.нинг ўзига нисбатан безорилик хатти-ҳаракатларини содир этган 2 нафар шахсларга нисбатан чора кўрилмаётганидан норози бўлиб ёзган шикоятига асосан Тошкент шаҳар прокуратурасига тавсия хати киритилган эди. Шаҳар прокуратураси томонидан берилган жавоб хатида кўрсатилишича, фуқаро Д.Н.га нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор Юнусобод туман прокуратураси томонидан бекор қилиниб, Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро Ш.В.нинг мурожаати асосида Соғлиқни сақлаш вазирлигига киритилган тавсияга биноан мурожаат муаллифининг турмуш ўртоғи О.В.га 2-гуруҳ ногиронлиги тайинланиб, ҳуқуқлари рўёбга чиқарилган.

Фарғона вилоятида яшовчи фуқаро А.М.нинг мурожаати асосида Фарғона вилоят прокуратурасига киритилган таклиф асосида фойдаланилган газ таъминоти учун ҳисобланган нореал қарздорлик бартараф этилиши таъминланган ва янги замонавий газ ҳисоблагич ускунаси ўрнатиб берилган.

Сирдарё вилоятида яшовчи фуқаро С.А.нинг ижтимоий масалада ёзган мурожаати асосида вилоят ҳокимлигига тавсия хати киритилган эди. Мурожаат Халқ депутатлари Сирдарё туман кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, фуқаро С.А.га 1 млн сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилган.

Фарғона вилоятида яшовчи 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Ф.И.нинг хорижий давлат тиббий муассасасида даволаниш учун маблағ ажратилишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати асосида Фарғона вилоят ҳокимлигига тавсия хати киритилган эди. Вилоят ҳокимлиги томонидан 5700 АҚШ доллари ажратилиши таъминланган.

Шу билан бирга, Миллий марказ киритган тавсияларга биноан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳам тикланмоқда. Бу жараёнда мурожаат эгаларига моддий зарар ундириб берилиши таъминланган ҳолатлар анчагина. Хусусан:

  • фуқаро Х.А.га – қарздор У.Э.дан 9,8 млн сўм миқдоридаги алимент қарздорлиги алимент тўловлари жамғармасидан;
  • фуқаро Г.Э.га – қарздор У.Ж.дан 1,4 млн. сўм алимент пули;
  • фуқаро Ж.Ш.га – қарздор Д.Б.дан 21,9 млн. сўм моддий зарар миқдори;
  • фуқаро М.С.га – қарздор И.Х. ҳисобидан 22,5 млн сўм моддий зарар миқдори;
  • фуқаро Р.Х.га – ишлаган ташкилот ҳисобидан 3 ойлик иш ҳақи;
  • фуқаро Б.Х.га – ишлаган ташкилоти ҳисобидан тўланмасдан келган 8 млн. сўмга яқин иш ҳақи;
  • фуқаро Р.Х.га – ишлаган ташкилот ҳисобидан 3 ойлик иш ҳақи;
  • фуқаро М.С.нинг фойдасига қарздор И.Х.дан 22,5 млн. сўм ундириб берилган.

Яна бир мисол: Бухоро вилоятида яшовчи болаликдан 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Н.С.нинг мурожаати асосида Миллий марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига тавсия киритган. Шунга кўра, фуқаро Н.С. ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронлар рўйхатига киритилиб, унга “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан якка тартибдаги дастур асосида ижтимоий хизматлар кўрсатиладиган бўлди.

Миллий марказга мурожаат қилган фуқаро Ф.П. ҳам Бухоро вилоятида яшайди. У суднинг тегишли қарори билан оқланган бўлиб, жиноий жавобгарликка тортилгунига қадар ишлаб келган лавозимига ишга тикланиши тўғрисидаги суд қарори ижроси таъминланмаётганидан норози бўлиб шикоят ёзган.  Бу борада Бош прокурори номига прокурор назорати ўрнатиш учун тавсия хати киритилди. Натижада назорат-текширув ҳаракатлари давомида фуқаро Ф.П.нинг ҳуқуқлари тикланди ва у олдинги ишлаган лавозимига тенг иш билан таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, Миллий марказ жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакиллари мурожаатларини кўриб чиқишда ўз ваколати доирасида манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил ва самарали иш олиб бормоқда. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойил сўзсиз таъминланиши керак”.

 

 

Отабек НОРБОЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази  бўлим бошлиғи.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech