Маҳалла тизими – Ўзбекистоннинг бой маданий-тарихий меросига асосланган, маҳаллий ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб шаклидир. У нафақат ижтимоий бошқарувда самарали механизм сифатида намоён бўлади, балки фуқаролик жамиятини шакллантириш, жамоавий ҳамжиҳатлик ва масъулиятни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Бугунги кунда маҳалла тизими халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда ва унинг барқарор ривожланишни таъминлашдаги ўрни эътироф этилмоқда.
Ушбу тизимнинг халқаро аҳамияти унинг нафақат миллий даражадаги, балки глобал ташаббуслардаги самарадорлигини намоён этмоқда. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Маҳаллада тинчлик ҳукм сурса, юртимизда ҳам тинчлик бўлади, маҳалла обод этилса, бутун мамлакатимиз ободонлашади”.
Маҳалла шунчаки ижтимоий институт эмас, асрлар давомида миллий қадриятлар, анъаналар ва ижтимоий тотувликнинг бешиги бўлиб келган ўзига хос ўз-ўзини ташкил этиш шаклидир. Маҳалла доирасида ўзаро ёрдам, меҳр-шафқат, ижтимоий масъулият ва яхши қўшничилик каби фундаментал тамойиллар ривожланди.
Бу тамойиллар нафақат маҳаллий даражада, балки халқаро майдонда ҳам катта аҳамиятга эга, чунки маҳалла тизими ижтимоий барқарорликни таъминлаш борасида кўплаб мамлакатлар учун илҳом манбаига айланиб бормоқда. Хусусан, БМТнинг ижтимоий тараққиёт ва барқарор ривожланиш дастурларида маҳаллий ҳамжамиятларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Ўзбекистоннинг маҳалла модели ушбу йўналишда ноёб тажриба сифатида баҳоланмоқда.
Маҳалла, ижтимоий ҳаётдаги ўз муҳим ўрнини сақлаб қолган ҳолда, бугунги кунда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни бажаришни давом эттирмоқда ва ижтимоий ўзаро алоқа ҳамда қўллаб-қувватлашнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Бу тузилма нафақат ижтимоий ҳимоя соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишга ёрдам беради, балки аҳолининг фаровонлиги ва барқарор ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Маҳалланинг кўп қирралилиги унинг ижтимоий ҳаётнинг турли жиҳатларини бирлаштира олиш қобилиятида намоён бўлишини таъкидлаш лозим. Хусусан, маҳалла доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли фаолият, жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига ҳамоҳангдир.
Ёшларни миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар нафақат Ўзбекистоннинг ички сиёсатида, балки глобал миқёсда ҳам тан олинмоқда. Маҳалла тизими тажрибаси, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги роли халқаро ҳамжамият томонидан барқарор ривожланишни таъминлашдаги муваффақиятли намуна сифатида баҳоланмоқда.
Маҳалла тизимининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти халқаро даражада камбағалликни камайтириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган глобал стратегияларга уйғундир. Ёшлар тарбияси ва ижтимоий ҳимоя йўналишидаги ишларнинг самараси халқаро ташкилотлар томонидан таҳлил қилинмоқда ва улар маҳалланинг бу соҳалардаги ютуқларини бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида тавсия этмоқда.
Маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш ва “маҳаллабай” дастурида иштирок этаётган масъул шахсларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг қонунда белгиланган ваколатларини рўёбга чиқаришига кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Жамиятда маҳалла институтининг ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда бирламчи бўғин сифатида фаолият кўрсатишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси тузилди. Маҳалланинг ушбу ўзига хос тизими халқнинг аниқ эҳтиёжларига жавоб бериб, Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бир қаторда, “Маҳалла бешлиги” тизими ўзини самарали бошқарув воситаси сифатида намоён этиб, унинг янада ривожланиши ва кенгайишига олиб келди. Шу боис унинг таркибига солиқ идоралари ходимлари ва ижтимоий ходимлар киритилиб, “маҳалла еттилиги” тизимига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу ўзгартириш маъмурий назоратни кучайтириш ва солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорликни яхшилашга, шунингдек, маҳаллалар даражасида янада самарали ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Маҳалла тизимининг бундай янгиланиши халқаро даражада ҳам эътиборга олинмоқда. Аксарият давлатлар маҳаллий бошқарувнинг самарадорлигини ошириш ва ижтимоий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистоннинг мазкур тажрибасини ўрганмоқда. Маъмурий назоратнинг кучайтирилиши ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали ташкил этилиши халқаро даражада жамиятни барқарор ривожлантиришда муҳим омил сифатида қаралади. Шу билан бирга, солиқ идоралари ва ижтимоий хизматлар билан ҳамкорликнинг янгича тизими ҳам жамиятнинг фаол ва масъул иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Бинобарин, 2024 йил 1 январдан мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида “маҳалла бюджети” тизими жорий этилди. Ушбу ташаббус маҳаллий ҳамжамиятларнинг молиявий автономиясини мустаҳкамлашга, уларга ўз маблағларини бошқариш ва тақсимлашда кўпроқ эркинлик беришга қаратилган.
Бундай янгича тизимнинг жорий этилиши маҳаллаларнинг молиявий ресурслардан самарали фойдаланиши учун масъулиятини оширади, шунингдек, жойларда бюджетни бошқаришда шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлайди. Маҳалла бюджети тизими, шубҳасиз, маҳаллий миқёсда молиявий мустақиллик ва самарадорликни таъминлашга йўналтирилган бўлиб, халқаро стандартлар ва амалиётлар билан уйғундир. Айни ташаббус маҳаллалар ўз маблағларини самарали бошқариш орқали ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишида ҳам муҳим роль ўйнайди.
Қолаверса, бугунги кунда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси шафелигида маҳаллалар фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ихтисослаштирилган жамғарма фаол иш олиб бормоқда. Жамғарманинг асосий вазифаси – кенг кўламли ташаббусларни амалга ошириш, шу жумладан, инфратузилмани ривожлантириш, ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш, шунингдек, фуқароларнинг маҳаллий аҳолини бошқаришда фаол иштирок этишига ёрдам берадиган шарт-шароитларни яратиш учун маҳаллаларни молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборат.
Жамғарма маҳаллаларга коммунал хизматларни яхшилаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ёки жамоат хавфсизлигини таъминлаш каби аҳоли дуч келадиган энг долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ресурсларни тақдим этади. Шу маънода, ҳар бир маҳалла ўз фуқароларининг кундалик эҳтиёжларини қондириш учун маблағларни мустақил равишда тақсимлаш имкониятига эга бўлади, бу эса ҳаёт сифати ва умуман ижтимоий барқарорликни яхшилашга ёрдам беради.
Маҳаллаларнинг фаолияти ижтимоий таҳдидларга тезкорлик билан жавоб қайтариш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш имконини беради. Бу жараёнда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида инфратузилмани ривожлантириш, маҳаллий ҳокимият органлари билан ишлашни мувофиқлаштириш ва жойларда шаффофлик ҳамда самарадорликни оширишга қаратилган илғор бошқарув усулларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг “Ишлар тўғри ташкил этилган, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган маҳаллада ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат муҳити қарор топади, нохуш ҳолатлар юзага келмайди”, деган сўзлари маҳалла институтини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда иштирок этаётган барчага амалий қўлланма бўлиши лозим. Ушбу фикрлар нафақат маъмурий бошқарув, балки фуқаролар билан фаол ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлайди, бу эса ўзаро ишонч, ижтимоий адолат ва ижтимоий фаровонлик муҳитини яратишга ёрдам беради.
Шундай қилиб, Янги Ўзбекистонда маҳалла тизими, ўзини ўзини бошқариш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган мавжуд дастурлар орқали, мамлакатнинг глобал миқёсда барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшмоқда. Бу тизим, шунингдек, халқаро ҳамкорлик ва мамлакатнинг глобал тараққиётга интеграциясини ўрнатишга йўналтирилган ишларнинг самарали олиб борилишига хизмат қилаётир.
Асилбек Миржалилов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходими
- Қўшилди: 24.12.2024
- Кўришлар: 285
- Чоп этиш