Янги таҳрирдаги Конституция – ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг кафолати

Ҳар бир демократик жамиятнинг энг муҳим қадриятларидан бири – инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашдан иборат ҳисобланади. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, улар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида ҳимояланишига кафолат берилиши зарур.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳар бир фуқаронинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга йўналтирилган. Хусусан, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган умумхалқ референдуми натижасида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган нормаларнинг ярмидан кўпи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилди.

Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 19-моддасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли эканлиги таъкидланган. Бу қоида ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳам тўлиқ қўлланилади.

Шунингдек ушбу моддага биноан Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Конституциянинг 57-моддасига мувофиқ, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги Конституция даражасида белгиланди.

Кўриб турганимиздек, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституциясида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари кенг ва атрофлича ифодаланган. Конституция нормаларини ҳаётга татбиқ қилиш бўйича ҳам бир қанча ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2024 йил 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги хизматлар қамровини янада кенгайтириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишда ногиронлиги бўлган шахслар манфаатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Яъни, аввало ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш, ишга жойлаш ва спортга жалб қилиш бўйича миллий тизим шаклланиши, уларга ишлаш ва касб-ҳунарга ўқишда тўсиқсиз муҳит яратиш учун уларнинг “меҳнатга лаёқатини белгилаш” амалиётидан воз кечилади. Янада муҳими, эндиликда ногиронлик касалликка қараб эмас, балки шахснинг мустақил ҳаракати, мулоқот қобилияти ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига қараб белгиланади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 1 миллионга яқин ногиронлиги бўлган шахс, жумладан, 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган бола истиқомат қилмоқда. Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари доимий диққат-эътиборда бўлиб, уларни жамиятга интеграция қилиш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётда фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барча жабҳаларига ёшларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган ёшларни қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, 2024 йил 1 июндан бошлаб «Ёш тадбиркор» танлови ўтказиладиган бўлди.

Ушбу жараёнда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан танлов асосида «маҳалла — туман — вилоят — республика» босқичларида ёшларнинг истиқболли бизнес лойиҳа ва ғоялари сараланади. Бунда ногиронлиги бўлган ёш тадбиркорларнинг лойиҳа ва ғояларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 2021 йил 7 июнда Ўзбекистон томонидан ратификация қилингани ушбу соҳада самарали ислоҳотларни давом эттиришнинг ёрқин намунаси бўлди. Бинобарин, 2023 йил 28 июлда Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг дастлабки миллий маърузаси БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасига топширилди.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Дастлабки даврий маърузаси 2021 йилдан – ҳозирги кунгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни узлуксиз равишда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий этиб келганлигидан далолатдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги резолюциясига мувофиқ, ҳар йили 3 декабрь санаси бутун дунёда “Халқаро ногиронлар куни” сифатида нишонланиб келмоқда. Бунда халқаро ҳамжамият жамоат ташкилотлари ва давлат идоралари ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва уларнинг жамиятда тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор беради.

Бундан кўзланган асосий мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш ҳамда халқаро миқёсда ногиронлиги бўлган шахслар муаммоларини ёритиш ва уларга жамиятда муносиб ўрин яратишдан иборат.

Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини янада такомиллаштиришга оид ислоҳотларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзи ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмалари фаол иштирок этмоқда. Бунга мисолар кўп.

Биринчидан, Конвенцияни ратификация қилиш жараёнида нафақат давлат тузилмалари, ногиронлиги бўлган шахслар жамоат бирлашмалари ҳам фаоллик кўрсатди.

Иккинчидан, 2022 йилнинг 19 декабрь куни  Олий Мажлиси палаталари қўшма қарори билан тасдиқланган “2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси”ни тайёрлашда 20 га яқин ногиронлиги бўлган шахс жамоат бирлашмалари таклифларини берди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикасида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидалари бажарилишида жамоатчилик мониторинги орқали иштирок этмоқда.

Тўртинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрлаш жараёнида таклифлар бермоқда.

Шунингдек, 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига илк бор ногиронлиги бўлган шахс депутатликка сайланди. Бу воқеа, биринчидан, ижтимоий масалалар юзасидан аниқ таклифларни айнан мазкур тоифадаги шахслардан эшитиш қувонарли ҳолат бўлса, иккинчидан эса “Бизсиз биз ҳақимизда ҳеч нарса” халқаро тамойили олиб борилаётган ислоҳотларга босқичма-босқич жорий қилинишининг ёрқин далолатидир.

Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахслар Конституциямизда белгиланган нормалар асосида жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида энг юксак стандартларга жавоб беради ва уларнинг ижтимоий интеграциясини кафолатлайди.

 

Ҳусниддин Холмаматов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги

Таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бош мутахассиси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech