Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2024 йил 9 сентябрь – 11 октябрь кунлари бўлиб ўтган 57-сессиясида “Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Ҳужжатда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш ушбу қарорни қабул қилишда БМТ Уставининг мақсадлари ва тамойилларига амал қилганига эътибор қаратилган. Бу, ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактлар, Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа тегишли халқаро шартномалар ижросининг яна бир амалий тасдиғи эканлиги таъкидланган.
Маълумки, 1995 йил 15 сентябрда бўлиб ўтган Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференциясида Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил 25 сентябрдаги 70/1-сонли резолюцияси билан 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартиби қабул қилинган. Бу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларда барча давлатларнинг хотин-қизларни инсон ҳуқуқларидан тўлиқ ва тенг равишда фойдаланишини таъминлаш, рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш борасидаги мажбуриятлари мустаҳкамланган.
Шу маънода, 2025 йилда Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференцияси ўтказилганининг ҳамда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг ўттиз йиллиги нишонланиши бежиз эмас. Чунки бу муҳим халқаро-ҳуқуқий воситалар ўтган даврда бутун дунё миқёсида гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ривожига сезиларли ҳисса қўшди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг “Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш тадбирлари тўғрисида”ги қарорида гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида эришилган ютуқлар алоҳида эътироф этилган. Шу билан бирга, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасини амалга оширишда муайян муаммо ҳамда тўсиқлар сақланиб қолаётганига холисона эътибор қаратилган.
Шу нуқтаи назардан, қарорда қайд этилганидек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши:
биринчидан, ўзининг эллик саккизинчи сессиясида Хотин-қизлар аҳволи бўйича тўртинчи Бутунжаҳон конференцияси ўтказилишининг ўттиз йиллигини нишонлаш мақсадида юқори даражадаги мунозаралар форумини чақиришга қарор қилади, бунда Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформасини ҳамда уларнинг бажарилишини кўриб чиқиш бўйича конференцияларнинг якуний ҳужжатларини амалга оширишга, шунингдек, эришилган ютуқларга, илғор амалиётга ва бу борадаги муаммоларга алоҳида эътибор қаратади;
иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш Раисига Кенгашнинг эллик саккизинчи сессиясида бўлиб ўтадиган инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳисобга олишни рағбатлантириш бўйича ҳар йилги юқори даражадаги муҳокама форумини ўтказиш мақсадида "Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси қабул қилинганлигининг ўттиз йиллиги" мавзусини кўриб чиқишни таклиф қилади;
учинчидан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссаридан давлатлар, БМТнинг тегишли органлари ва муассасалари, шартномавий органлар, махсус тартиб-таомиллар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг минтақавий механизмлари, шунингдек, фуқаролик жамияти, жумладан нодавлат ташкилотлар ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари, ногиронлиги бўлган шахслар улар учун тўлиқ даражада қулайлаштирилган шароитда ушбу мунозаралар форумида иштирок этишларини таъминлаш мақсадида алоқа ўрнатишни сўрайди;
тўртинчидан, Олий комиссардан ушбу мунозаралар форумининг иши тўғрисида қисқача маъруза тайёрлашни ва уни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашга унинг олтмишинчи сессиясида ва Бош Ассамблеяга унинг саксонинчи сессиясида тақдим этишни ҳам илтимос қилади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, 1975 йили Мехико шаҳрида ўтказилган БМТнинг Аёллар ҳолати бўйича Бутунжаҳон конференциясида “Аёллар ўн йиллиги” (1975–1985) эълон қилинган. Конференция қарорига мувофиқ, беш йил давомида Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ишлаб чиқилиб, БМТ Бош Ассамблеясининг 1979 йил 18 декабрдаги 34/180-сонли резолюцияси билан қабул қилинган.
Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция (ёки CЕDАW Конвенцияси) йигирмата давлат томонидан ратификация қилинганидан сўнг, 1981 йил 3 сентябрда кучга кирди. CЕDАW Конвенцияси хотин-қизларнинг фуқаролик, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларига бағишланган халқаро қонун сифатида эътироф этилган.
Бугунги кунга қадар Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияни 189 мамлакат ратификация қилган. Конвенция 1995 йил 18 августда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан ратификация қилинган.
Шу нуқтаи назардан, 2024 йилда БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги халқаро конвенцияси бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олтинчи даврий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2022-2025 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режасининг ижроси мониторинг қилинганини таъкидлаш ўринлидир.
Миллий ҳаракатлар режаси ижроси доирасида, жумладан, амалдаги қонун ҳужжатларига оилавий зўравонлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритишнинг мақсадга мувофиқлиги ўрганилди. Шу асосда Жиноят кодексининг 1261-моддасига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддасига “оилавий (маиший) зўравонлик” билан боғлиқ янги норма киритилди.
Мамлакатимизда, шунингдек, 2024 йилда “Халқаро меҳнат ташкилотининг Ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли Конвенцияси (Женева, 1981-йил 23-июн)ни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, миллий қонунчилигимизда оналик муҳофазасини ижтимоий суғурта тизими билан қамраб олиш белгиланиб, ижрочи вазирлик, идора ва ташкилотлар томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.
Ўтган йили дунёнинг барча тараққийпарвар мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллиги кенг нишонланди. Шу мақсадда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиққан алоҳида тадбирлар дастурини ишлаб чиқди.
Айни ҳужжат Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия томонидан муҳокама қилинди ва тасдиқланди. Унда халқаро, минтақавий ва миллий тадбирлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ҳамда таълим-тарбиявий ишларни такомиллаштириш, шунингдек аҳоли, ёшлар ва болалар учун дарслик, қўлланма ва бошқа адабиётларни тайёрлаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилди.
Дастур доирасида, жумладан, 2024 йил 26 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази ҳамда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашнинг долзарб масалалари: бугунги ҳолат ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда давлат органлари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Бундан ташқари, 2024 йилда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида конвенция қоидаларининг бажарилиши юзасидан Хоразм, Андижон, Наманган вилоятларида жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Ушбу кенг қамровли мониторинг тадбирларида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳаётда тўлақонли иштирокини таъминлаш, оиладаги маиший зўравонликка қарши курашиш бўйича мавжуд реал воқелик алоҳида тайёрланган сўровнома асосида ўрганилди.
Жойларда хотин-қизларга нисбатан дискриминация ҳолатларини ўрганиш ва уларни ҳимоя қилишда мавжуд тизимнинг самарадорлигини ошириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Мониторинг натижалари бўйича таҳлилий маълумот тайёрланиб, кўриб чиқиш учун тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилди.
Яна бир муҳим факт: мамлакатимизда 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси фаол амалга оширилмоқда. Гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ишлари кучайтирилиб, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 35 фоизга етказилди. Янги сайланган Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизи, Сенат аъзоларининг 27 фоизини аёллар ташкил этмоқда.
Тадбиркор аёллар сафи 37 фоизга кўпайди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган қизлар сони 6 баробар кўпайиб, таълим олаётган талабаларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Янги Ўзбекистонинг гендер тенглик соҳасида эришган ютуқлари халқаро даражада муносиб эътироф этилмоқда. Мамлакатимиз 2024 йилда гендер тенглик ва бошқарув индекси бўйича 72,8 балл тўплади. Натижада 2022 йил қайд этилган 103-ўриндан 51 поғонага кўтарилиб, 52-ўринни эгаллади. Ушбу индекс 158 та мамлакатни қамраб олган бўлиб, гендер тенгликка эришиш йўлида муваффақият ва камчиликларни аниқлаш имконини беради.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 17.01.2025
- Кўришлар: 461
- Чоп этиш