Дунёдаги банк тизими ва глобаллашув даври муаммолари

4 декабрь — Халқаро банк куни

 

Ушбу сана ҳар йили дунёнинг барча мамлакатларида банк тизимининг иқтисодий аҳамиятини ёритишда муҳим омил бўлмоқда. Молия ва банк тизимлари жамиятнинг иқтисодий ривожланишида, тадбиркорлик муҳитининг шаклланишида, инвестицияларни жалб қилишда ва ижтимоий фаровонликни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

 Шу маънода, Халқаро банк кунининг мақсади бутун дунё банк тизимларидаги муаммоларни аниқ ва очиқ тушунтириб беришдан иборат. Шу билан бирга, бу сана банк тизимининг иқтисодий тараққиёт учун қандай афзалликлар тақдим этишини атрофлича тарғиб этишда ўзига хос аҳамият касб этади.

Мазкур халқаро санага 1929 йилда асос солинган бўлиб, бундан мақсад — банкларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини, молия хизматларининг аҳамиятини ва улардан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш ҳамда тушунтиришдир. Чунки банклар нафақат савдо операцияларини амалга ошириш, балки инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорликни рағбатлантириш ва ижтимоий барқарорликни сақлашдаги роли билан ҳам аҳамиятлидир.

Шунинг учун Халқаро банк куни банклар ва молия муассасалари орасидаги ҳамкорлик ва инновацияларнинг аҳамиятини янада кенг очиб беришга ёрдам беради. Зеро, банклар молия соҳасидаги муаммоларга ечим топиш, рақобатни кучайтириш ва ривожланишга ёрдам бериш учун янги усуллар ва технологияларни жорий қилишда алоҳида фаоллик кўрсатади.

Глобал банк тизими барқарор, шундай бўлса-да, бир қатор муаммоларга дуч келаётгани ҳам бор гап. Бу муаммоларнинг айримлари турли давлатлар ва уларнинг иқтисодий тизимларига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун молиявий инклюзия пастлиги оқибатида ҳар йили миллиардлаб одамлар молиявий хизматларга кириш имкониятидан маҳрум бўлмоқда. Бу муаммо, айниқса, ривожланаётган давлатларда кенг тарқалган.

Чунки аҳолининг кўп қисми банк ҳисоб рақамларидан фойдаланмайди ва ўз маблағларини омонатга қўйиш ёки кредит олиш имкониятига эга эмас. Шу боис айни шу молиявий муаммо иқтисодий ривожланишга ҳам катта тўсқинлик қилиши мумкин.

Дунёдаги кўплаб банклар ўртасидаги рақобат нотўғри ва заифдир. Аксарият банклар инновацияларни киритишда ортда қолаётгани уларнинг самарадорлигига таъсир кўрсатади. Бинобарин, технологиялар жадал ривожланаётган бугунги шароитда рақамли банк хизматлари ва финтех компаниялари анъанавий банк тизимларига муқобил, яъни рақобатчи бўлиб майдонга чиқмоқда.

Банклар тизимида хавфсизликка оид ва маъмурий муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, киберҳужумлар ва ахборот хавфсизлиги масалалари банклар учун энг жиддий муаммолардан ҳисобланади.

Нега деганда, молиявий хизматларнинг рақамлашуви билан хавфсизликка бўлган талаб ҳам ортади. Банклар молиявий операцияларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва махфийликни сақлашда катта масъулиятни ҳис қилаётганлиги бежиз эмас.

Айрим банклар катта харажатлар билан ишлайди, бу эса уларнинг хизматлари нархини оширади. Транзаксия харажатлари ва комиссиялар кўп ҳолларда иқтисодий ривожланишни тўсиб қўяди. Бу, айниқса, ривожланаётган давлатларга ёмон таъсир кўрсатади, чунки уларда банк хизматларидан фойдаланиш нархи баландроқ.

Ривожланаётган давлатларда банк тизимлари иккита асосий вазифани бажаради. Банк тизимлари, биринчидан, иқтисодий барқарорликни таъминласа, иккинчидан, молиявий инклюзияни рағбатлантириш билан шуғулланади. Бунда банклар иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва одамларнинг молиявий хизматларга киришини таъминлаш учун муҳим механизмга айланади.

Банклар ривожланаётган давлатларда инвестицияларни жалб қилиш ва янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиялаштиришда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу, ўз навбатида, иш ўринларининг яратилишини ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиради.

Ривожланаётган давлатларда банклар кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, аҳолини омонатлар ва кредитлар орқали банк тизимига жалб қилиш учун муҳим манба ҳисобланади. Шу билан бирга, молиявий инклюзиянинг ошиши одамларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга ёрдам беради.

 

Ҳамид Равшанов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг Ҳисoб-китоб бўлими бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech