Орхус Конвенцияси ва инсоннинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқлари ҳимояси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида “Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенцияга (Орхус, 1998 йил 25 июнь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди ҳамда маъқулланди.

Шу тариқа мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳуқуқлар ҳимояси янги қонуний асосга эга бўлди. Ушбу халқаро ҳужжат 1998 йил 25 июнда Даниянинг Орхус шаҳрида Европа Иқтисодий Комиссиясига аъзо мамлакатлар томонидан имзоланган.  

Мазкур Конвенция инсоннинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланиб, у тегишли давлат органлари, фуқаролар ва жамоатчилик ўртасида экологик ахборотларни олиш ва улардан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

Қайд этилганидек, халқаро мақомдаги ҳужжатнинг асосий мақсади – экология, атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қарорларни қабул қилишда жамоатчиликнинг иштироки билан боғлиқ ўзаро муносабатларни тартибга солиш ҳамда одил судловга эришишни таъминлашдан иборат.

Конвенцияда давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кенг жамоатчилик сўровига биноан ҳаво, атмосфера, сув ва тупроқ каби атроф-муҳит элементларининг таркибий қисмларига доир зарур маълумотларни тақдим этиш, соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва режаларни ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш белгиланган.

Сенаторларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конвенцияга қўшилиши экология ва атроф-муҳит соҳасида  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб таъминлашга, хорижий ҳамкор давлатлар билан ҳамжиҳатликда экологик хавфсизликка эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, шунингдек, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижи ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

Жорий йил 21-22 февраль кунлари бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида, Сенат Ахборот хизмати хабарида қайд этилганидек, жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 19 та масала, шу жумладан, 17 та қонун кўриб чиқилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech