Судлар уй-жойдан мажбурий кўчиришга оид қарорида инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларига ҳам амал қилиши зарур

Олий судда “Муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш, жумладан, мажбурий кўчиришни амалга ошириш бўйича суд амалиёти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Олий суд ва қуйи судлар судьялари иштирок этди.

Давра суҳбати БМТнинг етарли уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакиршнан Ражагопалнинг 2024 йил август ойида Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича тақдим этган тавсияларини амалга ошириш доирасида бўлиб ўтди. 

Унинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 40-сессиясида тақдим этган ҳисоботига кўра, дунё бўйлаб 1,8 миллиардга яқин одам уй-жой билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Шаҳар аҳолисининг 25 фоизи норасмий аҳоли пунктларида яшайди.

Шу боис, бу масала долзарб аҳамиятга эга бўлиб, халқаро стандартлар ва энг яхши ҳуқуқни қўллаш амалиётига асосланган тизимли ёндашувни талаб қилади. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси, академик Акмал Саидов муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасида миллий қонунчилик ва суд амалиётини янада такомиллаштириш муҳимлигини таъкидлади. БМТ тавсиялари Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Олий суд раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Олий суд бу борада фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро стандартларни ҳисобга олмоқда. Ушбу соҳадаги суд амалиётини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда. 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матильда Богнер ўзининг онлайн мурожаатида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Инсон ҳуқуқлари, хусусан, муносиб уй-жойга бўлган ҳуқуқ соҳасидаги халқаро стандартларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Бу эса, фуқароларни ҳимоя қилишнинг энг самарали механизмларини жорий этиш имконини беради.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Омер Фишер БМТ Махсус маърузачисининг асосий хулоса ва тавсияларини тақдим этиб, суд жараёнларининг шаффофлиги ва аҳолининг заиф қатламларига тизимли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш зарурлигига эътибор қаратди. 

Давра суҳбати давомида иштирокчилар мажбурий кўчириш ва уй-жой ҳуқуқини таъминлаш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди. Судлар ўз қарорларида нафақат қонун, балки инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиб, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари ва манфаатларини инобатга олиши зарурлиги таъкидланди.

Муҳокамаларда уй-жой масалалари бўйича судьялар малакасини ошириш, ҳуқуқни қўллаш кўникмаларини такомиллаштириш ва илғор халқаро тажрибани ўрганиш зарурлиги қайд этилди. Фуқароларга ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун суд органлари, тегишли давлат муассасалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам керак. 

Муҳокамалар якунида бундай тадбирлар илғор тажриба алмашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш сифатини ошириш, шунингдек, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Н.Абдураимова, Р.Назарматов (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech