(А. Х. Саидов томонидан тайёрланган “Янги Ўзбекистон Конституцияси: Дарслик-хрестоматия. – Тошкент: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, 2025. – 796 бет.” номли китобини ўқиганда туғилган мулоҳазалар)
Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича халқимизнинг орзу-умидлари ва интилишлари Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз аксини топди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек: “Янги таҳрирдаги Конституцияда Янги Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, миллий давлатчилик тараққиётининг ҳозирги муҳим тарихий босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришга оид устувор йўналишлар белгилаб берилди”[1].
Бугунги кунда фуқароларимиз янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши тарихи, босқичлари, фактологик ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини яхши англашлари, унинг нормаларидан кундалик ҳаётлари ва фаолиятлари давомида кенг фойдаланиш бўйича кўникмаларга эга бўлишлари муҳим. Юридик фанлар доктори, профессор, академик А. Х. Саидов томонидан тайёрланган мазкур дарслик-хрестоматия янги таҳрирдаги Конституцияни унинг ғояси пайдо бўлишидан тортиб қабул қилинишигача бўлган тарихий ва сиёсий-ҳуқуқий жараённи ҳар томонлама ўрганишга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, академик А. Х. Саидов бой тажрибага эга таниқли олим, халқаро ва қиёсий ҳуқуқ профессори, қатор хорижий ва халқаро юридик уюшмалар аъзоси, 2025 йилдан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси, қиёсий ҳуқуқшунослик, халқаро ҳуқуқ, конституциявий ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи бўйича нуфузли мутахассисдир. Асарлари АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Германия, Франция, Польша, Бельгия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония ва бошқа давлатларда чоп этилган. Муаллиф юздан ортиқ халқаро анжуманларда эксперт сифатида қатнашган.
Муаллиф Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан конституциявий комиссия раиси лавозимида фаолият кўрсатиб, ўзининг миллий конституциявий қурилиш соҳасидаги бой тажрибадан фойдаланди. А.Саидов раҳбарлиги остида Конституциявий комиссия Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича фуқароларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўрганиш, Бош қомусимизнинг янги таҳририни шакллантириш ва такомиллаштириш ишларини ташкил қилган.
Муаллиф Янги Ўзбекистон тақдири ва истиқболи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган конституциявий ислоҳотлар жараёнини сиртдан эмас, балки уларнинг бевосита ташкилотчиларидан бири, гувоҳи ва иштирокчиси сифатида таҳлил қилиш имкониятидан фойдаланиб, “Янги Ўзбекистон Конституцияси: Дарслик-хрестоматия” китобини яратган. Мазкур дарслик-хрестоматия муаллифнинг 2017 йилда нашрдан чиққан “Ўзбекистон Конституцияси тарихи” китобининг мантиқий давоми бўлиб, улар биргаликда мамлакатимиз замонавий конституциявий тараққиётининг асосий воқеалари талқинини қамраб олган.
Академик А.Х.Саидов томонидан мазкур китобнинг яратилиши яна икки жиҳати билан аҳамиятли ҳисобланади:
биринчидан, олимнинг қиёсий ва халқаро ҳуқуқ соҳасидаги назарий ва амалий тажрибаси, халқаро даражадаги таниқли мутахассис олим эканлиги уни хулосаларининг юқори нуфузини белгилайди;
иккинчидан, олимнинг миллий конституциявий ислоҳотларнинг бевосита ташкилотчиларидан бири сифатидаги қарашлари алоҳида аҳамият касб этади.
Дарслик-хрестоматияда мамлакатимиз тараққиётининг бевосита узвий таркибий қисми бўлган конституциявий ислоҳот ғоясининг туғилиши, ривожланиши, амалга оширилиши ва натижалари ҳақида атрофлича сўз боради. Дарсликни яратишда Янги Ўзбекистон Конституцияси ғоясининг ташаббус қилиниши, ишлаб чиқилиши, кенг муҳокамалардан ўтказилиши ва қабул қилиниши жараёнлари ҳақидаги архив ва илмий материаллар ҳамда оммавий ахборот воситалари маълумотларидан кенг фойдаланилган.
Муаллиф янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши заруратини мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва жараёнлар билан бирга, жаҳон конституциявий ривожланишининг замонавий тенденциялари билан боғлаб тушунтирган. Асарда Янги Ўзбекистон қиёфаси Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар жараёни ва унинг мазмунини таҳлил қилиш воситасида очилган. Бунда мамлакатнинг стратегик ривожланишида конституциявий қурилишнинг аҳамияти, унинг амалга оширилиш жараёни ва натижалари таҳлил қилинган.
Китоб икки катта қисмга ажратилган: биринчи қисми Янги Ўзбекистон Конституциясининг яратилиши тарихи, мазмуни, мақсадларига бағишланган бўлса, иккинчи қисми хрестоматиядан иборат бўлиб, унда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси қабул қилиниши жараёнига тааллуқли расмий ҳужжатлар, таҳлилий материаллар, методологик ғоялар ўз аксини топган. Жумладан, хрестоматия қисмида Президент Ш.М.Мирзиёевнинг Конституция тўғрисидаги фикрлари, конституциявий ислоҳот жараёнларига тааллуқли расмий ҳужжатлар матнлари ҳамда конституциявий ислоҳот жараёнларининг оммавий ахборо воситаларида ёритилишига оид инфографика, чизма ва жадваллар тақдим қилинган.
Китобнинг биринчи қисми 11 та мавзуни ўз ичига олади. “Янги Ўзбекистон ҳаракатлар стратегияси: 10 та конституциявий қадам” деб номланган биринчи мавзуда суд ҳокимиятининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, ижроия ҳокимият тизимини такомиллаштириш, Конституциявий суд фаолиятининг конституциявий асослари, Тошкент шаҳри туманлари фаолиятининг конституциявий асослари, маҳалла фаолиятининг конституциявий асослари, Вазирлар Маҳкамасининг конституциявий мақоми, сайловларнинг конституциявий асослари каби масалалар ёритилган.
“Янги Ўзбекистон ва конституциявий ислоҳот” деб номланган иккинчи мавзуда Ўзбекистон халқи конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори эканлиги, Ўзбекистон Президентининг сайловчилар билан учрашувлари чоғида конституциявий ислоҳотни амалга ошириш таклифининг илгари сурилганлиги, сиёсий партиялар томонидан аҳолининг кайфиятини ўрганиб, Конституцияни такомиллаштириш масаласини Олий Мажлис палаталари муҳокамасига киритилиши масалалари тавсифланган.
“Ўзбекистон Президенти – конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси” деб номланган учинчи мавзуда Янги Ўзбекистон Конституцияси концепцияси муаллифи Президент Ш.М.Мирзиёев эканлиги, конституциявий ислоҳотнинг мақсади ва устувор йўналишлари, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги объектив зарурат муҳокама қилинган.
“Конституциявий комиссия: ташкил этилиши ва фаолияти” деб номланган учинчи мавзуда Конституциявий комиссиянинг ташкил этилиши ва фаолиятининг уч босқичи, Конституциявий комиссиянинг асосий вазифалари ва тамойиллари, Конституциявий комиссиянинг фаолияти ва унинг илк натижалари таҳлил қилинган.
“Ўзбекистон Президентининг Конституцияни янгилаш бўйича таклифлари ва ташаббуслари” деб номланган бешинчи мавзуда инсон қадрини улуғлаш – конституциявий ислоҳотнинг асосий мақсади эканлиги, Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат, Янги Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, Янги Ўзбекистон – адолатли фуқаролик жамияти сари каби ғояларнинг илгари сурилиши жараёни баён қилинган.
“Умумхалқ муҳокамаси: ҳақиқий халқ Конституцияси сари” деб номланган олтинчи мавзуда Конституциявий қонун лойиҳасининг сиёсий партиялар фракциялари томонидан муҳокама қилиниши, уни тайёрлаш, умумхалқ муҳокамаси жараёнлари, Янги Ўзбекистон Конституциясининг миллий тараққиётдаги ўрни ва аҳамияти таҳлил қилинган.
“Конституциявий ислоҳот: халқаро конференция ва жамоатчилик эшитувлари” деб номланган еттинчи мавзуда замонавий конституционализм соҳасида миллий ва хорижий тажриба, ижтимоий давлат фаолиятининг конституциявий асослари, Конституция ва мулк ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми, “инсон – жамият – давлат” конституциявий тамойили, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича халқаро жамоатчилик эшитувлари, хотин-қизлар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини жаҳон конституцияларида мустаҳкамланиши ўрганилган.
“Янги таҳрирдаги Конституция: халқ фикри, илмий муассасалар таклифлари, халқаро ташкилотлар тавсиялари” деб номланган саккизинчи мавзуда Кенг жамоатчиликдан келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларнинг Конституция янги таҳририда ўз аксини топиши, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича фуқаролар билдирган таклифларнинг таҳлили, Конституциявий комиссияга келган жамоавий таклифларнинг ўзига хос хусусиятлари, давлат ҳокимияти органларидан янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасига билдирилган таклифларнинг таснифи, фуқаролик жамияти институтларининг конституциявий ислоҳотдаги иштироки, илмий муассаса ва таълим ташкилотларининг таклиф ва хулосалари, халқаро ташкилотлар тавсиялари ва халқаро шартномалар талабларининг янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида акс этиши, конституциявий ислоҳот жараёнларида БМТ ва унинг тузилмалари иштироки, хорижий экспертларнинг Янги Ўзбекистон Конституциясига оид таклиф ва тавсиялари ёритилган.
“Конституциявий референдум: тайёргарлик, тарғибот жараёни ва натижа” деб номланган тўққизинчи мавзуда Ўзбекистон Президентининг Конституцияга таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашуви, Конституциявий қонун лойиҳасининг референдумга қўйилиши, Конституциявий суднинг хулосаси, Сенатнинг қарори ва референдумнинг якунлари таҳлил қилинган.
“Конституциявий ислоҳот – жаҳон жамоатчилиги эътиборида” деб номланган ўнинчи мавзуда Ўзбекистон Конституцияси тўғрисида хорижий ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари баён қилинган.
“Янги таҳрирдаги Конституция асосида Янги Ўзбекистонни барпо этиш истиқболлари” деб номланган ўн биринчи мавзуда Янги Ўзбекистон Конституцияси – кенг кўламли ислоҳотларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати, халқ иродасининг ифодаси, миллий ва умуминсоний қадриятлар инъикоси, бевосита амал қилувчи қонун эканлиги ёритилган.
Китобнинг хрестоматия қисмида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси қабул қилиниши ва амалга оширилиши жараёнларига тааллуқли жами 60 дан ортиқ расмий ҳужжатлар ва таҳлилий материаллар, жумладан янги таҳрирдаги Конституция тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг нутқлари (20 та), янги таҳрирдаги Конституциянинг 2022 йил 25 июнь, 4 июль ҳамда 2023 йил 15 март кунлари умумхалқ муҳокамасига қўйилган матнлари (3 та), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва қўшма қарорлари (20 та), Президент фармон, қарор ва фармойишлари (4 та), Марказий сайлов комиссияси, Конституциявий суд ва Олий суд қарорлари (3 та), конституциявий ислоҳот жараёнларининг оммавий ахборот воситаларида ёритилишига оид инфографика, чизма ва жадваллар (13 та) тўпланган.
Шундай қилиб, китобда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши тарихини ўрганиш учун муҳим бўлган барча назарий ва фактологик маълумотлар ўз аксини топган. Дарслик матнидаги маълумотлар чизмалар воситасида тўлдирилган, ҳар бир мавзу бўйича хулосалар берилган. Дарслик-хрестоматия матнининг оддий ва равон тилда баён этилиши Конституция тўғрисида етарли маълумотга эга бўлмаган инсонга уни осонгина ўзлаштириш, саволларига керакли жавобларни тезда топиш имконини беради.
Дарслик-хремтоматиядан талабалар, ўқувчилар, тадқиқотчилар ва ўқитувчилар, билан бир қаторда Ўзбекистон тараққиётининг Янги Ўзбекистон босқичи ва Янги Ўзбекистон Конституцияси яратилиши жараёнларига қизиққан амалиётчи-ҳуқуқшунослар, сиёсатчилар, давлат ходимлари, мутахассислар, экспертлар ва умуман кенг аҳоли учун жуда фойдали манба бўлиб хизмат қилади.
А.Б. Ғафуров ва Ў.С.Очилов
Юридик фанлар докторлари
«Халқ сўзи» газетасининг 2025 йил 31 январь кунги 22 (8917)-сони
[1] Мирзиёев Ш.М. Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон. – Тошкент: “O‘zbekiston” нашриёти, 2024. – 73- бет.
- Қўшилди: 31.01.2025
- Кўришлар: 227
- Чоп этиш