ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТНИНГ АСЛ МОҲИЯТИ – ИЖТИМОИЙ  АДОЛАТ

20 февраль – Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни

 

Дунё миқёсида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам 2009 йилдан буён 20 февраль – Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни (World Day of Social Justice) сифатида нишонлаб келинади. Ушбу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 26 ноябрдаги резолюцияси билан таъсис этилган.

Бутунжаҳон ижтимоий адолат кунининг бош мақсади жаҳон ҳамжамияти эътиборини ижтимоий адолатни ривожлантириш зарурлигига қаратишдир. Бу байрам, шунингдек, қашшоқлик, гендер тенгсизлик, ишсизлик, инсон ҳуқуқларига ҳурматсизлик ва ижтимоий бефарқлик каби долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чорлайди.

Ижтимоий адолат – шунчаки ахлоқий талаб эмас, балки миллий барқарорлик ва глобал фаровонлик асоси ҳам. Зеро, тенг имкониятлар, ҳамжиҳатлик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш мезонлари давлатлар ва халқларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳар томонлама ривожлантириш учун жуда муҳим.

Шунинг учун Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни билан боғлиқ байрам тадбирлари асосан ижтимоий адолат йўлидаги ғовларни олиб ташлаш ва мақбул имкониятларга кенг йўл очиш истиқболларига бағишланади. Бу, ўз навбатида, БМТга аъзо давлатлар, ёшлар, ижтимоий шериклар, фуқаролик жамияти, БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан ўзаро мулоқотни қайтадан йўлга қўйиш имконини беради.

Бундай мулоқот орқали жаҳоннинг турли ҳудудларида тобора кучайиб бораётган тенгсизлик ва нафрат, низолар ва меҳнаткашлар ҳуқуқларини  ҳимоя қиладиган институтлар фаолиятининг сусайиши оқибатида бузилган ижтимоий шартномани мустаҳкамлаш учун амалга ошириладиган саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳамжиҳатлик билан келишиб олиш мумкин бўлади. Бинобарин, янги ва мураккаб замон дунё аҳлини “бир ёқадан бош чиқариб”, яъни аҳил ҳамда бирдам бўлиб яшашга ундамоқда.

  Сайёрамизда низо ва можароларнинг кўплигига қарамай, ижтимоий адолатни таъминлаш ҳамда “яшил” ва рақамли иқтисодиёт, ёшлар ҳуқуқлари каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор берган ҳолда, муносиб иш ўринлари яратиш учун барча имкониятлар мавжуд. Инсоният дуч келиб турган ижтимоий адолат билан боғлиқ қалтис аҳвол эса бу борада беғам ва бефарқ бўлмасликни тақозо этади.

Халқаро меҳнат ташкилоти Бош директори Жильбер Хунгбонинг Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни муносабати билан тақдим этган маълумотларига қараганда, 2023 йил ҳолатига дунё аҳолисининг ярми ҳеч қандай ижтимоий ҳимояга эга эмас. Лекин сайёрамиз аҳолисининг 5-10 фоизини ташкил этувчи бойлар даромади муттасил ўсишда давом этмоқда.

Ер юзида 200 миллион нафардан зиёд меҳнаткаш инсонлар қашшоқликда кун кечирмоқда. Улар ҳафтасига 40 соатлаб ишласалар-да, кунлик даромадлари 1, 90 АҚШ долларидан камлигича қолмоқда.

Даромадлар тақсимотидаги бундай катта тенгсизлик, бандлик билан боғлиқ муаммолар инсон ҳуқуқларига риоя этилишини янада мураккаблаштирмоқда. Хотин-қизлар, мигрантлар ва қочқинларга нисбатан камситувчи муомалада бўлиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

  Ҳозирги вақтда иш ўринларининг фақат 35 фоизини аёллар банд қилган бўлиб, бу 1990 йилдаги кўрсаткичдан атиги 5 фоизгина кўпдир. Шунингдек, 290 миллион нафар ёшлар ҳеч қаерда ишламайди ва ўқимайди, 2 миллиард нафар инсонлар эса норасмий секторда, яъни меҳнат шартномасини тузмасдан меҳнат қилмоқда.

Даромаднинг беқарорлиги ва иш жойининг доимий эмаслиги, иш шароитларининг оғирлиги, ижтимоий ҳимоянинг йўқлиги вазиятни янада қалтислаштираяпти. Бундай муаммолар, бир томондан, меҳнат кишиларини пандемия оқибатларига чидамсиз қилиб қўйса, иккинчи томондан, уларнинг даромади кескин камайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Афсуски, камбағаллик ва тенгсизлик офати дунёнинг турли ҳудудларидаги кўплаб мамлакатларда вақт ўтган сари кучайиб бормоқда. Кейинги йилларда юз берган COVID-19 пандемияси, табиий офатлар ва шу балолар туфайли қайтадан қалтис тус олган иқлим ўзгаришлари, геосиёсий таранглик ва қуролли можаролар эса иқтисодий ва ижтимоий бўҳронлар билан боғлиқ тангликни янада оширмоқда.

Ижтимоий адолат амалда бўлса, жамият ҳаёти енгиллашади ва иқтисодиёт самарали авжланади. Янада муҳими, қашшоқлик, тенгсизлик ва ижтимоий танглик камаяди. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 2023 йилдаги маърузасида бу борада инклюзив ва кўптомонлама ёндашувни кучайтириш, қайтадан глобал бирдамликка эришиш, мамлакатлар ҳукуматлари ва халқлари ўртасидаги ижтимоий шартномани, шунингдек, ҳар бир жамият шартномасини – инсон ҳуқуқларини таъминлашга қамровдор ёндашган ҳолда, тубдан янгилашга чақиргани бежиз эмас.

Мамлакатимизда ушбу йўналишда аллақачон изчил иш олиб борилмоқда. Негаки, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон – ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик қиладиган ижтимоий давлат ва адолатли жамият бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 июнда Конституциявий комиссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда Конституциямизда “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган тамойилни мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурди. Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бу ғоя янада мустаҳкамланиб, ижтимоий давлатни барпо этишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Ижтимоий давлат – ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ моддий бойликларни адолатли тақсимлашга қаратилган давлат модели. Айни модель ҳозирги вақтда Буюк Британия, Франция, Швеция, Италия, Бельгия, Дания, Финландия, Германия, Португалия, Испания, Австрия, Греция, Япония, Нидерландия, Швейцария, АҚШ каби давлатларда қўлланилмоқда.

Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”. Яъни:

· ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади;

·  шунингдек, ижтимоий давлат шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади;

·  ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, барча учун тенг имкониятлар, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам ижтимоий давлатнинг асосий вазифасидир;

· яшаш учун зарур ресурслар – ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси, транспорт ва бошқа қулайликлар билан таъминланиш, мажбурий меҳнатга тақиқ қўйиш ҳам ижтимоий давлатда муҳим аҳамият касб этади;

· энг муҳими, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилда нашр этилган “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” номли китобида “Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилининг айни устувор йўналишлари батафсил ифода этилган. Хусусан, мамлакатимиз аҳолиси учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳит яратиш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш, ижтимоий, ҳуқуқий, экологик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш истиқболлари кўрсатиб берилган.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг 2024 йили чиққан “Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон” китобидаги “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” сарлавҳали алоҳида боб айни мавзуга бағишланган. Ушбу китобда келтирилган таърифга кўра, “Ижтимоий давлат – энг аввало, жамиятда ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатлик тамойиллари ҳукм сурадиган, инсон капиталини ривожлантириш ва унинг имкониятларини юзага чиқариш учун зарур шароитлар яратилган, фуқаролар учун юқори ҳаёт ва турмуш даражаси таъминланадиган давлатдир”.

Шу маънода, мамлакатимизда 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи инсон қадрини улуғлашга хизмат қиладиган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ёқлаб овоз бергани таҳсинга сазовор. Эндиликда Асосий қонунимизда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятларига тааллуқли нормалар 3 баробар кўпайди.

Энг муҳими, янги таҳрирдаги Конституциямизда биринчи марта “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” (1-модда), деган норма белгиланди. Шу асосда Янги Ўзбекистонда давлат қурилишининг янгича стратегик мақсади – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди.

Бу муҳим жараёнда, академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда, ҳуқуқий, ижтимоий давлат императивини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бирдамлик, адолатли ижтимоий сиёсат, инсон капиталини ривожлантириш тамойиллари устуворлигига таянилди. Зеро, давлат ўз фуқароларига ғамхўрлик қилишга мажбур. Мазкур устувор принцип ижтимоий давлатнинг асл моҳияти ҳисобланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фуқароларга давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ҳажми ва турларини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари икки баравар кўпайди, ногиронлиги бўлган шахслар ва ногирон болаларга ғамхўрлик қилаётганлар учун янги турдаги имтиёзлар жорий этилди.

Янги Ўзбекистоннинг асосий мақсади – ҳар бир фуқарога ғамхўрлик қилиш, инклюзив ривожланиш, аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш эканини ҳам таъкидлаш зарур. Бинобарин, Ўзбекистонни ўз Ватани, деб билган, унинг равнақига ҳисса қўшаётган ҳар бир инсон миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳамиша давлат ва жамиятнинг эътибори ва ғамхўрлигидадир.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси юртимизда изчил амалга оширилаётган шиддатли ва қамровдор ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Тараққиёт стратегиясининг “Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш” номли тўртинчи устувор йўналишида ижтимоий давлат негизини ташкил этувчи масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, мазкур дастурий ҳужжатнинг 43-мақсади бевосита ҳар бир инсон учун муносиб шароит яратиш ва турмуш даражасини мунтазам яхшилаб боришга йўналтирилган.

Яна бир муҳим дастуруламал ҳужжат – “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам ижтимоий ҳимоя масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу ҳужжатда аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш асосий ғоялардан бири этиб белгиланган ҳамда уни Барқарор ривожланиш бўйича Ўзбекистон миллий мақсад ва вазифалар доирасида рўёбга чиқариш чора-тадбирлари қайд этилган.

Бунда, биринчидан, профессионал ижтимоий хизматларни кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш орқали ижтимоий ҳимоя қилиш тизими билан муҳтожларнинг барчаси тўлиқ қамраб олинади. Бунинг учун таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими яратилди.  

Иккинчидан, нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳар йили бир  миллиондан ортиқ нуроний учун тарихий шаҳарлар, қадимий обидалар, зиёратгоҳлар ва юртимизнинг сўлим гўшаларига саёҳатлар ташкил этилмоқда. Нуронийларни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирлар қамрови камида 30 фоизгача ортиши назарда тутилган.    

Учинчидан, меҳнатга лаёқатли аҳолини, шу жумладан, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг барқарор ва самарали бандлигини таъминлаш орқали ишсизлик даражасини 7 фоизгача тушириш борасида изчил иш олиб борилмоқда.

Тўртинчидан, аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, иш берувчи юридик шахс тугатилганда ва тугатилаётган корхонанинг тўловлар учун маблағлари мавжуд бўлмаган ҳолларда ишдан бўшатиш нафақалари, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар оқибатидаги суғурта тўловларини кафолатланган ижтимоий суғурта тизими орқали амалга ошириш ташкил этилаётир.  

Шу нуқтаи назардан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ана шу кўламдор ислоҳотларни 2025 йилда самарали амалга оширишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Давлат дастурининг 100 та мақсадидан аксарияти айнан ижтимоий йўналишдаги чораларни ўзида қамраган.

Мухтасар айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва одил фуқаролик жамиятини қуриш йўлида илдам одимламоқда. Шу долзарб омилни ҳисобга олган ҳолда, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойили ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўз аксини топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech