Тошкентда Чингиз Айтматов хотирланди

Пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида “Чингиз Айтматов: адабий мерос, фалсафий ва сиёсий қарашларда замонлар ва маданиятлар уйғунлиги” мавзусида ижодий учрашув ўтказилди.

Қирғиз Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳамда буюк адиб номидаги Халқаро Иссиқкўл форуми вакиллари меҳмон сифатида иштирок этди. Шунингдек, қатор давлатлар элчилари ва дипломатлари, расмий шахслари, жамоатчилик, икки давлат илмий-тадқиқот муассасалари, миллий маданият марказлари вакиллари, талабалар ҳам қатнашди.

Дастлаб Ўзбек Миллий академик драма театри труппаси томонидан Айтматов асари асосида саҳналаштирилган “Момо ер” спектаклидан парча намойиш қилинди. Иштирокчилар бадиий талқиндаги Толғонайлар оиласи ҳаёти орқали минтақамиз халқлари тарихи, кишиларнинг тақдири, фаровон келажакка умиди акс этган муҳитга ғойибона саёҳат қилдилар.

МОХИ директори Жавлон Ваҳобов Ўзбекистонда Чингиз Айтматов ва унинг ижодига доимо алоҳида ҳурмат билан қаралиши, адибнинг ғоявий-фалсафий мероси қадрланишини таъкидлади.

2023 йил сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувида Президент Шавкат Мирзиёев буюк ёзувчи, мутафаккир ва дипломат Ч. Айтматовнинг жаҳон адабиёти ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари давлатчилиги шаклланишига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади. Ўшанда давлатимиз раҳбари буюк мутафаккир, олим ва файласуфлар шарафига иқтидорли ёшлар учун минтақавий илмий-таълим грантлари ва стипендиялар таъсис этиш таклифини илгари суриб, шу қаторга бетакрор қирғиз ёзувчиси номини ҳам киритган эди:

– Чингиз Айтматовнинг дўстона муносабатларимиздаги ҳиссаси беқиёс ва биз буни давом эттиришимиз керак. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё маданиятига таъсирини худди Византиянинг Русга таъсири билан таққослаш мумкин, деган сўзларни фақатгина дўст ёзиши мумкин.

Узоқни кўра биладиган Ч.Айтматовнинг сиёсий қараши ва ғоялари Марказий Осиё тараққиётидаги замонавий тенденциялар билан ҳайратланарли даражада уйғунлашиб кетган эди.

1995 йил Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё халқлари маданиятлари ассамблеяси” биринчи қурултойида минтақа мамлакатлари маданият арбоблари жамоаси раҳбари Чингиз Тўрақулович “минтақадаги ижод, илм-фан билан шуғулланувчи маданий миссиянинг бевосита ташувчилари”ни Марказий Осиё давлатлари умумий “ташвиш ва хавотирлари”ни очиқ, биргаликда муҳокама қилишга чақирган.

Таъкидланганидек, адибнинг оммавий чиқишларидан бугунги кун учун ҳам долзарб фикрлар, аниқлиги билан кишини ҳайратга соладиган башоратларни англаш мумкин.

Анжуман доирасида иштирокчилар Чингиз Айтматовнинг адабий мероси, сиёсий ғоялари, ижтимоий жараёнларга таъсири, давлатчилик ривожи ва минтақа мамлакатлари халқлари дўстлигини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслари хусусида ҳам сўз юритишди.

Шунингдек, икки давлат ўртасидаги умумий тарих ва анъаналар уйғунлигига асосланган маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги маъқулланди, ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболи таҳлил қилинди.

Чингиз Айтматов меросининг маданий мулоқотни жадаллаштиришдаги аҳамияти таъкидланди. Буюк адиб ва дипломатнинг ижоди, ижтимоий-сиёсий мулоҳазалари ҳамон долзарблиги, қардош халқларни жипслаштириш, Янги Марказий Осиёни биргаликда барпо этиш мақсадига хизмат қилаётгани эътироф этилди.

Ғайрат Хонназаров, Носиржон Ҳайдаров (сурат),ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech