Кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олийжаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олган. У умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади. Узоқ асрлар давомида башарият минг-минглаб қоидалар ва низомлардан жамият учун асосийларини ва ўта муҳимларини танлаб олди. Айнан ана шу танлаб олинган қоидалар Конституциямиз яратилишига пойдевор бўлди. Конституцияда баён этилган тушунчалар шу қадар аҳамиятлики, ҳеч бир одам уларсиз яшай олмайди, негаки инсоннинг ҳар куни дуч келадиган муаммоларни ҳал этишга қаратилган фаолияти кўпинча мамлакат асосий қонунига киритилган қоидалар ва моддаларга боғлиқдир.
Ўзбекистон ўз олдига адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва халқни фаровон ҳаёт сари олиб бориш каби буюк мақсадларни қўйди. Бош қомусимиз муқаддимасида инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик тантанали равишда эълон қилиниб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият англанган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилиб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат намоён этилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф қилинган қоидалари устунлиги тан олинган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш кўзланиб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Шу мақсадларни кўзлаб қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бугунги кунда мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда. Бош қомусимизнинг янги таҳрири 2023 йилнинг 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган. У 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат бўлиб, уларда инсон ҳаёти, иш тажрибаси, соғлиги, умуман, жамиятнинг барча нуқталарининг қонуний асоси ҳақида аниқ бандлар қайд этиб қўйилган. Шуни айтиб ўтиш жоиз, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда давлатни жамиятга, халққа хизмат қилувчи институтга айлантириш, унинг фаолиятини қонунларга таяниб қуришга қаттиқ киришилган, десак хато бўлмайди. Фуқаро – жамият – давлат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ва адолатли ҳуқуқий ечими Конституциядир.
Конституциянинг дастлабки моддаларида мамлакатнинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги, давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият олдида масъул эканлиги, ўзбек тилининг Давлат тили эканлиги, давлат рамзлари ҳақида тўхталиб ўтилган. Бу эса шубҳасиз, аниқ манзил ва аниқ йўлни белгилаб бериши табиий. Улар давлатнинг асосини белгилар экан, қомусимизнинг дастлабки моддаларида ҳам тилга олинган.
Инсон ўз ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида Конституциянинг 2-бўлими орқали батафсил маълумотга эга бўлиши мумкин. Айнан 19-моддада “Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади.
Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт” дейилган. Яъни мамлакатда яшайдими, ҳар бир инсон қандай миллат ва динга мансуб бўлишидан қатъий назар қонун олдида тенг эканлиги, имтиёзлар эса доимий равишда қонунга мувофиқ белгиланиши қайд этилган. Шубҳасиз, бу ҳамма қонун олида бир хил эканлиги ва ҳар қандай вазиятда бир хил жавоб беришини англатади.
Ҳар бир шахс мамлакат Конституциясини тўла англаган ҳолда, қонунлар ва ҳуқуқий меъёрларда, аввало мамлакат Конституциясида шахс ва жамиятнинг ҳуқуқий онги қанчалик тўла акс эттирилганлигини билса Конституцион Қонунларимиз шунчалик ҳаётий ва самарали бўлади.
Дарҳақиқат, Конституция Ватан ҳаётининг пойдевори бўлса, Қонунлар унинг устунларидир. Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, Конституцияга хилоф ишлар, Қонунларнинг ҳар қандай бузилиши Ватанга қарши қилинган хуруждир. Конституцияни, Қонунларни ҳимоя қилиш эса, Ватанни ҳимоя қилишдир. Конституция ва Қонунларни ҳимоя қилиш учун эса, аввало уларни мукаммал билиш керак. Ўзи билмаган ва тушунмаган нарсани қандай ҳимоя қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам, ҳозирги кунда ватанпарварликнинг муҳим шартларидан бири унинг Конституцияси ва Қонунларини синчиклаб ўрганиш, тўла англаб етишлидир.
Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти жуда катта ҳисобланади. Ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш эса бизнинг асосий бурчимиздир.
Севара ИШМУРАТОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Умумий бўлим бошлиғи
"Huquq va Burch" журнали 2023 йил №12
- Қўшилди: 22.02.2024
- Кўришлар: 2828
- Чоп этиш