Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китобининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар, шунингдек университет профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев ушбу нашр мустақиллик йилларидаги дипломатиямизнинг сермазмун тарихи ва ривожланиш жараёни ўрганиладиган илмий тадқиқот ўтказиш зарурлигини кўрсатиб берган давлатимиз раҳбари ташаббуси билан дунё юзини кўрганини таъкидлади.
Қайд этилишича, етакчи олимларимиз – тарихчи, сиёсатшунос, шарқшунос, этнограф, маданиятшунослар меҳнати натижаси ҳисобланган ушбу кенг қамровли қўлланмага фахрий ҳамда амалдаги ўзбек дипломатлари ҳам муносиб ҳисса қўшган.
– Давлатимиз раҳбарининг муҳим ташаббуси маҳсули бўлмиш мазкур китоб илмий ва сиёсий ҳаётимиздаги ўзига хос воқеа, десам муболаға бўлмайди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов. – Тадқиқотда энг қадимги даврлардан то ҳозирги кунгача бўлган халқаро муносабатларнинг мураккаб, баъзан ўта нозик қирралари, бурилиш нуқталари, давлатларо муносабатларнинг дунё тарихига таъсири, минтақамиз ва жаҳондаги ҳодисаларнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги аниқ-равшан ёритиб берилган. Асар билан яқиндан танишаркансиз, халқаро ва минтақавий тараққиётнинг мураккаб босқичида, шиддат билан ривожланаётган зиддиятли дунёда дипломатия, жумладан Ўзбекистон ташқи сиёсатининг кенг қамрови тўғрисида мухтасар фикр ҳосил бўлади. Аҳил жамоа машаққатли меҳнати ўлароқ шаклланган тугал мазмун-моҳият Янги Ўзбекистон дипломатиясининг устувор вазифа ва мақсадларига ҳамоҳанглиги билан беқиёс аҳамиятга эга.
Давра суҳбати давомида муаллифлар матн тузиш, архив материалларини йиғиш, ноёб тарихий ҳужжатлар билан ишлаш, мустақилликнинг илк кунларидан бошланган Ўзбекистон дипломатияси мактаби солномасини таҳлил қилиш жараёни ҳақида сўзлаб бердилар.
Иштирокчилар фикрича, эҳтиёткорлик билан танланган ва ўрганилган тарихий манбалар дипломатиямиз шаклланишининг асосий босқичлари миллий тарих ва кўп асрлик анъаналар ҳамда замонавий давлат қурилиши тенденцияларига чамбарчас боғлиқ равишда тараққий этаётганидан ҳикоя қилади.
– Тарихга назар ташлаш бугунги куннинг моҳиятини англаш, келажакни ёрқин тасаввур этиш учун зарур калит, – дейди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев. – Буюк ўтмиш изсиз эмас ва ҳаргиз зое кетмайди. Билъакс, халқнинг генетик кодида сақланади, хотираси, саъй-ҳарактида қайта рўёбга чиқади. Ва шунинг учун ҳам қудратли кучдир. Бинобарин, тарихий меросни сақлаш, ўрганиш, англаш ва авлоддан авлодга ўтказиш, жумладан, дипломатия соҳасида ҳам ўта муҳим.
Бугун тақдим этилаётган китобнинг қиймати ҳам баҳосиз бўлиб, бизга тарих сабоғини мужассам ҳолда ифодалайди. Модомики, бугун илмий ҳамжамият олдида замонамизнинг мураккаб муаммоларини таҳлил қилиш, мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш вазифаси тураркан, тарихни ўрганиш, ўтмишдан хулоса чиқара билиш жуда зарур.
Сўнгги йиллар мобайнида замонавий халқаро муносабатлар тизимида юз берган энг йирик ўзгаришларидан бири, шубҳасиз, дунё харитасида Янги Ўзбекистон вужудга келишидир. Бу жараён, биринчи навбатда, довюраклик билан улкан ижобий ўзгаришлар даврини бошлаб берган Президент Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ. Айнан шу жиҳат жамиятимиз ривожининг янги мафкурасини белгилайди.
Мустақиллик даврининг илк йилларидаги Ўзбекистон дипломатияси тажрибаси, ютуқ ва муаммоларини чуқур, танқидий ўрганиш асносида 2017 йилдан ишлаб чиқила бошлаган мамлакатимизнинг янгиланган ташқи сиёсати хусусияти мазмунан тубдан ўзгарди.
Эътиборли жиҳати, нашрда Марказий Осиёнинг дунё маданий-тарихий, иқтисодий ва сиёсий жараёнидаги ўзига хос ўрнини кўрсатадиган бой тарихий ва ноёб ҳужжатлар келтирилган. Шунингдек, Янги Ўзбекистонда иқтисодиёт, савдо, алоқа, янги технологиялар ва ғоялар алмашинуви ривожига хизмат қилган ўзбек дипломатиясининг асосий тамойиллари қайта тикланаётгани алоҳида таъкидланган.
– Дипломатия инсоният фаолиятининг асрлар давомида ер юзидаги барча мамлакатлар, халқларни қамраб олган энг муҳим, масъулиятли соҳаларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, – деди Қозоғистон Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов. – Шу нуқтаи назардан асарда тўпланган тарихий фактлар дипломатия нафақат мулоқот усули, балки халқлараро тинчлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш, мустаҳкамлаш санъати сифатидаги аҳамиятини ҳам эслатиб туради.
Ўзбек ва қозоқ дипломатияси тарихи кўп жиҳатдан бир-бирига ўхшаш. Бизнинг хонларимиз Бухоро ва Қўқон ҳукмдорлари билан бирга теран алоқалар асосида халқларимиз ўртасидаги маданий, иқтисодий ва сиёсий алоқаларни ривожлантирганлар. Хуллас, минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлашда дипломатия ҳамиша ҳал қилувчи роль ўйнаган. Бу анъаналар бугунги кунда ҳам изчиллик касб этиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги бутун Марказий Осиё учун намуна бўлмоқда.
Анжуман якунида замонавий ўзбек дипломатияси ривожланиши жараёнидаги янги даврни инобатга олган ҳолда, айни йўналишдаги тадқиқотни давом эттириш, хусусан “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китобининг янги, тўлдирилган нашрларини ҳам чоп этиш зарурлигини маъқулладилар.
Ўткир Алимов, ЎзА
- Қўшилди: 31.01.2025
- Кўришлар: 258
- Чоп этиш