Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари уйи” Марказий Осиё минтақасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича ягона ихтисослашган кутубхона ҳисобланади. У замонавий компьютерлар билан жиҳозланган, Интернет тармоғига уланган ва Wi-Fi зоналарига эга.
“Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид адабиётлар очиқ фонди мавжуд бўлиб, умумий фондни қарийб 11 мингта китоб ва журналлар ташкил этади. Бу ўринда БМТ, ЕХҲТ, Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамияти каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларига оид расмий ҳужжатлари ва нашрлари, турли дарсликлар, ўқув қўлланмалар, диссертациялар, авторефератлар, дунёнинг турли тилларида чоп этилган ҳуқуқий адабиётлар, ўзбек ва жаҳон бадиий адабиётлари, миллий даврий нашрлар ва хориж даврий нашрлар ҳақида сўз бормоқда.
3 декабрь куни бўлиб ўтадиган “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг расмий очилишига тайёргарлик доирасида китоб фондини бойитиш жараёнлари янада жадаллашди. Жумладан, “Инсон ҳуқуқлари уйи”га:
· Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси – 500 та;
· Хитой Халқ Республикасининг Элчихонаси – 168 та;
· “Тараққиёт стратегияси” маркази– 168 та;
· Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги – 153 та китоб тақдим этди.
Ҳозирда ҳам кўплаб ташкилотлар ва маърифатпарвар инсонлар томонидан “Инсон ҳуқуқлари уйи”га китоблар тақдим этилиши давом этмоқда.
Яна бир муҳим маърифатпарварлик қадами ҳақида мухтасар сўз: “Инсон ҳуқуқлари уйи” томонидан Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар марказларидаги Ахборот-ресурс марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаклари ташкил этилди. Уларнинг тегишли ҳуқуқий адабиётлар билан жиҳозланиши таъминланди.
Бу каби ҳуқуқий-маърифий ташаббуслар кўлами келгусида янада кенгаяди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.12.2024
- Кўришлар: 505
- Чоп этиш