Янги таҳрирдаги Конституция ва маҳалла институти ривожи

Дунё мамлакатларининг биронтасида маҳалла институтига ўхшаш институт йўқ. Зеро, маҳалла – халқ ва давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприкдир.

Муҳими, мамлакатимизда мазкур тузилма халқ билан доимо бирга бўладиган, чинакам халқ манфаатини кўзлайдиган, аҳоли муаммоларини мустақил ҳал эта оладиган, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга қодир етакчи фуқаролик жамияти институтига айланди. Маҳалланинг жойларда халқнинг маслакдоши ва кўмакдошига, таъбир жоиз бўлса, “адолат тарозиси”га айланиши, ҳеч шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.

Охирги етти йилда ушбу тизимни такомиллаштиришга доир 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самараларини бермоқда. Бунинг тасдиғини сифатида маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.

         Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда маҳалла институтининг мақоми янада мустаҳкамланди.    Конституциянинг 127-моддасида кўрсатилишича, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларда, шунингдек шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар раисни сайлайди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли.

Давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратади, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашади.

Маҳалла шунчаки жамият бошқарувининг қуйи тизими бўлибгина қолмай, асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналарни безавол сақлаб келаётган эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани ҳамдир. Шу маънода, 2023 йил 21 декабрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев маҳалла тизимига оид иккита муҳим ҳужжатни қабул қилгани бежиз эмас.

Бу ўринда, хусусан, “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ҳақида сўз бормоқда. Ушбу ҳужжатларда маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

Шу асосда Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлариЎзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилди. Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида “Маҳалла еттилиги” фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими жорий этилди.

Кези келганда, давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида жорий йил 2-5 октябрь кунлари Самарқандда “Аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида Биринчи халқаро конференция ўтказилгани хусусида мухтасар сўз юритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Нега деганда, ушбу халқаро анжуманда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда маҳалланинг иштироки, “маҳалла еттилиги” фаолияти атрофлича таҳлил қилинди. Янада эътиборлиси, Самарқанд анжумани якунлари бўйича БМТнинг юртимиздаги ваколатхонаси ва бошқа ҳамкор халқаро ташкилотлар томонидан имзоланган якуний Декларация яқинда  БМТ Бош қароргоҳида 194 давлат вакиллари томонидан расмий ҳужжат сифатида қабул қилинди.

Бинобарин, БМТнинг олтита расмий тилида эълон қилинган мазкур ҳужжатда таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳалла институтининг жамиятдаги мавқеини юксалтиришга катта аҳамият берилмоқда. Маҳалла тизимининг ролини кучайтириш ва ваколатларини кенгайтириш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Декларацияда конференция хулосалари сифатида халқаро ташвиқотни кучайтириш ва жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистонда мавжуд ўзини ўзи бошқаришнинг ўзига хос “маҳалла” тизими билан таништириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам диққатга лойиқ.

Шундай қилиб, бугун юртимизда маҳалла инсонларнинг дарди, қувонч ва ташвишлари билан ҳамоҳанг яшаётган азиз масканга айланиб улгурди. Маҳалла еттилиги эса ўз навбатида аҳоли мурожаатларини ҳал этиш, турмуш даражасини яхшилашда барча имкониятларни ишга солмоқда.

Энг муҳими, айни тизим бўйича қабул қилинаётган ҳар бир фармон ёки қарорнинг туб моҳияти халқимизнинг яхши шароитларда яшаши, ҳар бир инсоннинг ривожланиши учун фойдали бўлишга қаратилгандир. Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, “Замон шиддат билан ўзгаряпти. Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур. Яна тажриба орттирамиз, яна ўзгартирамиз. Ҳаёт бизни шунга мажбур қиляпти. Ҳозирги таҳликаларга ечим топамиз, десак, бизнинг ягона йўлимиз — маҳалла, маҳалла, маҳалла ва яна бир марта маҳалла. Маҳалла тизими обрўйини қанча кўтарсак, одамлар ишонади, одамлар биздан рози бўлади”.

 

Отабек Норбоев,

Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech