20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни
Бугун Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганига ҳам роппа-роса 35 йил тўлди. Ушбу Конвенция БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган ва 1990 йил сентябрида кучга кирган. Ҳозирги вақтда 196 та давлат мазкур Конвенция иштирокчилари ҳисобланади.
Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига 1992 йил 9 декабрда қўшилган. Яъни, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари соҳасидаги конвенциялар ичида айнан ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилган.
Бинобарин, аҳолисининг қарийб 40 фоизини болалар ва ёшлар ташкил этадиган юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлаш принципиал аҳамиятга эга. Шу маънода, 20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни арафасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу мавзунинг нозик жиҳатларига яна бир бор жамоатчилик эътиборини қаратгани бежиз эмас.
“Бугунги кунда имконияти чекланган болаларнинг аксарияти ижтимоий муҳитдан ажралган ҳолда таълим олмоқда. Уларнинг умумтаълим мактабларига қатнаши учун тўсиқсиз муҳит ва зарур шароит яратилади, махсус педагог ва психологлар жалб қилинади”. Бу фикрлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида айтилди.
Давлатимиз раҳбари жамиятимизда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари учраб турганидан ташвиш билдирар экан, маданиятимизга хос бўлмаган бундай иллатларга қарши муросасиз муносабатда бўлишимиз ва аёвсиз курашишимиз шартлигини таъкидлади. Бу масала шахсан Президент назоратида бўлади, деди Ўзбекистон раҳбари.
Яқинда боланинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр қимматига тажовуз қиладиган, жисмоний ва руҳий азоб етказиши мумкин бўлган барча ҳолатларда давлат томонидан тегишли ҳуқуқий ва ижтимоий чоралар кўрилиши қонун билан мустаҳкамлаб қўйилгани бежиз эмас. Шу муносабат билан прокуратура органлари зўравонликдан жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича таъсирчан чораларни янада кучайтириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бу ўринда 2024 йил 14 ноябрда қабул қилинган ва 2025 йил 15 майдан кучга кирадиган «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳақида сўз бормоқда. Ушбу қонунга кўра, боланинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ҳамда қонун билан ҳимояланадиган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз қиладиган, жисмоний ёки руҳий азоб етказаётган ёки етказиши мумкин бўлган ва унинг асосий эҳтиёжларига зид бўлган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик, шу жумладан, интернетдан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) болаларга нисбатан зўравонлик деб эътироф этилади.
Янги қонунда зўравонлик турлари аниқ белгилаб берилди. Хусусан:
Жисмоний зўравонлик — болаларга турли даражадаги тан жароҳатларини етказиш, уларни хавф остида қолдириш, ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли аҳволда бўлган болаларга ёрдам кўрсатмаслик.
Жинсий зўравонлик — болага нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатлар қилиш орқали унинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилиш, шу жумладан:
- номусга тегиш;
- жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;
- жинсий алоқа қилишга мажбурлаш;
- 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш;
- вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга бўлган ҳаракатларга ижрочи сифатида жалб қилиш;
- вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда қўшмачилик қилиш, фоҳишахоналар ташкил этиш ёхуд унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш;
- алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш ёхуд боланинг ожизлигидан фойдаланган ҳолда шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш;
- шаҳвоний шилқимлик, шунингдек, қонунда тақиқланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳар қандай бошқа жинсий ҳаракатлар.
Руҳий зўравонлик — болаларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, уларни таҳқирлаш, шунингдек, болаларнинг асосий эҳтиёжларини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланган зўравонлик шакли, шу жумладан зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлигидан хавотир уйғотадиган, ўзини ҳимоя қила олмаслигига олиб келадиган ёки руҳий саломатлигига зарар етказадиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик).
Ғамхўрлик кўрсатмаслик — зарур имкониятларга, билим ва кўникмаларга, шу жумладан, бунинг учун тегишли хизматлардан (давлат, тиббий, таълим, ижтимоий ва бошқа хизматлардан) фойдаланиш имкониятига эга бўлган ота-она (улар ўрнини босувчи ёки болага қараб турган шахслар) томонидан боланинг соғлиғи, жисмоний, ақлий ва ахлоқий ривожланишининг бузилишига олиб келиши.
Боланинг асосий эҳтиёжлари — боланинг тўлақонли ривожланиши, жисмоний ва руҳий саломатлиги учун озиқ-овқат, уй-жой ва бошқа зарур шароитлар билан таъминлаш, хавфсизлик, таълим олиш, ижтимоий алоқаларни ўрнатиш, ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш ва имкониятларни рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш.
Болаларни эксплуатация қилиш — боладан иқтисодий, жинсий ва бошқа мақсадларда фойдаланиш, шу жумладан, одам савдоси, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга ва тиланчилик қилишга жалб этиш, жинсий эксплуатация, шунингдек, никоҳга ёки эр-хотин бўлиб яшашга мажбурлаш, маълум бир диний таълим олишга ундаш, ҳар қандай шаклда меҳнатга мажбурлаш учун жисмоний ёки руҳий таъсир ўтказиш киради.
Таъқиб қилиш (буллинг) — бир гуруҳ болалар ёки битта бола томонидан бошқа болага ёки болаларга нисбатан ҳақоратли лақаблардан фойдаланиши, у билан ҳар қандай мулоқотни рад этиши, унинг мулкини тортиб олиши ва зарар етказиши, жисмоний, руҳий ёки ақлий хусусиятларини омма олдида муҳокама қилиши, шаъни ва қадр-қимматини камситиши ёки соғлиғи ва ҳаётига зарар етказиши, шу жумладан, интернет орқали амалга ошириладиган узоқ муддатли руҳий ва жисмоний тажовузкор таъсир ўтказишидир.
Қонун талабига кўра, ҳар қандай турдаги зўравонликдан жабр кўрган бола зўравонликдан жабрланувчи деб тан олинади. Зўравонлик қурбони қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимояланиш;
- ўзига нисбатан зўравонлик содир этилганлиги ёки таҳдид қилинганлиги тўғрисида давлат органларига, ташкилотларига ёхуд судга бевосита ёки қонуний вакили орқали ариза билан мурожаат қилиш;
- текин ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, руҳий, тиббий ва бошқа ёрдам олиш, шу жумладан, ишонч телефони орқали кўрсатиладиган ёрдам олиш;
- давлат органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан бевосита ёки ўзининг қонуний вакили орқали мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса бу ҳақда хабар бериш;
- зўравонлик оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш.
Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси ёки васийлари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор ёки суд томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, қонунда зўравонлик қурбонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг турли соҳаларига тааллуқли нормалар аниқ ва қатъий мустаҳкамлаб қўйилган. Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари, зўравонликдан жабр кўрган ва уни содир этиш хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, зўравонликдан жабр кўрган болаларга ёрдам кўрсатиш, соғлиқ ва жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахсларнинг ҳуқуқларини чеклаш, мактабларда буллинг ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари шулар қаторига киради.
Қонунга мувофиқ, давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўради. Шу жумладан, давлат бола ва унинг оиласини қўллаб-қувватлаши ҳамда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш, зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш, ушбу ҳолатларни тергов қилиш, айбдорларни жавобгарликка тортишнинг муқаррарлигини таъминлаш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш, уларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва ижтимоий мослаштиришни таъминлаш механизмларини яратиши кераклиги белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, янги қонуннинг асосий мақсади зўравонликнинг олдини олиш, ундан жабр кўрган болалар билан ишлаш ва оилаларда фаровонликни таъминлаш тизимини яратишдан иборат. Зеро, сўнгги йилларда Президентимиз изчиллик билан олиб бораётган болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсати, янги таҳрирдаги Конституция ва мамлакатимиз қўшилган халқаро конвенциялар талабларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон “Ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди”, деган тамойилга амал қилмоқда.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 20.11.2024
- Кўришлар: 695
- Чоп этиш