ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯСИДА ХАЛҚАРО ҲУҚУҚНИНГ УМУМЭЪТИРОФ ЭТИЛГАН ПРИНЦИП ВА НОРМАЛАРИ
Ҳар бир давлат ҳуқуқий тизимининг асосини нормалари бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан устун бўлган ҳамда олий юридик кучга эга бўлган Конституция ташкил этади. Шунингдек, мамлакат Конституцияси нафақат фуқаролар ва давлат ўртасидаги, балки халқаро муносабатларнинг асосий йўналишларини тартибга солувчи ҳужжат ҳисобланади. Аксарият давлатлар ўз конституцияларида ташқи сиёсатнинг асослари ва устувор йўналишларини, давлат органларининг халқаро муносабатлар соҳасидаги ваколатларини, ўз қонунчилигининг халқаро ҳуқуқ нормалари билан ўзаро муносабатини белгилайдилар.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Муқаддима”сида “Конституция халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда” қабул қилингани эълон қилинган. Ўз-ўзидан савол туғилиши табиий. Нима сабабдан мамлакат Конституцияси халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиши керак? Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари нималардан иборат ҳамда Ўзбекистон Конституциясида улар ўз аксини топганми? Қуйида шу ва бошқа масалалар бўйича сўз юритамиз.
Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб халқаро муносабатларда тўла ҳуқуқли субъект сифатида иштирок эта бошлади. Ушбу даврда кўплаб давлатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатди, халқаро ташкилотларга аъзо бўлди, шу билан бирга кўплаб халқаро шартномаларга қўшилди. Буларнинг барчаси юзага келадиган муносабатларни тартибга солишда Ўзбекистонни халқаро ҳуқуқ нормалари билан боғлади. 1992 йилда қабул қилинган Конституциянинг “Муқаддима”сида ҳам Ўзбекистон “халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олиши” белгиланган эди.
Миллий ва халқаро миқёсда қонун устуворлигини таъминлаш халқаро ва миллий ҳуқуқий тизимларнинг уйғун ривожланишини тақозо этади. Уларнинг самарадорлиги ушбу икки ҳуқуқ тизимининг ўзаро таъсирига боғлиқ. Давлатлар ўртасидаги муносабатларда халқаро тартиб ва мувозанатни шакллантириш давлатлар томонидан ўз халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини бажариш билан бирга, уларни миллий даражада амалга оширишни талаб қилади. Ушбу вазифани халқаро ҳуқуқий нормаларни амалга оширишнинг миллий механизмларини яратмасдан самарали ҳал қилиб бўлмайди. Давлатларнинг халқаро ҳуқуққа нисбатан муносабати эса уларнинг Конституцияларида белгиланади.
Ўзбекистон Конституциясининг 15-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилади”.
Мазкур норма Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқ нормаларига нисбатан муносабатини белгилаб берди. Яъни, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг ажралмас қисми сифатида халқаро ҳуқуққа хайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш заруриятидан келиб чиқиб, унинг нормаларининг юқори мақомини ҳамда ҳуқуқий тартибга солишда муҳим ролини Конституция даражасида мустаҳкамлади.
Ушбу норма халқаро ҳуқуқ нормаларини амалга оширишнинг зарур конституциявий кафолатларини яратиш билан бир қаторда, миллий ҳуқуқий тизимнинг бир қисмига айланган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига устунлик ҳам берди. Бунда улар билан миллий ҳуқуқ нормалари ўртасида қарама-қаршилик юзага келса, халқаро ҳуқуқ нормалари қўлланилиши тушунилади.
Қайд этиш жоизки, шунга ўхшаш нормалар Конституция янги таҳрирда қабул қилинишидан олдин ҳам миллий қонунчилик нормаларида мавжуд эди. Яъни, аксарият қонунларда “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидалари қўлланилиши” тўғрисида норма бор. Бироқ юқоридаги норманинг Конституция даражасида белгиланиши халқаро ҳуқуқ нормаларининг аҳамиятини белгилаши билан бирга, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига ҳам худди шундай мақом берди.
Ўз мазмунига кўра халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари устуворлиги тўғрисидаги норма кўплаб давлатлар Конституцияларида мавжуд. Ушбу умумэътироф этилган принцип ва нормалар нима, улар қандай қоидаларни белгилайди ҳамда улар Ўзбекистон Конституциясидан қай даражада ўрин олган?
Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари тўғрисида халқаро ҳуқуқ назариясида ва кўплаб олимлар томонидан турли фикрлар билдирилган. Аммо уларнинг барчасидан шу англашиладики, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормалари деганда халқаро шартномаларда, халқаро ташкилотларнинг уставларида, халқаро судларнинг қарорларида, шунингдек халқаро одатлардаги халқаро ҳуқуқнинг асосий императив ҳамда фундаментал нормалари, барча давлатлар халқаро ҳамжамияти томонидан қабул қилинган ва тан олинган, улардан четга чиқиш мумкин бўлмаган нормалар тушунилади.
Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари энг юқори юридик кучга эга бўлиб, барча нормалар уларга мувофиқ бўлиши керак. Шунингдек, улар барча давлатлар ва халқлар, умуман олганда, халқаро ҳамжамиятнинг асосий манфаатларини акс эттиради.
Анъанавий равишда халқаро ҳуқуқда 1945 йил 26 июнда қабул қилинган БМТ Уставида, 1970 йилги Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияда ҳамда 1975 йилда қабул қилинган ЕХҲКнинг Хелсинки Якунловчи актида мустаҳкамланган халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган 10 та принципи ажратиб кўрсатилади.
Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларацияда қуйидаги асосий принциплар белгиланган:
1. Халқаро муносабатларда куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик;
2. Низоларни тинч йўл билан ҳал этиш;
3. Давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик;
4. Давлатлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳамкорлик;
5. Халқларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва ўз тақдирини ўзи белгилаши;
6. Давлатлараро муносабатларда суверен тенглик;
7. Давлатлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларни виждонан бажариш.
1975 йилдаги ЕХҲКнинг Хелсинки Якунловчи актида қуйидаги асосий принциплар белгиланган:
1. Чегараларнинг бузилмаслиги;
2. Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги;
3. Инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш.
Маълумки, Хелсинки Якунловчи акти расмий равишда халқаро шартнома ҳисобланмайди. Бироқ у қабул қилинганидан сўнг, нафақат Европанинг, балки дунёнинг аксарият мамлакатлари раҳбарлари 1975 йилги Хелсинки Якунловчи актининг юридик мажбурий қоидаларини тан олганлиги тўғрисида расмий баёнотлар беришган.
Қайд этиш жоизки, биринчи бор юқоридаги ҳужжатларда санаб ўтилган умумэътироф этилган принциплар аксарияти 1945 йилда қабул қилинган БМТ Уставининг 1-2-моддаларида ўз аксини топган. Кейинчалик БМТ Устави юқорида санаб ўтилган ҳужжатлардан ташқари бошқа ҳужжатларда ҳам ушбу принциплар белгиланиши учун асос вазифасини ўтаган.
Хусусан, 1969 йилда қабул қилинган Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциянинг 26-моддасида Pacta sunt servanda принципи, яъни “ҳар бир амалдаги шартнома унинг иштирокчилари учун мажбурийдир ва виждонан бажарилиши” кераклиги белгиланган. Бу эса БМТ Устави 2-моддаси 2-бандидаги “БМТнинг барча аъзолари ушбу Устав бўйича зиммаларига олган мажбуриятларини виждонан бажарадилар” деган қоидадан келиб чиққан.
Шу маънода, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларининг қуйидаги белгилари ва хусусиятларини кўрсатиш мумкин:
· ушбу принциплар барча ёки деярли барча давлатлар томонидан тан олинган;
· принциплар суперимператив ёки юқори юридик кучга эга бўлган jus cogens (императив нормалар) нормалари характерига эга;
· мазкур принциплар ҳам хусусий, ҳам оммавий муносабатларни тартибга солади;
· ушбу принципларни бузиш халқаро-ҳуқуқий характердаги санкцияларни қўллаш учун асос бўлиши мумкин.
Мазкур халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари Ўзбекистон Конституциясининг асосий принципларидан бири этиб белгиланган “Ташқи сиёсат” бобида ўзига хос тарзда санаб ўтилган. Хусусан, Конституциянинг 17-моддасида: “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади”, деб белгиланган.
Ушбу моддада Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг устувор бўлган халқаро ҳуқуқнинг 6 та принципи келтирилган. Шунингдек, мамлакатнинг ташқи сиёсати ушбу нормада назарда тутилмаган бошқа принцип ва нормаларга ҳам асосланиши белгиланмоқда. Эътиборлиси шундаки, Конституциянинг 1992 йил қабул қилинган таҳририда мазкур моддада “давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги” принципи назарда тутилмаган. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияда ушбу принцип қўшилган.
Бундан ташқари, Конституциянинг 18-моддасида: Ўзбекистоннинг давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошириши, давлатнинг, халқнинг олий манфаатларидан, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ҳамда улардан чиқиши мумкинлиги белгиланган. Ушбу норма ҳам ўз моҳияти нуқтаи назаридан, гарчанд 17-моддада санаб ўтилган принциплар қаторида бўлмаса ҳам, “давлатлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳамкорлик” принципини ифодалайди.
Бундан ташқари, “инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш” принципи 17-моддада келтирилмаган бўлса-да, Конституциянинг “Инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” номли иккинчи бўлимидаги 40 та модда ушбу масалага бағишланган. Бу моддалар мазмунидан шуни тушуниш мумкинки, Ўзбекистон нафақат ички сиёсатида, балки ташқи сиёсатида ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципига қатъий амал қилади.
Халқаро муносабатларда ёки ташқи сиёсатда ушбу принциплар мазмунан бир-бири билан ўзаро боғлиқдир. Уларнинг баъзиларини инкор этиш бошқаларини ҳам тўлақонли амалга оширишга имкон бермайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларини ўз ичига олган деярли барча универсал шартномаларни ратификация қилган. Улар Ўзбекистон учун амал қилади ва тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига амал қилишга бўлган хайрихоҳлигини намоён қилади.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бош юрисконсульти
- Қўшилди: 28.11.2024
- Кўришлар: 535
- Чоп этиш