“Ўшанда 16 ёшда эдим. Тушунмасдим ҳеч нарсани... Амакимни ўғиллари бизникига меҳмонга келишди... Мен ўзимни ҳимоя қилишим кераклигини билмаганман ва ҳаётим шу кундан кейин жаҳаннамга айланди. Зўравон жазоланмади. Бир йилдан сўнг эса мени даҳшатга солиб юрган йигитга турмушга беришди. Бундан бошқа чора бизнинг менталитетга тўғри келмасди...Энди эса умуман ота уйимга қайтолмайман. Фарзандларим бор. Менинг овозим девордан ташқарига чиқса қизимни ҳеч ким келин қилмайди”
Ҳозирда ҳам ҳар деярли ҳар куни эрининг зўравонлиги остида кун кечираётган Гулнора шахсини очиқлашни истамайди. Лекин унга ёрдам берилиши керак. Бу ёрдам унинг тасаввурида ажрим эмас.
Дилдора 28 ёшда(Исми хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзгартирилди). Турмушга чиқиб ажрашган. Давлат идорасида ишлайди. Раҳбари ҳар куни унга турли топшириқлар бериш баҳонасида хонасига чақиради ва бир кун унга шилқимлик қилади. Дилдорага у ёқмайди ва эътироз билдиради. Раҳбар эса бу эътироз учун уни ишдан бўшатади. У ўз ҳуқуқини тиклаш учун судга берди ва судда ютиб чиқди уни ишга қайта тиклашди. Лекин у асосий жиноят –тажовуз қилганлик учун раҳбарига ҳеч қандай жазо тайинланмаганини айтади. Судья Дилдоранинг эътирозига нисбатан “ажрашган аёллар эркаклар билан кулиб гаплашмаслиги керак эди” деб тавсия берган. Дилдора бу ҳақоратдан сўнг ишни яна қайта кўриб чиқилишини сўраб судга бермоқчи эди. Лекин, оиласи талаби билан аризасини қайтариб олган. Иш ёпилди.
Мақолани тайёрлаш жараёнида Фейсбукдаги аёлларнинг ёпиқ гуруҳларида аёллар ва болаларга нисбатан содир бўладиган жинсий зўравонликлар борасидаги шу каби аноним постлар ва уларга билдирилган изоҳлар ўрганиб чиқилди. Уларда ўз фикрини билдирган кўп аёллар айнан жинсий зўравонликларга дуч келишганида, буни сир сақлашни афзал билишларини билдиришган. Чунки, ўзбек жамоатчилигида аёллар шаъни билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат жуда нозик масала эканлигини, ҳатто тақдирини ўзгартириб юбориши мумкинлигини улар яхши билади.
Расмий статистика қандай?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, жамиятда ҳар уч аёлдан бири зўравонликнинг муайян шаклига учрамоқда. ЖССТнинг маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ўлим келиб чиққан ҳолларнинг 38 фоизида унинг турмуш ўртоғи ёки у билан бирга рўзғор қуриб яшаётган шахснинг айби бўлади.
Ривожланган давлатларда бундай шахсларга тезкор психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилган.
Ўзбекистонда 2023 йил ва жорий йилнинг май ойига қадар содир этилган 894 та оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 55,6 фоизи, яъни 506 таси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган. Қолган 44,4 фоизи, яъни 388 таси бўйича суд томонидан тегишли жазолар тайинланган(https://senat.uz/oz/plenary-sessions/post-2700).
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаеванинг бизга маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида 21818 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган бўлиб, бу 2023 йилнинг олти ойига нисбатан 3 мингга кўпайган, ўтган йилнинг ярмида 18704 нафар хотин қизларга ҳимоя ордери берилган.
Маълумот учун: тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари оилада – 18915 та (+3089), кўчада – 2004 та (+15), жамоат жойида – 603 та(+15), иш жойида – 183 та (+31) ошган. Таълим муассасасида – 113 та (-36) камайган.
Тазйиқ ва зўравонлик турлари бўйича статистикада руҳий зўравонлик ҳолатлари сезиларли даражада ортгани, жисмоний ва жинсий зўравонлик камайганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шунингдек, қонунчиликдаги ўзгаришлар сабаб таъқиб этиш кўринишидаги зўравонлик статистикаси ҳам юритила бошланган:
Лекин, жинсий зўравонликнинг сонини камлиги бу жиноятнинг камайганини англатмайди, балки ҳануз бу мавзунинг табу эканлигига далолат бўла олади.
Айни мавзуда фикр билдирган Немолчи.уз муаллифларидан бўлган Нигора Адизованинг таъкидлашича, уларга келган аксарият мурожаатлар эгалари умуман ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат этишни исташмайди.
- Ўзбекистон қонунчилиги гўёки хотин-қизларни ҳимоя қилишга қаратилмагандай. Ички ишлар органларига мурожаат қилган аёлга ходимларнинг ўзи ишонмайди ва у зўравонлик қурбони бўлганини ҳар бир босқичда исботлаши керак. Чақирувга келган ИИО ходимлари зўравонлик қурбонини дарҳол экспертизага юбориш, унга тезкорлик билан ҳимоя ордери расмийлаштириш ҳақида ўйламайдилар, гўё у аризасини қайтиб олишини кутадигандай. Оилавий зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар бўлса, ИИО ходимларининг ўзи аёлни эри билан яраштиришга ҳаракат қилади. Калтаклардан азият чеккан аёл ходимдан шундай муносабатни кўрса, у кейинчалик ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашадими? Айниқса вилоятларда экспертизага юборишни кечиктириш, ҳимоя ордерини вақтида бермаслик, жабрланувчига ҳақ-ҳуқуқларини тушунтирмаслик ҳолатлари жуда кўп учрайди. Ва лойиҳамизга мурожаат қилган аксарият аёллар зўравоннинг устидан ариза ёзишдан қўрқади. Чунки уни зўравондан ҳимоя қилувчи тизимнинг ўзи йўқ. Зўравоннинг қўлидан ўлим топган жуда кўп аёллар ИИО тизимларига бир неча бор мурожаат қилгани маълум бўлган, дейди Нигора Адизова.
Бу ҳолатлар статистик рақамларни шубҳа остига олади. Биз мақола ёзиш давомида суҳбатлашган бошқа фаоллар ҳам аслида жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтишди.
Қонунчиликдаги ўзгаришлар давом этади
Ўзбекистон қонунчилигида такомиллашув масаласини алоҳида қайд этиш керак. Бир неча йиллар мобайнида уни янгилашга ҳаракатлар бўлаяпти. Лекин, халқаро мутахассислар ҳали қилинадиган ишлар кўплигини таъкидлашмоқда.
Сенатнинг 21 сентябрь куни ўтган 57-ялпи мажлисида “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун қизғин муҳокама қилинди.
Яқинда эса, аниқроғи 14 ноябрь куни узоқ кутилган «Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни Президент имзолади.
Қонунни ишлаб чиқиш билан 2023 йил октябрь ойидан бошлаб президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва ЮНИСЕФ шуғулланиб келаётганди.
Жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация қилиш ва таъқиб этиш (буллинг) болаларга нисбатан зўравонликнинг шакллари бўлиб, қонун билан тақиқланади ва таъқиб қилинади, дейилади ҳужжатда.
Қонунда Жинсий зўравонликка аниқ таъриф берилган бўлиб, болага нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатлар қилиш орқали унинг жинсий дахлсизлигига тажовуз қилиш, шу жумладан:
- номусга тегиш;
- жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш;
- жинсий алоқа қилишга мажбурлаш;
- 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш;
- вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга бўлган ҳаракатларга ижрочи сифатида жалб қилиш;
- вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда қўшмачилик қилиш, фоҳишахоналар ташкил этиш ёхуд унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш;
- алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш ёхуд боланинг ожизлигидан фойдаланган ҳолда шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш;
- шаҳвоний шилқимлик, шунингдек, қонунда тақиқланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳар қандай бошқа жинсий ҳаракатлар киритилди.
Зўравонликка нисбатан жазо чораларини кучайтиришга кетма -кет ҳаракатлар бўлаяпти.
Ўтган йили, аниқроғи 2023 йил 11 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганди. Мазкур ҳужжат асосида 11 та кодекс ва қонунга, жумладан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳам ўзгартиришлар киритилиб жавобгарлик кучайтирилган.
Қонунда оилавий ва маиший зўравонлик учун, таъқиб қилиш, шаҳвоний шилқимлик, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган. Айни чоғда, аёлларни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш, турмуш қуришга мажбурлаш ёки тўсқинлик қилиш учун ярашиш институтини қўлламаслик ҳам белгиланган.
Жиноят кодекси 1413-модда, яъни шахс шаънини ва қадр-қимматини камситувчи, инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи модда билан тўлдирилди. Унга кўра, товламачилик аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шахсий розилигисиз яланғоч ҳолдаги фото, видеотасвирни ўз ичига олган ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ёки бундай ахборотни тарқатиш билан қўрқитиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс шаҳвоний шилқимлик қилганлик учун жавобгарликни белгиловчи 411-модда билан тўлдирилди.
Бу нормалар ишлай бошлади ва буни рақамларда ҳам кўриш мумкин: биргина 2024 йил 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 411-моддаси билан шаҳвоний шилқимлик қилишда айбланган 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси билан оилавий ва маиший зўравонликда айбланган 4 минг 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Уларнинг 2 минг 344 нафарига жарима жазоси, 1 минг 999 нафарига маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.
Жиноят кодексининг 1261-1 ва 1413-моддалари асосида ҳам бир қатор айбдор шахслар судланди. Уларнинг айримларига озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган бўлса, муайян қисмига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди (http://nhrc.uz/uz/news/m13250).
Биз Ўзбекистонда айни шу йўналишда таҳлилларни амалга ошираётган Equality Now лойиҳасидан муносабат сўрадик.
“Биз Ўзбекистонда 2020 йилдан бери ишлаймиз. 2021 йилдан бошлаб Equality Now ва “НИҲОЛ” жамоат ташкилоти ҳамкорлигида ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси томонидан молиялаштириладиган «Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлашда фуқаролик жамияти ролини кучайтириш ва барқарор ҳамкорликни шакллантириш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Аксарият постсовет мамлакатлари сингари Ўзбекистонда ҳам кенг қамровли ҳуқуқий ва процессуал ислоҳотларга эҳтиёж бор. Лойиҳа орқали биз Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ташкилотларини инсон ҳуқуқлари ва гендер асосидаги зўравонлик соҳасида билим ва кўникмаларини ривожлантиришда қўллаб-қувватлаймиз. Бу зўравонлик қурбони бўлган аёллар ва қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини яхшилашга қаратилган. Биз жамоатчилик хабардорлигини ошириш, аёллар ва қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда аёллар ва қизларга нисбатан жинсий зўравонликнинг олдини олиш бўйича қонунлар ва амалиётларга ўзгартиришлар киритиш бўйича биргаликда ишлаш учун норасмий тармоқ яратишга муваффақ бўлдик.
Лойиҳамизнинг муҳим таркибий қисми халқаро адвокатлик – халқаро шартнома органларига мурожаатлар ва ҳисоботлар, ҳуқуқий ва процессуал ўзгаришлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади. Биз ҳуқуқ соҳасида ихтисослашган ташкилотмиз ва қонунлар муҳим деб ҳисоблаймиз – улар жамиятда стандартларни белгилайди. Гарчи гендер зўравонлигини йўқ қилиш учун фақат қонунларни қабул қилишнинг ўзи етарли эмаслиги аниқ, чунки стереотиплар ва анъаналар бир кунда ўзгармайди ва ҳатто энг илғор қонунларнинг амалга киритилишига сезиларли даражада тўсқинлик қилиши мумкин. Шу боис, оммавий кампаниялар жамиятнинг зўравонликка муносабатини ўзгартиришда муҳим аҳамиятга эга. Лойиҳамиз доирасида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида, ҳатто энг чекка ҳудудларида ҳам аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шу ўринда, шуни таъкидлаб ўтишим керакки, Ўзбекистон ҳукумати фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларни камситишлардан ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган йўл ғоят илҳомлантирувчи, чунки ҳар томонлама ўзгаришлар учун сиёсий ироданинг мавжудлиги жуда муҳим, –дейди Equality Now лойиҳаси Евроосиё мамлакатлари бўйича маслаҳатчиси Джанет Ахильгова.
Халқаро ташкилотлар тавсиясига кўра, қонунчилик мунтазам янгиланиб бораяпти. Equality Now ташкилоти ўтган йили Ўзбекистондаги бу йўналишда қилинаётган ишлар ҳақида ҳисоботида (https://equalitynow.org/news_and_insights/uzbekistans-strides-against-gender-based-violence-strengthened-protections-and-the-path-to-further-reforms/) ҳам буни алоҳида қайд этганди. Қонунчиликдаги жиддий ўзгаришлар ҳисоботда юқори баҳоланар экан, бир неча тавсиялар ҳам бериб ўтилган:
“Хотин-қизлар ҳимоясини кучайтириш учун ўзгаришларни давом эттириш зарур. Янги қонун муҳим қадам бўлса-да, ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Хусусан, жинсий зўравонликка оид жиноятлар таърифлари ҳали ҳам розиликнинг йўқлигига асосланмаган. Шунингдек, таъқибнинг қонунда аниқлаштирилгани ижобий қадам бўлса-да, у инсон ҳуқуқлари стандартларига мос келмайди ва жабрланувчининг хатти-ҳаракатларига эмас, балки ҳуқуқбузарнинг хатти-ҳаракатларига эътибор қаратилиши учун ўзгартирилиши керак”, дейилади ҳисоботда.
Ўзбекистондаги ўзгаришлар хусусида сўз борар экан, баёнотда зўравонлик ҳаракатларининг барча кўринишларида жиноий жавобгарликка тортилиш, болаларга нисбатан жинсий зўравонлик билан боғлиқ айрим жиноятлар учун қатъийроқ жазолар қўлланилгани ва ҳимоя ордерини бир йил давомида узайтириш имконияти яратилгани ва ордер бериш тизими яхшиланганини алоҳида қайд этилган.
Қонунчиликдаги ўзгаришларга оид тавсиялар:
– Аёлларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини жиноий жавобгарликка тортишни таъминлаш; ex officio суд таъқибини қўллаш (шу жумладан, учинчи томоннинг аризаси асосида иш қўзғаш имконияти, ва жабрланувчи аризаси мавжуд бўлмаган ҳолларда ҳам) ва ҳаракат оқибатига мос келадиган муносиб жазоларни назоратга олиш.
– Жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг таърифлари росмана ва ихтиёрий розиликнинг йўқлиги асосида белгиланишини таъминлаш, куч қўллаш ёки унинг таҳдиди эмас.
Зўрлаш учун жиноий жавобгарликка тортишда:
а) вояга етмаганларга (16 ёшгача) қарши катталар томонидан содир этилган ҳар қандай жинсий ҳаракатлар;
б) 18 ёшгача бўлган вояга етмаганларга нисбатан ишонч, ваколат, таъсир ёки қарамликдан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳар қандай жинсий ҳаракатлар.
Иккала ҳолатда ҳам куч қўллаш, таҳдид кабиларни исботлаш талаби бўлмаслиги ва ҳаракат зўрлаш деб, квалификация қилиниши керак, ҳар қандай тахмин қилинган розилик жуда ёш бўлганлиги сабабли аҳамиятсиз деб талқин қилинган бўлиши керак.
Давлат оилавий зўравонликка қарши қандай курашмоқда?
Жорий йил май ойида ўтган видеоселектор давомида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларга маҳалла даражасида кўрсатиладиган хизматлар йўқлиги ва туман даражасидаги амалий ёрдам сифати ҳам «юқори эмас»лиги танқид қилинди.
Йиғинда зўравонлик ҳолатларида ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг 3 босқичли янги тизимини жорий этиш таклиф қилинди.
Орадан бир ой ўтиб, 25 июнь куни Ҳукумат қарори [354-сон] билан «Тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларига ижтимоий хизмат кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланди.
Яқинда, аниқроғи 14 ноябрь куни қонунчиликда яна бир жиддий ўзгариш бўлди. Президент "Болаларни барча турдаги зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунниимзолади. Қонун 6 ойдан сўнг кучга киради.
Бу билан Болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатлари кўпайиши муносабати билан Қонун билан болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини олдини олиш ва ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилмоқда.
Зўравонликнинг барча шакллари, жумладан жисмоний, жинсий, руҳий, ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация ва қўрқитиш (буллинг) тақиқланган ва қонун билан таъқиб қилинади, – дейди Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги мутахассиси Дилноза Ҳусанова. – Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган шахсларни ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини реабилитация қилиш, уларга маслаҳат бериш ҳамда ёрдам кўрсатиш учун махсус марказларга жойлаштириш бўйича халқаро тажриба ва қонунчиликларни ўрганиш асосида Президентнинг 2024 йил 10 майдаги “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул (https://lex.uz/docs/6916638)қилинган.
Ҳозирги кунда учта вилоятда (Жиззах, Навоий ва Хоразм) аёлларга шошилинч биринчи ёрдам, шу жумладан руҳий, психотерапевтик ёрдам кўрсатилиб келинмоқда. Ўтқазилган таҳлиллар натижасида реабилитацияга муҳтож бўлган хотин қизларни Республика реабилитация маркази ҳамда унинг ҳудудий бўлимларига жойлаштириш “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан амалга оширилмоқда.
2024 йил июнь–август ойларида Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида 793 нафар шахслар, шундан 418 нафар хотин-қизлар ва 375 нафар уларнинг вояга етмаган фарзандлари шошилинч қабул бўлимларидаги бирламчи кўмак хоналарига жойлаштирилди.
Шунингдек, 2024 йилнинг ўтган 8 ойи давомида республика бўйича 2 108 нафар шахслар, шундан, 985 нафар хотин-қизлар ва 1 123 нафар уларнинг вояга етмаган фарзандлари реабилитация марказларига жойлаштирилган.
Жинсий зўравонлик учун жазолар енгил эмасми?
Буни бир воқеа асосида кўриб чиқамиз:
Шу йил июль ойида Навоий шаҳрида бир нечта ёш йигит ва ички ишлар бўлими терговчиси 16 ёшга тўлмаган қиз билан жинсий алоқада бўлгани ҳақидаги тарқалган хабар жамоатчиликни кенг муҳокамасига сабаб бўлди. Қайд этилишича, 2023 йилнинг декабрь ойида Навоий шаҳрида жойлашган музқаймоқ шохобчаси ертўласида бир нечта йигит 2008 йилда туғилган қиз билан навбати билан жинсий алоқа қилган. Айбланган йигитларнинг энг каттаси 23, энг кичиги эса 18 ёшда бўлган.
Ҳолат юзасидан 6 нафар йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2024 йил 7 июндаги ҳукми билан йигитларнинг учтаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми «а» бандида (Такроран, хавфли рецидивист томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), иккитаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.
Суд ҳукми билан судланувчиларнинг икки нафарига 3,5 йил, бир нафарига 4,5 йил ва бир нафарига 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Навоий шаҳар ИИБ терговчиси мазкур ишни тергов қилиш жараёнида, яъни 2024 йилнинг январь ойида Тошкентда малака ошириш ўқув курсида бўлиб турган вақтда, ушбу вояга етмаган қизни Тошкент шаҳрига чақириб, у билан жинсий алоқа қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилоят прокуратураси томонидан иш очилиб, терговчи ҳам қамоққа олинган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 128−1-моддаси (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёки мулкий ёхуд бошқача тарзда манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гувоҳ бўлганингиздек, белгиланган жазо 3 ярим 5 йил атрофида. Ваҳоланки, шу каби жиноятга айрим давлатларда 10 йилдан ортиқ муддатга жазо олиши мумкин эди. https://meduza.io/feature/2023/03/08/tolko-da-oznachaet-da-uzhe-v-15-stranah-evropy-rabotayut-novye-zakony-o-soglasii-na-seks.
Энг ачинарлиси, бу хабарга ёзилган шарҳларда вояга етмаган қизни ўзини айблаб билдирилган муносабатларнинг кўп бўлганидир. Зўравонликка қарши давлат даражасида эътибор қаратилаётган бўлса-да, жамиятда эркакларга “имтиёз”лар тамғаланаверади. Ва афсуски, қурбонларнинг ўзлари айбдор саналаверади.
Гендер масалалари бўйича шуғулланувчи жамоат фаоли Ақида Моҳированинг қайд этишича, жинсий зўравонликка жазо қачонки жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинса, бу жиноятга нисбатан ҳукм қатъийроқ бўлади.
- Тошкент вилоятида турмуш ўртоғи Россияга ишлагани кетган аёлни икки нафар фарзандлари кўз ўнгида 4 та маҳалладош эркаклар зўрлашгани ҳақидаги кейсни олиб чиққандим. Улар бу аёлни эри йўқлигидан фойдаланиб уйига бостириб киришади ва ўласи қилиб калтаклаб, бараварига зўрлаб, камига бу ишларни гувоҳи бўлган фарзандларига хам зуғум ўтказишади. Аёл ўзини ҳимоя қиламан деб, нарса билан уларни уриб қаршилик қилганда, ундан баттар калтаклаб, болта ва пичоқ тираб, яна ҳайвоний нафсини қондиришади. Бу ҳолат жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқилмагунча жиддий қаралмаган. Аёлни тинглашмаган ҳам. Жамоатчилик муҳокамасидан кейингина, қатъий жазо тайинлашга эришдик. Бизнинг талабимиз билан 62 та экспертиза тайинланди. Зўравонларнинг биттасига 9 ярим йил, қолган 3 нафарига 7 йилдан кўп жазо тайинланди. Агар биз унга курашмаганимизда ва экспертиза ўтказилмаганда, бу жазо тайинланмасди. Чунки биологик қолдиқ чиқмаган ва фақат уриш сифатида баҳоланган. Лекин бу каби фақат жамоатчилик эътиборидаги эмас, балки барча ҳолатларда жазоларни кучайтирилишига эришишиш керак. Биз ҳали бунга етиб келганимиз йўқ, – деди Ақида Моҳирова.
Ақидахонимнинг блогида бу воқеа ҳақидаги постда бир неча кишилар, асосан эркаклар томонидан “аёлнинг ўзи ҳам кўз сузган”, “у кўчада кўп юрмаслиги керак эди”, деб ёзилган шарҳлар ҳам бор. Бу жамиятда аёлларнинг жинсий зўрланишига уларнинг ўзлари айбдор деган тушунча борлигини бир ишорасидир. Ҳатто охири ўлим билан тугаган Сергелидаги 12 ёшли қизалоқнинг зўрланишиҳақидаги хабар изоҳларида ҳам жиноятчини эмас, қизнинг кийими, ёки ўзини тутиши муҳокамасига ўтилгани жамоатчиликдаги хотин қизларга нисбатан стереотип фикрларни ўзгартиришга катта эҳтиёж борлигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, қонунчилик такомиллашяпти, лойиҳалар қилиняпти. Лекин, ҳали ижро борасида қилинадиган ишлар кўп. Ҳануз жазолар енгил, жиноятчини жазолашда эски принциплар асосида қарорлар чиқарилади ёки менталитет сабабли умуман жазодан қутулиб қолади.
Маълумот учун: Республикада зўравонликка учраган аёлларга ёрдам кўрсатувчи 10 дан ортиқ ташкилотлар бор.
Жисмоний ҳамда юридик шахслар томонидан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати тўғрисида қуйидаги шаклларда мурожаат қилинади:
- «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимга;
- ички ишлар органлари навбатчилик қисмининг «102» телефон рақамларига ёки бевосита профилактика инспекторларига;
- «112» ягона диспетчерлик хизмати ҳамда 1146 қисқа рақамли «ишонч телефони»га.
- ИИВ Аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ишонч рақами – 1259;
- ИИВ ишонч телефони – 1102;
- ИИВ Хотин-қизлар билан ишлаш бошқармаси – +998 (71) 256-14-18.
Материални журналист Нозима Тошпўлатова тайёрлади
ЎзА
- Қўшилди: 22.11.2024
- Кўришлар: 193
- Чоп этиш