Маърифатпарвар инсон

Китоб – инсониятнинг энг улуғ кашфиётларидан бири. У замонлар оша тафаккур дурдоналарини аждодлардан авлодларга безавол етказади. Китобхон инсон ҳаёт йўлларида қоқилмайди, оқ-қорани танийди. Китобни суйган ва қадрлаган халқдан эса даҳолар етишиб чиқади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек: “Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса аввало инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти – китоб ва кутубхоналарда”.

Одамларга китоб улашиш – зиё ва маърифат тарқатиш демакдир. Шунинг учун ҳам илму ижод соҳибларини ва уларнинг меҳнати маҳсулини китоб шаклида элимизга етказувчи касб эгалари – ноширларни зиёкорлар, маърифатпарварлар деб атаймиз. Китобни нондек азиз билган халқимиз азалдан китобдорларни – ноширларни эъзозлаган. “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа маркази таъсисчиси, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Эркин Абдураҳмонов ҳам болалигидан китобга меҳр қўйиб, ноширлик касбини пухта эгаллаган ва касби билан элу юртда қадр топган маърифатпарварлардан биридир.

Эркин Абдураҳмонов 1965 йил 7 мартда Тошкент шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. Ота-онаси Мухторхўжа ота ва Илҳомия она олти фарзанднинг энг кенжаси Эркинжонда мутолаага бўлган кучли иштиёқ борлигини жуда эрта илғашган, байрамларда мунтазам равишда китоб совға қилиб, доимо қўллаб-қувватлашган.

Мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган Эркин Абдураҳмонов Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг) филология факультетига ўқишга кирган. Талабалик давридаёқ ўша пайтдаги нуфузли нашриётлардан бири – “Ёш гвардия”да меҳнат фаолиятини олиб борган.

Университет таълимини тугатгач, “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир, “Ёшлар матбуоти” кичик корхонасида директор, “Ёш куч” журналида бош муҳаррир лавозимларида ишлаган.

1999 йилда “Янги аср авлоди” нашриёт-матбаа марказига асос солган. Ушбу нашриёт бугунги кунда мамлакатимиздаги энг етакчи ва илғор нашриётлардан бири саналади.

Эркин Абдураҳмонов ноширлик малакаси билан бир қаторда бошқарувчилик салоҳиятини ҳам ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таълим олган.

У 2017-2018 йилларда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” нашриётида директор бўлиб ишлаган. 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.

Бундан бир неча йил муқаддам “Янги аср авлоди” нашриётига қўлёзмамни олиб борганда Эркин Абдураҳмонов билан илк бор танишганман. Унинг ноширлик бўйича юксак билим ва малакага эга экани, касбининг нозик сир-асрорларини пухта эгаллагани ва ўз соҳасида янгиликка интилувчанлиги диққатимни тортган. Ҳозирга қадар “Янги аср авлоди” нашриётида “Ўн бир француз юрист-адиблари”, “Ҳофман немис ва ўзбек юристи нигоҳида”, “Лев Толстой ҳикматлари” каби бир қатор китобларим нашр этилди. Шунингдек, ушбу нашриётда чоп этилган Ф. Достоевскийнинг “Ҳаётий ҳикматлар ва танбеҳлар”, В. Гётенинг “Ғарбу Шарқ девони” (Садриддин Салим Бухорий таржимасида) каби кўплаб китобларни нашрга тайёрлашга ҳиссам қўшилди. Сиёсий-ижтимоий, ҳуқуқий ва адабий йўналишдаги китобларни нашр этиш бўйича самарали ҳамкорлигимиз давом этмоқда.

Катта салоҳият ва тажрибага эга маҳоратли ношир Эркин Абдураҳмонов фидокорона хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофотлари – “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган.

“Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деган эди жаҳонни бўйсундирган буюк подшоҳ Амир Темур. Китоб нашр этишдек эзгу ва савобли амални умр мазмуни деб билган Эркин Абдураҳмоновнинг омад ва муваффақиятлари бардавом бўлсин.

 

Акмал Саидов,

академик

«Ishonch» газетасининг 2025 йил 4 март кунги 28 (5092)-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech