Шу кунларда бутун дунёда, жумладан мамлакатимизда ҳам БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган муҳим халқаро ҳужжат – Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 35 йиллиги нишонланмоқда. Ўтган 35 йил давомида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашда катта аҳамият касб этиб келмоқда. Шунингдек, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи Ўзбекистон учун ҳамиша устувор мақсадлар сирасига киради. Чунки аҳолисининг 40 фоизига яқинини болалар ва ёшлар ташкил қилган мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳар жиҳатдан таъминлаш принципиал аҳамиятга эга. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, биринчи бўлиб 1992 йил 9 декабрда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро конвенцияларнинг ичида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши бунинг яққол намунасидир.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси 2008 йил 11 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир Болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протоколни, 2008 йил 12 декабрда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга доир Болаларнинг қуролли можароларда иштирокига тааллуқли Факультатив протоколни ратификация қилди.
Ҳозирги кунда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг мурожаат қилиш жараёнларига тааллуқли 3-Факультатив протоколига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласи экспертлар даражасида ўрганиб чиқилмоқда. Мамлакатимизнинг мазкур ҳужжатга қўшилиши бўйича тегишли тайёргарлик ишлари кўрилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “Ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” тамойилига амал қилмоқда. Бундай ёндашув, шубҳасиз, «Инсон қадри учун» ғояси ҳамда “Ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳот руҳига тўла мосдир.
Бинобарин, айни шу конституциявий ислоҳот доирасида янги таҳрирда қабул қилинган Асосий қонунимизга боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган илғор нормалар киритилди. Миллий қонунчилик бола ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга тўла-тўкис мувофиқлаштирилмоқда.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, кейинги йилларда мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, улар асосида болаларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Қабул қилинаётган қонунлар айнан “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий қилишга қаратилмоқда.
Бугунги кунда изчиллик билан амалга оширилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси 2020 йил 22 июнда тасдиқланган бўлиб, унинг қатор бандлари бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Миллий стратегияда, жумладан, болалар ҳимоясига бағишланган устувор йўналишлар ва болалар манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали жорий этиш ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Соҳага оид яна бир ҳужжат – 2020 йилда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳисобланади. Унда бола ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини сўраб давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақлилиги, ваколатли органлар боланинг манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал этишда унинг фикрини, ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши белгиланган.
Янада муҳими, 2021 йил 7 декабрда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, 13 ёшга тўлган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши бекор қилинди. Жиноий жавобгарликка тортиш 14 ёшдан бошланиши ва вояга етмаган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишда педагог билан бир қаторда психолог ҳам қатнашиши белгиланди.
Миллий қонунчиликка 2023 йил 12 апрелда киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланди. Қолаверса, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилди.
Ҳақиқатан ҳам, кейинги даврда Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Жорий йилнинг 14 ноябрида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани бунга яна бир яққол мисол бўла олади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг сайловдан кейинги илк мажлисида давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратган масалалардан бири – ёш авлод ҳимояси бўлди. Президентимиз жамиятда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари кузатилаётганидан ташвиш билдириб, миллий қадриятларимизга зид бундай иллатларга қарши муросасиз кураш олиб бориш зарурлигини қатъий таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти ушбу масалани шахсан ўз назоратига олди. Бу ҳам – мамлакатимизда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигининг ўзига хос ифодасидир.
Бу ҳақда фикр юритганда, хусусан, соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштириб бориш мақсадида мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар Омбудсмани) лавозими жорий қилиганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шунингдек, Болалар Омбудсмани ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши тузилди.
Ҳозирги кунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегияси ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этмоқда. Аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашиш каби кўпгина муҳим вазифаларни ҳам изчил амалга оширмоқда.
Мамлакатимиз ўзининг халқаро мажбуриятларига, жумладан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция доирасидаги мажбуриятларига ҳамиша содиқдир. Мазкур сиёсатни такомиллаштиришда БМТ конвенциявий органлари, ЮНИСЕФ ва халқаро экспертларнинг тавсияларига катта эътибор қаратилмоқда.
Конвенция қоидаларига кўра, Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар ҳам тақдим этиб бормоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси томонидан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 5 та даврий ҳисобот тақдим этилди.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди. Янада муҳими, бу борада давлатнинг мажбуриятлари кенгайтирилди.
Бунда Бош қомусимизга бола ҳуқуқларини таъминлашнинг кафолатларига қаратилган конституциявий нормалар фуқароларимизнинг таклифлари асосида, миллий ва халқаро тажриба, экспертларнинг фикрлари, шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида акс этган халқаро стандарт – “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳисобга олган ҳолда киритилгани эътиборга лойиқдир.
Рахшонахон Зиёвиддинова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ходими
- Қўшилди: 29.11.2024
- Кўришлар: 665
- Чоп этиш