Мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сафига кирганига 33 йил тўлди. Ўзбекистон 1992 йил 2 март куни мазкур нуфузли халқаро ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинган.
Шундан буён Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида мустақил давлатимиз байроғи ҳилпираб турибди; Ватанимиз номи олий минбарларда мағрур жарангламоқда. Ўзбекистон БМТнинг барча тадбирларида фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон БМТга аъзо бўлганлигининг 33 йиллиги ушбу халқаро ташкилот фаолиятига дахлдор қизғин воқеаларга бой бир даврга тўғри келди. Яъни, бир томондан, АҚШ ва Исроил давлатларининг БМТ аъзолигидан чиқиш ҳаракати кучайган бўлса, иккинчи томондан, Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг 143-сессияси бошланди. Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 58-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Ушбу сессиянинг Олий даражадаги сегментида сўзга чиққан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳозирги пайтда мамлакатимиз Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини тайёрлаш жараёнида турганлигини маълум қилди. Бу ҳужжатда Универсал даврий ҳисобот ва БМТ шартномавий органларининг тавсиялари ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари тамойилларига мувофиқ равишда амалга ошириладиган муҳим чора-тадбирлар қамраб олинган. Ўзбекистон вакили, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг "Марказий Осиёда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги резолюциясини ишлаб чиқиш ташаббусига оид мамлакатимиз ҳукуматининг таклифини илгари сурди.
БМТ ҳозирги вақтда 193 давлатни бирлаштирган. Ўзбекистон Республикаси Президенти қайд этганидек, “1945 йилда ташкил этилганидан буён БМТ халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда марказий мувофиқлаштирувчи роль ўйнайдиган чинакам универсал халқаро тузилмага айланди”.
Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган асосий халқаро ташкилот билан ҳамкорликка катта аҳамият қаратади. Давлатимиз БМТ Устави, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномалардаги мақсад ва принципларга содиқ бўлиб, ўз зиммасига олган мажбуриятларни оғишмай бажариб келмоқда.
БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўптомонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш принципларига сўзсиз амал қилишини намойиш этмоқда. Сўнгги вақтларда халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, янги глобал қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, глобал мулоқот, глобал ҳаракатлар ва бутун дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби ғояларни фаол илгари сурмоқда.
Бундан 32 йил илгари – 1993 йил 24 октябрда Тошкентда БМТ ваколатхонаси очилган. Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастури, фонд ва агентликлари, шу жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик фонди (ЮНФПА), Болалар фонди (ЮНИСЕФ), Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастур, Гендер тенглик, Аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмалари фаолият кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз БМТ ва унинг қатор ихтисослаштирилган муассасалари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилот, Жаҳон озиқ-овқат ташкилоти, Жаҳон банки, МАГАТЭ ва бошқа халқаро ташкилотлар ишида фаол иштирок этаётир.
Турли йилларда Ўзбекистонга БМТ бош котиблари – Кофи Аннан, Пан Ги Мун, 2017 йили – амалдаги Бош котиб Антониу Гутерриш ташриф буюрган. Ўзбекистон БМТнинг махсус процедуралари билан ўзаро ҳамкорлик борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришди. Бу ўринда 2021 йил декабрида Ўзбекистонга БМТнинг Терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн ташриф буюрганини алоҳида қайд этиш лозим.
Мамлакатимиз БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида унинг мақсад ва ваколатларига қатъий риоя этади. Ўзбекистон ўз овози ва мақомидан фойдаланиб, БМТ фаолиятининг барча соҳаларига доир ўта муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари суради.
Ўзбекистоннинг БМТ ҳузуридаги доимий ваколатхоналари Нью-Йорк (АҚШ), Женева (Швейцария) шаҳарларидаги БМТ бўлимлари ҳузурида, бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхонамиз Вена шаҳридаги (Австрия) БМТ бўлимида фаолият кўрсатади.
Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда мутлақо янги даражага кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида, 2020 йил 25 сентябрда видеоконференция шаклида ташкил этилган 75-юбилей сессиясида, шунингдек, 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46- сессиясида онлайн шаклда ва Бош Ассамблеянинг 76-сессиясида маъруза қилди. Бу нуфузли анжуманларда давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, таълим, маънавият, экология, туризмни янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа соҳалардаги ташаббусларини эълон қилди. Ўзбекистон Президенти 2023 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумий мунозаралари доирасида Ташкилот Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистоннинг кейинги йиллардаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи БМТ Бош Ассамблеяси қатор махсус резолюцияларининг қабул қилинишида намоён бўлди. Жумладан, қисқа даврда: «Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш», «Маърифат ва диний бағрикенглик», «Барқарор туризм ва Марказий Осиёда барқарор тараққиёт», «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш» бўйича резолюциялар қабул қилингани бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
БМТ шафелигида юртимизда бир қанча халқаро конференция ва форумлар ўтказилди. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув учрашувлари ташкил этилди. Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди тузилди. БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида Пандемия давридаги давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари халқаро кодекси тасдиқланди. Унда ҳар бир давлатнинг фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши кераклиги белгиланган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон ҳуқуқлари мамлакатни сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларда марказий ўрин эгаллайди. Бинобарин, Ўзбекистон “БМТнинг инсон манфаатлари йўлида саъй-ҳаракатга даъвати” ни қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади. Бугун мамлакатимизда демократиянинг замонавий ва инсон ҳуқуқлари мезонларига жавоб берадиган барқарор сиёсий тизими барпо этилган. Қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва барча даражадаги суд ҳокимияти фаол ишламоқда.
Энг муҳими, жамиятимизда Конституцияга ва мамлакат қонунларига ҳурмат туйғуси кучаймоқда, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор принципи ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда. БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида 2020 йил 13 октябрь куни бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайлангач, ўзининг айни принципга содиқлигини халқаро миқёсда ҳам амалда намоён қилишда изчил давом этди.
Ўзбекистон нафақат Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, балки Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш комиссияси, ЮНЕСКОнинг маданий мерос бўйича қўмитаси ва кўплаб бошқа тузилмаларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз билан БМТ ва унинг тузилмалари ўзаро ҳамкорлигининг кейинги даврдаги амалий натижалари ҳақида узоқ тўхталиш мумкин.
Шу боис айрим мисолларнигина келтириш билан кифояланамиз. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистон биринчи марта БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон вакили илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди.
Ўзбекистон БМТ тузилмалари, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Мамлакатимиз томонидан ратификация қилинган шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарига миллий маърузалар ўз вақтида тақдим этиб келинмоқда.
Ўзбекистон билан БМТ ўртасида бундай самарали ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётгани бежиз эмас. Зеро, бугунги мураккаб шароитларда, миқёсига кўра мисли кўрилмаган қуролли зиддиятлар ҳамда халқаро тинчлик ва барқарорликка ошиб бораётган таҳдид саҳнида тинчлик ва хавфсизликни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида аъзо давлатларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни мақсад қилган универсал халқаро тузилма сифатида БМТнинг роли ва масъулияти жуда муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституциямиз, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегиясида мамлакатимиз дунёнинг барча мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик қилишга, БМТ ҳамда унинг институтлари билан амалий мулоқотга ҳамиша тайёрлиги яна бир бор ўз тасдиғини топган.
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 03.03.2025
- Кўришлар: 770
- Чоп этиш