Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил давом этаётган кенг кўламли, қамровдор ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда халқимиз 2023 йилда тарихимизда биринчи марта референдум асосида қабул қилган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Агар дунё мамлакатлари конституцияларида инсоннинг 110 дан ортиқ ҳуқуқи қайд этилган бўлса, бу ҳуқуқларнинг 90 таси эндиликда мамлакатимизнинг Асосий қонунида мавжуд ва шу ҳуқуқлардан 40 таси янги конституциявий ҳуқуқлардир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”[1], деб таъкидлагани замирида ғоят улуғвор ҳақиқатлар мужассам. Чунки Конституциямизда давлат ва жамият тараққиётининг ҳуқуқий мафкураси, халқимиз Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида таянадиган конституциявий қадриятлар ва тамойиллар қатъий белгилаб берилгани бу фикрнинг яққол исботидир.
Конституциявий ислоҳотнинг ҳуқуқий асослари
Президент Ш.М.Мирзиёевнинг суд ҳокимиятининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида фикр юритганда, аввало, “Ҳаракатлар стратегияси” доирасида 2017 йил 6 апрелда Конституциянинг муайян моддаларига киритилган тузатишлар ҳақида тўхталиш ўринлидир.
Мазкур конституциявий ўзгартиришлар суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга ҳамда ягона суд амалиётини шакллантиришга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилди.
Шу мақсадда Конституциянинг қуйидаги 7 та моддасига тегишли ўзгартишлар ва қўшимча киритилди. Бу ўринда 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддалар ҳақида сўз бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилиши ва унинг фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солиниши кўзда тутилди. Шу муносабат билан Конституциянинг 81, 111-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ва раис ўринбосарлари Судьялар олий кенгашининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туман (шаҳар), туманларо судлари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Кенгаш томонидан лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод этилиши тартиби жорий этилди.
Шунингдек, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни ва маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари билан суд тизимини кенгайтириш таклиф этилди. Шу муносабат билан Конституциянинг 80, 93, 107 ва 110-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, Конституциянинг 83, 93, 107 ва 111-моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, Олий хўжалик суди ва Олий суд фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иши юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органига – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди[2].
Конституцияга суд ҳокимиятининг фаолиятини тубдан яхшилашга, нуфузини оширишга, судлар тузилишини такомиллаштиришга ҳамда судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлаш тизимини демократлаштиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларнинг киритилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари судда ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланди.
Буларнинг барчаси шундан далолат берадики, Янги Ўзбекистон конституциявий ислоҳотни амалга оширишда катта тажрибага эга. “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш доирасида 9 маротаба Конституциянинг 21 моддасига 32 та ўзгартириш ва қўшимча киритилди[3]. Хусусан, улар парламент, Президент ва Ҳукумат фаолиятига, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ривожланишига, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида ўзаро назорат ва мувозанатни сақлаш тизимига, сайлов тизимини демократлаштириш ва маҳалла институтига тегишлидир.
2021 йил 8 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун асосида Асосий қонуннинг 107-моддасига суд тизими ислоҳотлари билан боғлиқ ўзгартириш киритилди[4]. Яъни, 107-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди:
«Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир»[5].
Бундай конституциявий ўзгариш замирида давлатимиз раҳбари 2017 йил 13 июнда судьялар билан бўлиб ўтган биринчи тарихий учрашувдаги нутқида кун тартибига қўйган суд тизимини фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган адолат қўрғонига айлантиришдек устувор мақсад мужассамдир[6].
Юртбошимиз 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат. Бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим”[7].
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев мамлакат суд тизими вакиллари, ўзбек судьялари олдига: “Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик ҳукмрон бўлиши керак”[8], деган ҳаққоний талабни қўйди. Шу маънода, Конституциянинг суд тизимига тааллуқли нормаларига киритилган тузатишлар негизида қуйидаги 3 та устувор вазифа:
биринчи вазифа: фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ҳуқуқий кафолатларини кенгайтириш;
иккинчи вазифа: одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг сифатини ошириш;
учинчи вазифа: судьяликка номзодларни танлаш ва судьялар лавозимларига тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш – суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўз навбатида, Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилган икки йиллик (2021-2023 йиллар) конституциявий ислоҳотнинг энг муҳим ҳаётий мезонлари ҳақида фикр юритганда, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда қабул қилинган учта комплекс тараққиёт стратегиясини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки:
биринчиси, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари янада такомиллаштирилди;
иккинчиси, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” асосида изчил конституциявий ислоҳот амалга оширилди;
учинчиси, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини ҳаётга татбиқ этишда янгиланган Асосий қонунимизнинг тўғридан-тўғри ижросини таъминлашга қаратилган таъсирчан чоралар кўрилмоқда.
Конституциямиз мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маданий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир. Ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади.
Шу маънода, 2023 йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингани асл тарихий воқеадир. Президент Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Том маънода халқчил мазмун ва аҳамият касб этган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда”[9].
Янги Ўзбекистон Конституцияси – олий юридик ҳужжат
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 1-моддасида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамлангани эътиборга сазовор.
Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституциянинг:
биринчидан, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги;
иккинчидан, тўғридан-тўғри амал қилиши;
учинчидан, ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкили этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Эски таҳрирдаги матнда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашга доир ушбу механизмлар мавжуд эмасди.
Асосий қонунимизнинг “Конституция ва қонуннинг устунлиги” бобидаги 15-16-моддалар янги ва эски матнидаги нормаларни ўзаро қиёсланса, бу фикрларимиз қанчалик ҳаққоний эканлиги ўз тасдиғини топади. Янгиланган Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ:
“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”[10].
Конституциямизнинг 20-моддасига биноан: “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади. Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди”[11].
Ўзбекистонда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қамровдор саъй-ҳаракатлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу йўлдаги барча интилишларимиз БМТнинг ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган “Ҳеч кимни унутмаслик ва ортда қолдирмаслик” асосий тамойилига мувофиқдир.
Эътиборли жиҳати шундаки, «Ўзбекистан – 2030» стратегиясида БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига мос равишда, қонун устуворлигини таъминлаш ва инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, адвокатура институтининг мавқеини кескин ошириш, малакали ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва адлия тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Мазкур Стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар қабул қилинди.
Хусусан, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Ушбу судьяга “Хабеас корпус” институти билан боғлиқ бир қатор ваколатлар, жумладан: қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, уларнинг муддатини узайтириш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш ваколатлари берилмоқда.
Шунингдек, судья айбланувчини лавозимидан четлаштириш, тиббий муассасага жойлаштириш, қамоқда сақлаш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириш каби мажбурлов чораларини ҳам амалга ошириши мумкин.
Бу каби ислоҳотлар мантиқан асосли, шунингдек, инсон ва жамият ҳаёти ва давлат фаолияти учун долзарбдир. Зеро, Президент Ш.М.Мирзиёев 2024 йил 18 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисидаги нутқида эътироф этганидек, “Янги Ўзбекистонни барпо этишга киришганимизга саккиз йил бўлди. Бу даврда халқимизнинг сиёсий тафаккури тубдан ўзгарди, сиёсий маданияти сезиларли даражада юксалди”[12].
Халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи
Яна бир муҳим янгилик: янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланиб, фуқаролар Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Жаҳон мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми конституциявий даражада таъминланди.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 55-моддасига кўра, “Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. Ҳар кимга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланади”[13].
Мазкур конституциявий нормалар ижросини таъминлаш, биринчи навбатда, суд тизимини ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш, фуқароларнинг мансабдор шахслар томонидан бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклашда қулайлик туғдиришни тақозо этади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 55-моддаси 5 та қисмдан иборат. Бунда аввалги Конституциянинг 44-моддасидаги битта қисм янгиланган ва тўлдирилган таҳрирда иккинчи қисм сифатида киритилган бўлса, биринчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлар бутунлай янги нормалар ҳисобланади. Мазкур модда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида тўлдирилган.
Бундай нормалар Италия, Португалия, Россия каби бир қатор мамлакатларнинг Конституцияларида мавжуд. Эндиликда бу нормаларда акс этган ҳуқуқлар, жумладан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясидан ҳам ўрин олди.
Бунга қадар халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган БМТ пактлари ва конвенцияларида мустаҳкамланганлигини таъкидлаш лозим. Ушбу халқаро ташкилотларнинг амалдаги қоидаларига кўра, шахслар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун барча ички, яъни миллий воситаларга мурожаат этиб бўлганидан кейингина уларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш механизми яратилганми, бу борадаги тартиб-таомиллар қандай, деган мазмундаги саволлар туғилиши табиий. Гап шундаки, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактида мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг бузилиши тўғрисида шахсларнинг мурожаатларини – шахсий хабарларни кўриб чиқади. Яъни, мазкур халқаро орган шахсий мурожаатлар бериш механизмини белгиловчи Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга Биринчи факультатив протокол асосида ишлайди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилиш имконияти Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактни ратификация қилган ҳар қандай давлатнинг фуқароси учун мавжуд. Ўзбекистон Факультатив протоколга қўшилган давлат бўлиб, Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг ваколатларини тан олади. Шу сабабли Ўзбекистон фуқаролари инсон ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилишлари мумкин.
Aгар шахснинг ёзма розилиги бўлса, бошқа шахс номидан ҳам мурожаат берилса бўлади. Мурожаат эркин шаклда расмийлаштирилади, бундай мурожаат матнини тузиш учун қатъий талаблар йўқ.
БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик, адолатли суд жараёни, шахсий ҳаёт, виждон эркинлиги, сайлов ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар бузилганлиги ҳақида мурожаат қилиш мумкин.
Бу ўринда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда мустаҳкамланган барча ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилиши бўйича мурожаат қилиниши ҳақида сўз бормоқда. Агар мурожаат бошқа халқаро ҳужжатда белгиланган ҳуқуқларга тааллуқли бўлса, БМТ Қўмитаси томонидан бундай мурожаат рад этилади.
Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилишнинг яна бир муҳим шарти миллий ҳимоя воситаларининг барчасидан фойдаланиб бўлинганлиги ҳисобланади. Оддий қилиб айтганда, тегишли шахс БМТга инсон ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида шикоят қилишдан олдин, миллий суд тизимидаги барча мумкин бўлган инстанциялардан ўтиши ҳамда унинг иши Олий судда ҳам кўрилган бўлиши керак.
БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилувчи шахс маълум бир давлат томонидан Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт имзоланишидан олдин содир бўлган қонунбузарликлар тўғрисида хабар берса, бу ҳолда айни мурожаат қабул қилинмайди. Инсон ҳуқуқлари қўмитасига миллий ҳимоя воситалари тугаганидан 5 йил ўтгач юборилган мурожаат ҳам қабул қилинмайди. Ўтказиб юборилган муддат сабабларини асослаш орқалигина бундай имкониятни қайта тиклаш мумкин бўлади.
Шу билан бирга, мурожаатлар аноним ёки ҳимоя қилиш ҳуқуқини суиистеъмол қилиш белгиларига эга бўлиши мумкин эмас. Шунга ўхшаш мурожаат бир вақтнинг ўзида бошқа халқаро инстанцияларда, масалан, БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси ёки Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасида кўриб чиқилаётган бўлмаслиги керак.
Ҳар бир инсон БМТнинг эътиборини инсон ҳуқуқлари масаласига қаратишга ҳақлидир. Ҳар йили дунё бўйлаб минглаб одамлар бу ҳуқуқдан фойдаланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро органларга мурожаат қилиш инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг халқаро ҳимоясини таъминлайдиган мураккаб, аммо муҳим тизимдир. Ушбу механизмлар фуқароларга миллий ҳимоя воситалари тугаганда ёки етарли бўлмаганда халқаро майдонда адолатни тиклашларига имкон беради.
Янгиланган Конституцияни амалга ошириш – устувор вазифа
Президент Ш.М. Мирзиёев 2024 йил 20 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисидаги нутқида барча раҳбар кадрлар фаолиятининг асосий мезони бўлган бош талабни яна бир бор эслатди. Яъни, давлат раҳбари уқтирганидек, “халқ давлат идораларига эмас, аксинча, давлат ташкилотлари халққа, унинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши зарур. Жорий йилда қонунлар ижросини доимий баҳолаб бориш бўйича янги тизимни йўлга қўйганимиздан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат. Қонун қабул қилиндими, у албатта ишлаши керак ва одамлар ҳаётида сезиларли ўзгариш бўлиши лозим”[14].
Бу ўринда янги таҳрирдаги Конституцияни амалда татбиқ этиш йўлида аввало 2023 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони[15] қабул қилинганини таъкидлаш мақсадга мувофиқ. Ушбу муҳим ҳужжат талаблари:
биринчидан, янгиланган Конституциямизни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш;
иккинчидан, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш;
учинчидан, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш;
тўртинчидан, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадларига қаратилган.
Фармон билан “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди. Фармонда белгиланганидек, “янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади”[16].
Ҳақиқатан ҳам, кейинги қисқа даврда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси доирасида мамлакатимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш борасида изчил ҳамда тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди. Чунки Конституция ва қонун устунлиги барқарор тараққиётнинг асосий мезони ҳисобланади.
Бу ҳақда сўз борганда, биринчи навбатда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон”[1] номли янги китобини алоҳида таъкидлаш лозим. Чунки давлатимиз раҳбари ушбу салмоқли сиёсий асарида халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан Асосий қонунимизда ўз аксини топган тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва уларни ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш бўйича амалга ошириладиган бир қатор асосий чора-тадбирлар ҳақида батафсил тўхталган.
Халқимизнинг хоҳиш-иродасига биноан янгиланган Конституциямизда ўз аксини топган ҳаётий тамойилларни тўлиқ рўёбга чиқариш ва ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантириш зарур. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти қайд этганидек, “Биз кейинги вақтларда “Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган эзгу тамойилни жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаётий қоидага айлантириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз”[2].
Ўзбекистон Президентининг дастурий маъруза ва нутқлари ҳамда фармон ва қарорлари, миллий тараққиёт стратегиялари ва давлат дастурларида Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларига изчиллик билан жорий этишнинг туб сиёсий-назарий моҳияти, ташкилий-амалий механизмлари чуқур очиб берилган.
2023 йил 8 майда қабул қилинган “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон асосида ўнлаб қонун ва қонуности ҳужжатлари янги таҳрирда қабул қилинган Конституцияга мувофиқлаштирилди.
Ўзбекистон Президенти 2024 йил 19 февралда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Шу асосда бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Шунингдек, 2024 йил 17 октябрда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳокимларнинг ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Бундан ташқари, 2023 йил 7 ноябрда Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармон билан давлат раҳбарининг 10 та фармони ва 4 та қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Янгиланган Конституция ва одил судловни
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорни қабул қилди. Унда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини инобатга олиб, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва зарур ҳолларда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозимлиги юзасидан муҳим тушунтиришлар берилди.
Пленум қарорида суд ҳужжатларида ҳуқуқий асос сифатида биринчи навбатда, қоида тариқасида Конституциянинг тегишли нормаларига ва ундан кейин юридик кучига қараб бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, башарти соҳавий қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция нормаларига зид бўлганлиги аниқланса, фақатгина Конституция нормаларига асосланилиши лозимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 2023 йил 5 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорини эълон қилди. Ахборотнинг дастлабки бандларида таъкидланганидек, “2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (кейинги ўринларда — Конституция) давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос бўлди.
Конституциянинг референдум йўли билан қабул қилиниши халқ ҳокимиятчилиги принципининг энг олий кўриниши сифатида унга юқори легитимлик бағишлайди. Асосий қонун давлат органларининг фаолиятини демократлаштиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларни яратди”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 16 ноябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишда алоҳида таъкидланганидек, “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”.
Конституция байрам дастурида судлар томонидан амалга оширилиши белгиланган тарғибот тадбирлари ҳам ўрин олган. Шу асосда, хусусан, янги таҳрирдаги Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказилмоқда.
Бунда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва роли ҳамюртларимизга халқчил тилда тушунтириб берилмоқда.
Байрам муносабати билан конституциявий ҳуқуқлар бўйича суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бурчаклари ташкил этилаётгани ҳам ғоят аҳамиятлидир. Шу орқали “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” шиорининг моҳияти ҳамда аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганлигининг туб моҳиятини юртдошларимиз учун очиб бериш имконияти янада ортди.
Судлар зиммасидаги яна бир муҳим масъулият – фуқаролар кундалик ҳаётида кўп учрайдиган вазиятларда Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри қўлланишини жамоатчиликка етказишдир. Дахлдор ташкилот ва муассасалар шаҳар, туман марказларидаги давлат органлари биноларига ўқувчи ва талабаларни саёҳатга олиб келишни йўлга қўйгани, шубҳасиз, судларнинг эшиги ёшларимиз учун очиқ эканини амалда намоён этишга хизмат қилмоқда.
Асосийси, доирасида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари учун Конституциянинг қоида ҳамда нормаларини чуқурлаштириб ўргатишга қаратилган ўқув-семинарлар ўтказилмоқда. Ушбу тадбирлар судьяларнинг Асосий қонунимизга оид билимларини янада ошириши ва мустаҳкамлаши шубҳасиз.
Бунда Президент Ш.М.Мирзиёев 2024 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида огоҳлантирганидек, давлат ва халқ хизматчисининг масъулиятни ўз зиммасига олганидан сўнг беғамбепарво, лоқайд бўлиб юришга, ҳузурҳаловатга берилиб яшашга маънавий ҳаққи йўқ. Давлат раҳбари таъбири билан айтганда, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Салтанат тўнини кийгач, танимдан ҳаловат кетди”, деган таъсирчан сўзларида давлатчилик ишига, элюрт хизматига бел боғлаган инсон амал қилиши зарур бўлган олий мезон назарда тутилган[3].
Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган янги, замонавий ва жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри қўлланиши юртимиз ва халқимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб бермоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”[4].
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик
[1] Мирзиёев, Шавкат Миромонович. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – 560 б.
[2] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. – Тошкент: “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази, 2023. – Б. 73.
[3] Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқи / “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 20 ноябрь.
[4] "Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас" – Президент/ 2022 йил 26 январь //https://yuz.uz
- Қўшилди: 25.12.2024
- Кўришлар: 192
- Чоп этиш