Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми давом этмоқда. Форумга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк видеомурожаат йўллади.
Ф.Тюрк иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши ҳар бир инсонга таъсир ўтказишини қайд этди.
Бу, нафақат сайёрамиз учун, балки инсон ҳуқуқлари учун ҳам инқироздир. Экологик офатлар соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат, сув ва санитария ҳуқуқларига, ҳатто яшаш ҳуқуқига ҳам бевосита таъсир қилади.
Маълумки, 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси бу соҳада муҳим резолюцияни қабул қилиб, одамлар ҳамма жойда тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқига эга эканлигини тан олди.
БМТга аъзо давлатларнинг қарийб 83 фоизи, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз ички қонунчилигида соғлом муҳит ҳуқуқини расман тан олгани жуда муҳим.
– Ўзбекистонга ўтган йилнинг март ойида ташриф буюрган эдим, – деди Ф.Тюрк. – Ўшанда одамларнинг мамлакатга тааллуқли инсон ҳуқуқлари, жумладан, атроф-муҳитга оид масалаларни ҳал этишга бўлган қатъияти мени ҳайратга солди. Ўзбекистон ҳам иқлим ўзгаришидан келиб чиқадиган инсон ҳуқуқлари инқирозини ҳал қилиш бўйича қатъий мажбуриятларни зиммасига олган. Масалан, мен яқинда Марказий Осиёда биринчи бўлиб айнан Ўзбекистон БМТнинг Сув ва саломатлик бўйича Европа протоколига қўшилганини олқишлайман.
Ўтган йили БМТ Бош Ассамблеясида, шунингдек, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида ҳам Ўзбекистон иқлим билан боғлиқ масалаларни, жумладан, миграция ва кўчиш муаммоларини ҳал этиш, шунингдек, атроф-муҳит муаммоларида ёшларнинг иштирокини кенгайтириш мажбуриятини зиммасига олди.
«Ўзбекистоннинг Универсал даврий шарҳ тавсияларини бажариш бўйича масъулиятли жараёнларда изчил иштирок этаётганини мамнуният билан қайд этаман. Бундай муҳим фаолият натижасида халқаро ҳамжамият томонидан мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича қатор тавсиялар берилди ва улар изчиллик билан бажарилмоқда.
Мухтасар айтганда, агар биз қатъият билан ҳаракат қилмасак ва айнан ҳозирданоқ истиқболли саъй-ҳаракатларга киришмасак, атроф-муҳит деградациясининг ҳалокатли оқибатлари сайёрамиздаги обод ҳаётни чақмоқ тезлигида барбод қилишда давом этади. Бу борада фақат тенглик, адолат ва қадр-қимматни эъзозлашга таянадиган инсон ҳуқуқлари тизимига асосланган ҳаракатларгина бизга жуда зарур бўлган ечимларни тақдим этиши мумкин», деди Ф.Тюрк.
Норгул Абдураимова,Алишер Исроилов (расмлар),
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 16.06.2024
- Кўришлар: 1822
- Чоп этиш