Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг
конституциявий мақоми
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларимиз бажарилишини таъминлаш, миллий қонунчиликни жаҳон стандартларига мослаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирга қадар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжат, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича қабул қилинган 10 та мажбурий халқаро шартномани ратификация қилиб, улар бўйича белгиланган мажбуриятларини бажариб келмоқда.
Бу борада 2024 йилги яна бир муҳим янгилик: Ўзбекистон ўз тарихида илк бор инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни кўриб чиқиш ва тавсиялар бериш учун масъул орган ҳисобланган БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига юртимиз вакили сайланди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар муҳим ҳисса қўшмоқда. Улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қонунчилик асосларини такомиллаштириш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Маълумки, инсон ҳуқуқлари устувор ҳисобланган ва қадрланган давлатларда уларни ҳимоя қилиш механизмлари доимо такомиллаштириб борилади. Бу борада жамиятимизда мавжуд миллий институтларнинг ўрни беқиёсдир.
Шу маънода, 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Асосий қонунимизнинг 56-моддасига кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратади.
Гап шундаки, ушбу нормалар мисолида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга конституциявий мақом берилди ва бу бежиз эмас. Чунки фуқаронинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки тегишли судлар орқали эмас, балки инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар кўмагида ҳам амалга оширилади.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизими таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Президент ҳузуридаги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази киради. Уларнинг фаолияти инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро андозалар ва илғор хорижий тажриба асосида ташкил этилган ҳамда доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 40-моддаси, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун талаблари ва Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 10 декабрдаги қарори билан берилган ваколатлар доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида, жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш йўлга қўйилган.
Таҳлилларга кўра, 2024 йилнинг 10 ойида Миллий марказга жами 1 минг 256 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 1 минг 222 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган.
Мурожаатларнинг 455 таси, яъни 37,2 фоизи фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида, 767 таси – 62,7 фоизи алоқа воситалари, асосан почта алоқа тармоғи орқали олинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали – 16 та, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси орқали – 2 та ва Миллий марказнинг Виртуал қабулхонасига 152 та мурожаат келиб тушган.
Ҳудудлар кесимида таққослаганда, энг кўп мурожаатлар – Тошкент шаҳри (29,4%); Қашқадарё вилояти (16,6%); Тошкент вилояти (16,4%) – шу ҳудудларда яшовчи фуқаролардан келиб тушганлигини кўриш мумкин. Аксинча, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Хоразм, Сирдарё, Жиззах ва Андижон вилоятлари аҳолисидан мурожаатлар сони камайган.
Мониторинг натижалари, ўтган йиллардаги каби, таҳлил даври доирасида келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир эканлигини кўрсатди.
Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига жорий йил 10 ойи давомида юборилган 380 дан ортиқ тавсиянинг кўриб чиқилиши натижасида:
- 26 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди;
- 46 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари тикланишида ва қонуний манфаатларининг амалга ошишида кўмаклашилди;
- 188 та ҳолатда фуқароларга қонунчилик ҳужжатлари талаблари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Натижада 1 нафар фуқаро оқланди, 1 нафари қамоқдан озод этилди ва жазоси енгиллаштирилди.
Шунингдек:
• Ноқонуний ишдан бўшатилган 4 нафар шахс ўз ишига тикланди;
• 2 нафар шахснинг 12 млн сўмдан ортиқ иш ҳақи ундирилиши таъминланди;
• 2 нафар шахснинг 15 млн сўмга яқин алимент қарздорлиги;
• 1 нафар пенсионернинг 1 млн 200 минг сўм пенсияси;
• 1 нафар шахсга 744 млн 500 минг сўм компенсация пуллари ундириб берилди.
• 1 нафар мансабдор шахс интизомий;
• 2 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди.
Судларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кузатиш мақсадида жами 12 та суд жараёнида Миллий марказ вакили иштирок этди.
Бундан ташқари, телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 2 минг 800 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Эътиборли томони шундаки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда.
Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.
Шу билан бирга, Миллий марказ киритган тавсияларга биноан фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари ҳам тикланмоқда. Бу жараёнда бир қанча ҳолатларда мурожаат эгаларига 800 млн сўмга яқин моддий зарар ундириб берилди.
Фуқароларга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида жойларда очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ва Сирдарё вилоятининг Ховос туманида шундай ҳуқуқий-маърифий учрашувлар ташкил этилди.
Хулоса қилиб айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Яъни, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт сифатидаги конституциявий мақомига қатъий амал қилмоқда.
Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Ҳар куни, ҳар соатда виждонимиз олдида ҳисобот бериб, ҳалол-пок бўлиб, эл-юрт манфаатини ўйлаб ишласак, мен аминман, халқимиз ҳам, Яратган ҳам биздан рози бўлади”.
Отабек Норбоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2024 йил 24 ноябрь кунги 239 (1300)-сони
- Қўшилди: 25.11.2024
- Кўришлар: 736
- Чоп этиш