«ЯШИЛ ТРАНСФОРМАЦИЯ» САРИ

Янги Ўзбекистоннинг янги Давлат дастури ҳаётимизнинг барча соҳаларини шу негизда янгилашга қаратилган

 

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 7 февралда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармонда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ва Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида белгиланган вазифаларнинг ижросини оғишмай ташкил этиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисида ҳадли конвенциясининг Киото протоколи ва Париж битими доирасида мамлакатнинг глобал ҳамжамият олдида олган мажбуриятларини бажаришда тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш, уларнинг рақобатбардошлиги ва ресурс тежамкорлигини таъминлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш ҳамда аҳолининг яшаш сифатини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги “яшил ривожланиш” моделига ўтиш масалалари асосий мақсад этиб белгиланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВ билан ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти ва янги Давлат дастурининг аҳамияти ҳақида суҳбатлашдик.

– Давлатимиз  раҳбари Фармони билан тасдиқланган 2025 йил бўйича Давлат дастури, аввало, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилганлиги эътиборлидир, – деди академик А.Саидов. – Ушбу Стратегия ташаббускори шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунга қадар ҳам иккита Стратегия ишлаб чиқилгани ва қабул қилинганидан хабардорсиз. Яъни, Янги Ўзбекистоннинг биринчи стратегик дастури – Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси 2017-2021 йилларда амалга оширилди. Иккинчи стратегик дастур – Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 2022-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда ҳаётимизнинг барча соҳаларига изчил татбиқ этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг учала стратегик дастури ҳам юртдошларимиз ва халқаро ҳамкорлар таклиф-тавсиялари асосида ишлаб чиқилган. Шунинг учун улар ниҳоятда халқчил ва амалийдир. Бу стратегик дастурлар давлатимиз ва жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини тугал қамраб олган.

– Янги Ўзбекистоннинг учинчи стратегик дастури ҳақида мухтасар маълумот бериш мумкинми?

– Бу ҳақда фикр юритганда, биринчи навбатда, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳаётимизнинг энг устувор йўналишларини қамраган бешта асосий мақсадни зикр этиш ўринлидир. Яъни: биринчи мақсад – таълим йўналиши; иккинчи мақсад – барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш; учинчи мақсад – сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни  муҳофаза қилиш; тўртинчи мақсад – қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш; бешинчи мақсад – ташқи сиёсат ва Қуролли Кучларимизнинг ҳарбий салоҳиятини янада оширишдан иборат.

Президентимиз қайд этганидек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси” – халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга қаратилган  стратегик ва устувор аҳамиятга эга ҳужжат”.

Ушбу Стратегиядаги 100 та устувор мақсад замирида халқимизнинг:

  • Янги Ўзбекистонни барпо этиш;
  • ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини ривожлантириши учун имкониятлар яратиш;
  • соғлом, билимли ва маънавий етук авлодни вояга етказиш;
  • жаҳон ишлаб чиқаришининг муҳим бўғини бўлган, адолат ва қонун устуворлигини, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаётган қудратли иқтисодиётни шакллантириш;
  • ҳар бир фуқаронинг ўз салоҳиятини юксалтиришга бўлган интилишлари мужассамдир.

Ҳар бир мақсад муайян чора-тадбирлар ва қатъий вазифаларни кўзда тутади. Бу вазифаларнинг кўлами ва миқёси қанчалик қамровдор бўлса, ижросини таъминлаш механизмлари шунчалик аниқ.

Стратегия тадбирлари БМТнинг 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларининг “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилига ҳамоҳанг амалга оширилмоқда.  Шу жиҳатдан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2024 йил 30 июнь – 1 июль  кунлари мамлакатимизга амалга оширган расмий ташрифи асносида, жумладан, ўз ташрифи “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан қўллаб-қувватланаётганлигининг тасдиғи” эканини таъкидлагани таҳсинга сазовор.

Эътиборли жиҳати шундаки, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қисқа даврда  ушбу стратегик дастур ижроси доирасида – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси талабларига мувофиқ ҳамда БМТнинг устав органлари ва шартнома қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда –инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, хусусан, болалар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича муҳим тадбирлар амалга оширилди.

Бунга биргина ёрқин мисол: янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилиш ҳуқуқи кафолатланди. Конституциявий шикоят институти конституциявий даражада мустаҳкамланиб, фуқаролар Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Жаҳон мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг мақоми конституциявий даражада таъминланди.

– Айнан ўтган йилда бу борада амалга оширилган ишлар қандай самаралар берди?

–       «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида 2024 йил давомида бажарилиши лозим бўлган 691 та топшириқдан 580 таси тўла амалга оширилди. Жумладан, 2024 йилда 235 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, шундан 6 таси – қонун, 30 таси – Президент ҳужжатлари, 33 таси – Ҳукумат қарори, 166 таси бошқа турдаги ҳужжатлардир.

Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш соҳасида сезиларли натижаларга эришилди. Бу борада, жумладан, аҳоли учун “Сервис давлат” тизимини жорий қилиш, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда бюрократик тартиботларга барҳам бериш борасида бир қатор амалий ишлар бажарилди.  

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар қабул қилинди. Хусусан, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилди. Ушбу судьяга “хабеас корпус” институтини қўллаш борасида бир қатор ваколатлар берилди.

Ўз навбатида, 2024 йилда Ўзбекистон биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон вакили илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди.

Мамлакатимизга 2024 йил август ойида БМТнинг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Б.Раджагопал ташриф буюрди. БМТ Махсус маърузачиси билан тегишли давлат ташкилотлари ва турли муассасаларда бўлиб ўтган учрашувларда мамлакатимизда аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш соҳасида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон БМТ тузилмалари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига миллий маърузалар ўз вақтида тақдим этиб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни халқаро ташкилот кўмагида мамлакатимизда меҳнат соҳасида 40 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, 24 та халқаро конвенция ратификация қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий таълим самарадорлигини ошириш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга оид Жаҳон дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни бажариш бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда. Шу мақсадда Янги Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим миллий дастури изчил амалга оширилмоқда.

Яна бир муҳим тадбир: 2024 йил июнь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Инсон ҳуқуқлари бўйича тўртинчи форум “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон Президентининг Форум иштирокчиларига йўллаган табригида 2018 йилда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича биринчи Осиё форуми жаҳон амалиётига ўзига хос “Самарқанд руҳи”ни олиб киргани таъкидланди.

Шу билан бирга, 2024 йилда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 45 йиллиги, Қийноқларга ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши конвенция қабул қилинганининг 40 йиллиги ва Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганининг 35 йиллигини нишонлашга қаратилган кўламдор тадбирлар ўтказилди.

Қонун ижодкорлиги соҳасида, айниқса, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳаётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Жорий йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилиниши билан боғлиқ устувор мақсадлар бу борадаги Давлат дастурида қай даражада тўлиқ акс этди?

– Президентимиз 2025 йилни юртимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили деб эълон қилиши замирида, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш йўлида бошлаган ишларимизни янги, янада юксак босқичга кўтариш мақсади ўз мужассамини топган. Бу мақсадни рўёбга чиқаришнинг жорий йил бўйича устувор йўналишлари ва асосий вазифалари Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати биринчи мажлисларида ҳамда ҳар икки палатанинг илк қўшма мажлисида сўзлаган нутқларида аниқ белгилаб берилди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, парламентимизда, Миллат  Сардори таъбири билан айтганда, “Халқ уйи”да депутатлар ва сенаторлар билан муҳокама қилинган ана шу барча ташаббусу режалар, илгари сурилган ғоя, мақсад ва вазифалар, моҳият эътиборига кўра, Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга навбатдаги – бешинчи Мурожаатномаси мақомига эга. Ушбу Мурожаатнома ўзига хос иккита хусусиятига кўра бу борада орттирилган миллий тажриба ва кўп йиллик хорижий амалиётдан мутлақо фарқ қилади.

Биринчи хусусияти: Мурожаатномада мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида янги таҳрирдаги Конституциянинг таъсири ва илк амалий натижалари чуқур таҳлил этилди. Янги Ўзбекистон Конституциясини ҳаётимизнинг барча соҳаларига теран татбиқ этиш истиқболлари белгилаб берилди.

Иккинчи хусусияти: Мурожаатнома парламентга яхлит ва ягона дастурий ҳужжат сифатида тақдим этилмасдан, балки Президентнинг “парламент ҳафталиги” доирасида уч кун давомида – янги сайланган Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи мажлисларида ҳамда ҳар икки палата қўшма мажлисида алоҳида нутқлар тарзида эълон қилинди.

Президентимизнинг Мурожаатномасида Янги Ўзбекистон миллий тараққиётининг устувор йўналишлари ва энг асосий вазифалари белгилаб берилди. Истиқболдаги қонун ижодкорлиги дастури доирасида яқин йилларда парламент ишлаб чиқиши ва қабул қилиши ҳамда ҳукумат амалга ошириши керак бўлган энг муҳим қонунлар рўйхати таклиф этилди.

Мурожаатномада, шунингдек, аҳолининг маънавий-маърифий маданиятини юксалтириш, айниқса, ёшларни давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик туйғусини ошириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди. Давлатимиз ташқи сиёсатининг тинчлик, барқарорлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланган устувор соҳалари ривожини таъминлашга эътибор қаратилди.

– Янги Давлат дастури ишлаб чиқилиши ва умумхалқ муҳокамасидан ўтказилиши жараёнларига оид қандай энг муҳим маълумотларни тақдим эта оласиз?

–    Давлат дастури  лойиҳаси Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатида кўриб чиқилди. Ўрнатилган тартибда, лойиҳа матни тегишли экспертизалардан ўтказилди. Жорий йил 8-22 январь кунлари Дастур лойиҳаси матни кенг жамоатчилик муҳокамаси учун Интернет тармоғидаги uzbekistan2030.uz, regulation.gov.uz веб-сайтлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

Эътиборли иккита жиҳат: биринчиси – Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаси янги давр талабларига ҳамоҳанг, яъни кенг ва очиқ тарзда ташкил этилди. Иккинчи жиҳат – ушбу муҳокамалар жуда натижадор бўлди. Жамоатчилик фикри асосида салкам 100 та концептуал таклиф ва мингдан зиёд аниқлаштирувчи ва таҳририй тавсиялар лойиҳа матнини такомиллаштиришда ҳисобга олинди.

Интернет ва ижтимоий тармоқларда қарийб 11 млн фойдаланувчи лойиҳа матни билан танишиб, ўз таклиф ва изоҳларини қолдирди. Катта аудиторияга эга “Газета.уз”, “Кун.уз”, “Қалампир.уз” каби сайтлар ва “Фейсбук”, “Инстаграм”, “Телеграм” сингари ижтимоий тармоқларда 3 мингдан зиёд таҳлилий мақола жойлаштирилди. Олий ўқув юртлари ва давлат ташкилотларида ўтказилган 50 дан ортиқ муҳокама тадбирида қарийб 10 минг нафар талаба ва профессор-ўқитувчи ҳамда давлат хизматчилари иштирок этди.

– Давлат дастури лойиҳасига муносабатнинг мазмун-моҳиятини очиб берадиган қандай амалий мисоллар бор?

– Лойиҳага халқимиз жуда катта қизиқиш билдирди. Ҳужжатда ўз аксини топган бир қатор экологик ташаббуслар кенг қўллаб-қувватланди. Бу ўринда, айниқса:

  • маҳаллаларни яшиллаштириш, жумладан, “Сояли сайр кўчалари” тармоғини яратиш, велосипед ва пиёда йўллари алоҳида ажратилиши;
  • “Тоза қўллар” дастури доирасида аҳоли томонидан санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • пластик чиқиндиларни камайтириш, хусусан, уларни қабул қилувчи автоматлар ўрнатиш ва пластик идишларга муқобил маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш;
  • сув ресурсларини тежаш, жумладан, оқова, ёмғир ва техник сувлардан суғоришда фойдаланиш тизимларини ташкил этишга оид ташаббуслар юртдошларимизга ниҳоятда мақбул ва манзур бўлганини таъкидлаш лозим.

Дастур лойиҳасига хориждаги ватандошларимиз ҳам катта қизиқиш билдирдилар. АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Жанубий Корея, Япония, Нидерландия, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларда улкан муваффақиятларга эришган ватандошлар иштирокида айни мавзуда ташкил этилган кўплаб муҳокамалар шундан далолат беради.

Хусусан, Буюк Британиядаги “Тўмарис” ўзбек аёллари жамоат бирлашмаси раҳбари Замира Артикова ушбу Дастурда “аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракатлар Буюк Британия ва бутун дунёда яшаётган ўзбек аёлларини жуда хурсанд қилди”, деб эътироф этади.

АҚШдаги Калифорния университети профессори Шароф Тугизов Давлат дастурига муносабат билдирар экан, жумладан, шундай дейди: “Аҳоли саломатлигини яхшилаш, касалликларни барвақт аниқлаш ва даволаш тизимини ривожлантириш жамият фаровонлиги учун муҳимдир. Бу борада, айниқса, рақамли технологияларни жорий этиш ва скрининг тадбирларини оммавий равишда ўтказиш муҳим натижаларга эришишга хизмат қилади”.

Даниянинг Орхус шаҳридаги “Ўзбек ташаббуслари” уюшмаси раҳбари Маърифат Акбарова Давлат дастурида кўзда тутилган “чиқиндиларни саралаш маданиятини болаларга боғча ва мактабдан бошлаб ўргатиш, чиқинди контейнерларини мактаб ва шаҳар кўчаларида кўпроқ қўйиш орқали  чиқиндилар хом ашё ресурсига айланиши”га эришиш ғояси исрофнинг олдини олишга хизмат қилади”, дея уқтиради.

Ўз навбатида, халқаро ҳамжамият намояндалари томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси юқори баҳоланиб, Дастурни амалга ошириш борасида кенг кўламли ҳамкорлик таклиф қилинди. Жумладан:

Сабина Махл (БМТ): “Дастурдаги ташаббуслар глобал даражада экологик сиёсатда Ўзбекистоннинг алоҳида ўрнини кўрсатади”;

Сара Ношади (ЮНЕСКО): “Асосий урғу экология ва “яшил иқтисодиёт” масалаларига қаратилгани мамлакатнинг минтақада экология муаммоларини ҳал этишда етакчи давлатга айланаётганидан далолат беради;

Ашина Халакдина (ЖСТ): “Дастурдаги иқлим ўзгаришининг инсон саломатлигига таъсирини юмшатиш чоралари муҳим аҳамият касб этади”;

Акико Фудзи (БМТ): “Ёшлар, аёллар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа инсонларни қўллаб-қувватлашга оид ташаббусларни амалга оширишда БМТ ҳар томонлама кўмак кўрсатади”;

Манфред Хутерер (Германия): “Фармондаги ташаббуслар фуқароларнинг экология ва атроф-муҳитни асрашга бўлган дунёқарашини ўзгартиришга хизмат қилади”, деган мазмунда баёнотлар берди.

Бир сўз билан айтганда, кенг жамоатчилик муҳокамаси асносида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси халқимизнинг дилидаги орзу-истаклари ижобатига қаратилгани ўз тасдиғини топди. Шу билан бирга, чет эллардаги ватандошларимиз, хорижий экспертлар ва халқаро ташкилотлар намояндалари айни лойиҳани юқори баҳоладилар.

 – “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ниҳоятда қамровдор ва сертармоқ ҳужжат. Унга қисқа, айни чоғда, тушунарли тарзда қандай таъриф бериш мумкин?

– Давлат дастурида  “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та йўналиши кесимида 2025 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Бу, ўз навбатида, жорий йилда:

биринчидан, 295 та амалий чора-тадбирни бажариш;

иккинчидан, 87 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

учинчидан, ҳар бир йўналиш кесимида ўнлаб-юзлаб мақсадли кўрсаткичларга эришиш зарурлигини назарда тутади.

Хусусан, Давлат дастурида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича узоқ муддатли миллий стратегияни тасдиқлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш вазифаси юкланган. Айни вақтда ҳамкор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда ушбу вазифани бажаришга киришдик.

Хулоса қилиб айтганда, Давлат дастуридаги устувор мақсад ва асосий вазифаларнинг барчаси “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили талаб ва мезонларидан келиб чиққан ҳолда белгилаб берилди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз табиат ҳақида сўз юритганда, кўпинча “она табиат” деган иборани ишлатамиз. Ўйлайманки, бу шунчаки чиройли, шоирона сўз эмас, балки унинг замирида чуқур ҳаётий ҳақиқат бор. Биз мўътабар она зотини қандай юксак ҳурмат-эҳтиром қилсак, ўзимизни қуршаб турган табиатга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз зарур. Зеро, табиатни асраш – инсонни асраш демакдир”.

 

Ғулом МИРЗО суҳбатлашди

“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2025 йил 18 февраль кунги 34 (1360)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech