Ўзбекистон вакили БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 58-сессиясида сўзга чиқди

ТОШКЕНТ, 27 февраль. /"Дунё" АА/. Шу йил 24 февраль куни Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 58-сессияси ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказининг матбуот хизмати маълумотига кўра, 26 февраль куни сессиянинг Олий даражадаги сегментида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов сўзга чиқди.

 

Сессиянинг очилиш маросимида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши президенти Жорж Лаубер, БМТ Бош Ассамблеяси раиси Филемон Янг, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар Фолькер Тюрк маъруза билан қатнашди.

 

Йиғилиш давомида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг айрим мамлакатларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги аҳвол ва БМТнинг махсус процедуралари бўйича маърузаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Универсал даврий шарҳ доирасидаги миллий ҳисоботларни кўриб чиқиш натижаларини тасдиқлаш кўзда тутилмоқда.

 

Йиғилиш якунида Олий комиссарнинг Украинадаги вазият бўйича ҳисоботи тақдим этилади. Шунингдек, Беларусь, Афғонистон ва Эрон бўйича махсус маърузачи билан интерактив мулоқот ўтказилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ўз сўзининг бошида, БМТ бош котиби Aнтониу Гутерришга ўтган йил июль ойида Ўзбекистонга иккинчи ташрифи давомида мамлакатда изчил давом этаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик изҳор этди.

 

Акмал Саидов, шунингдек, "Ҳозирги пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини тайёрлаш жараёнида турибмиз, унда Универсал даврий ҳисобот ва БМТ шартномавий органларининг тавсиялари ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари тамойилларига мувофиқ равишда амалга ошириладиган муҳим чора-тадбирлар қамраб олинган", дея таъкидлади. 

 

Ўзбекистон вакили маърузаси якунида, БМТ Бош Ассамблеясининг "Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги резолюциясини ишлаб чиқиш ташаббусига оид мамлакатимиз ҳукуматининг таклифини илгари сурди.

 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 58-сессиясининг Олий даражадаги сегменти иши давом этмоқда.

 

Эслатиб ўтамиз, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш БМТ Бош Ассамблеясининг 2006 йил 15 мартдаги №60/251-сон резолюцияси билан ташкил этилган. Кенгаш БМТ тизимидаги ҳукуматлараро орган сифатида ўз фаолиятини инсон ҳуқуқлари бўйича умумий ҳурматни тарғиб қилишга қаратиб, бутун дунё бўйлаб барча инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқларини бузиш билан боғлиқ вазиятларни кўриб чиқиш, шунингдек, бу борада тегишли тавсияларни тайёрлаш вазифаларини бажаради.

 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясининг Олий даражадаги сегменти йиғилиши йилига бир марта – баҳорги сессия доирасида ўтказилади. Олий даражадаги сегмент йиғилишидан мақсад дунё мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларини юқори сиёсий даражада муҳокама қилиш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари хавфсизлиги механизмлари ва тартиб-таомилларини мустаҳкамлашдан иборат.

 

Олий даражадаги сегмент инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича БМТга аъзо давлатларнинг умумий ва ўзаро мақбул позицияларини мувофиқлаштириш ва ишлаб чиқиш механизми сифатида ташкил этилган. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech