Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Франция Республикасида бўлиб турибди.
12 март куни Париждаги Фахрийлар уйида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Мамлакатимиз етакчисини Франция Президенти Эммануэль Макрон кутиб олди.
Майдонда олий мартабали меҳмон шарафига Франция Республика гвардияси, қуруқлик қўшинлари, ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучлари хизматчиларидан иборат фахрий қоровул саф тортди.
Ҳарбий оркестр ижросида икки мамлакат мадҳиялари янгради. Гвардиячилар давлатимиз раҳбари олдидан тантанали юриб ўтди.
Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар ва расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Сўнг давлатимиз раҳбари отлиқ гвардиячилар ва мотоциклчилар ҳамроҳлигида олий даражада музокара ўтказиш учун Франция Президентининг қароргоҳи – Елисей саройига йўл олди.
Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг музокаралари бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари кўп қиррали Ўзбекистон – Франция муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини юзма-юз ва делегациялар иштирокида атрофлича муҳокама қилдилар.
Икки мамлакат етакчиларининг 2023 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган учрашуви давомида эришилган келишувлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Турли даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда. Ўтган йилда товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард евродан ошди, қўшма корхоналар сони 4 баробар кўпайди.
Юртимизда Франциянинг “Orano”, “EDF”, “Total”, “SUEZ”, “Voltalia”, “Veolia” ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда. Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик янги сифат касб этди, у билан янги Ҳамкорлик дастури қабул қилинмоқда.
Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва "MEDEF" бизнес миссияси самарали ўтди, Ишбилармонлар палатаси ўз ишини бошлади.
Шу кунларда Париж, Тулуза, Лион ва Ницца шаҳарларида ҳудудларнинг фаол иштирокида қўшма тадбирлар ўтказилмоқда. Куни кеча қўшма тиббиёт форуми ҳамда фан ва таълим бўйича конференция, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданиятига бағишланган тақдимотлар ўтказилди. Гретц-Арменвиль шаҳрида буюк аллома Абу Райҳон Беруний бюсти очилди.
Савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Франциянинг етакчи компания ва корхоналари билан кооперация лойиҳаларини илгари суришга устувор аҳамият қаратилди.
Бу галги саммитга янги Инновация ва саноат шериклиги дастури тайёрланган. Муҳим минерал хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт ва бошқа тармоқларда умумий қиймати 6,5 миллиард евролик қўшма лойиҳаларни илгари суриш кўзда тутилган.
Умуман, қўшма лойиҳалар портфели 12 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.
Шу маънода, молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари узоқ муддатли кооперация алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон – Франция инвестиция кенгашини таъсис этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йил июнь ойида Тошкент инвестиция форуми доирасида ўтказишни таклиф этди.
Ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида келгуси йилда Самарқанд шаҳрида икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказишга келишиб олинди.
Етакчилар гуманитар йўналишдаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Париж шаҳрида Савицкий музейи тўпламидаги авангард асарлар кўргазмасини ташкил этиш, маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича ҳамкорлик учун мамлакатимизда Франция мероси институти ваколатхонасини очиш режалари қўллаб-қувватланди.
Жорий йилда Тошкент шаҳрида Франциядан тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон – Франция университети очилиши таълим соҳасидаги асосий келишув бўлгани таъкидланди. Француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш соҳасида ҳам самарали ҳамкорлик давом эттирилади.
Ишбилармонлик, туризм ва маданий алмашинувларни фаоллаштириш мақсадида томонлар тўғридан-тўғри авиақатновлар сонини кўпайтириш масаласини кўриб чиқадилар.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Кўп томонлама ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттириш, терроризм, экстремизм, радикализм, кибержиноятчилик ва хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим экани таъкидланди.
Тизимли мулоқотни йўлга қўйиш ва мувофиқлаштириш мақсадида ташқи ишлар вазирликлари бошчилигида иқтисодий идораларни жалб қилган ҳолда Стратегик режалаштириш гуруҳини тузишга келишиб олинди.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида тарихий қарорга келдилар.
Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макронни ўзи учун қулай вақтда жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилдилар.
Давлат раҳбарлари ҳузурида Мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи Инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашилди.
Давлат ташрифи давомида қуйидагилар ҳам имзоланди:
– Ўзбекистон – Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Реадмиссия тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Ташқи ишлар вазирликларининг 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– 2026-2030 йилларда Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик дастури;
– Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик тўғрисида декларация;
– Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация;
– Француз тилини ўқитишни кенгайтириш тўғрисида баённома;
– Мусиқа, кино ва театр соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида декларация;
– Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Франция Маданият вазирлиги, Маданий мерос миллий институти ва Марказий Осиё тадқиқотлари институти ўртасидаги ҳамкорлик битимлари;
– Тошкент ва Париж шаҳарлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида баённома ва бошқа икки томонлама ҳужжатлар.
Елисей саройидаги олий даражадаги учрашув чоғида Президент Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макронга буюк француз ёзувчиси Виктор Гюгонинг ўзбек тилига таржима қилинган "Кулаётган одам" романининг илк нусхасини совға қилди.
Ушбу китоб оммавий нашрдан чиқиши ва тез орада китобхонлар эътиборига ҳавола этилиши кутилмоқда.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари 2018 ва 2022 йилларда ушбу мамлакатга расмий ташрифлари ҳамда 2023 йилги Самарқанд саммитида ҳам Франция тадбиркорлари билан учрашган эди.
Форум ана шу очиқ ва конструктив мулоқотнинг давоми бўлди. Бу галги учрашув унда Ўзбекистоннинг хусусий компаниялари раҳбарлари ва вакиллари ҳам иштирок этгани билан ажралиб туради.
Тадбирда Франциянинг ташқи савдо ва хориждаги француз фуқаролари ишлари бўйича вазир-делегати Лоран Сен-Мартен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу, "MEDEF International" раҳбари – "Orano Mining" компанияси бошқаруви раиси Клод Имовен, шунингдек, икки мамлакат етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтларининг 60 дан ортиқ раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Франция бизнеси томонидан SUEZ, Veolia, Total, EDF, Voltalia, Orano, Meridiam, Saint-Gobain, Imerys, Natixis, Societe Generale, BPI France, Airbus, MND, Eiffage, Schneider Electric, Total Energies, Alstom, Technip Energies, Egis, ADP Group, Ellipse Projects, Assystem, АТR ва бошқа компаниялар қатнашди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Франция Президенти Эммануэль Макрон билан ўтган самарали музокараларни юксак баҳолаб, ишбилармонлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Учрашувнинг асосий натижаси сифатида Ўзбекистон – Франция муносабатларини стратегик шериклик даражасига кўтариш ҳақида тарихий қарор қабул қилинди.
Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда икки мамлакат етакчи компаниялари муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Франция ишбилармон доиралари вакилларига Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас иқтисодий ислоҳотлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирилди.
Жорий йил январь ойида "MEDEF" таркибидаги йирик компаниялар раҳбарларининг Тошкент шаҳрига ташрифи натижалари юксак баҳоланди.
Франция компаниялари билан мамлакатимиз иқтисодиётининг стратегик тармоқларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Ушбу мамлакат инвестицияларини фаол жалб этиш ва илғор технологияларни жорий этиш, Франция корхоналарининг ечимлари, тўпланган катта тажриба ва билимларини қўллашдан Ўзбекистон манфаатдор.
Ўзбекистон Президенти Франция билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Франция компаниялари билан 2027 йилгача бўлган даврга мўлжалланган инновацион ва саноат кооперацияси дастури бунга хизмат қилади. Унга умумий қиймати 6,5 миллиард евро бўлган аниқ йўналиш ва лойиҳалар киритилган.
Дастурни амалга ошириш доирасида Франциянинг етакчи банк ва молия ташкилотларини фаол жалб қилган ҳолда бизнес ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситалари кенг жорий этилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари муҳим минерал ресурсларнинг истиқболли конларини ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика тармоқлари, электротехника саноати, қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва бошқаларни Ўзбекистон – Франция ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтди.
Энергетикада энергия ишлаб чиқариш ва сақлаш қувватларини кенгайтириш, Ўзбекистон ҳудудларида сув хўжалиги, коммунал, туризм, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамкорликни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга.
– Икки мамлакат компаниялари иштирокидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш мақсадида доимий фаолият юритадиган Ўзбекистон – Франция инвестиция кенгашини таъсис этишни таклиф қиламан. Биз томондан унга Ўзбекистон Бош вазири раҳбарлик қилади. Биринчи учрашувни июнь ойида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказишимиз мумкин. Барчангизни ташкил этилаётган кенгашнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида бўлажак тадбирда фаол иштирок этишга таклиф этаман, – деди давлатимиз раҳбари.
Ўз навбатида, Франция ишбилармон доиралари вакиллари ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ таклиф ва режаларини баён қилди.
Давлатимиз раҳбари ишбилармон доиралар вакилларига муваффақиятлар тилаб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Ўзбекистон Ҳукумати томонидан тасдиқланадиган "йўл хариталари" асосида эришилган келишувлар ижроси устидан назоратни таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
Ташриф доирасида Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Франция Республикасининг олий мукофоти – Фахрий легион ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Юксак мукофотни давлатимиз раҳбарига Франция Президенти Эммануэль Макрон тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун ушбу орденга сазовор бўлди.
Мамлакатимиз етакчиси мукофот учун Франция раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, кейинги йилларда сермаҳсул ҳамкорликда юксак натижаларга эришилгани, икки мамлакат муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.
Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган. Францияда ушбу орден алоҳида хизматларнинг давлат даражасида эътироф этилиши ва шон-шарафнинг энг юқори белгиси ҳисобланади.
Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макрон Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шарафига давлат қабул маросимини уюштирди.
Қабулда Ўзбекистон ва Франция расмий делегациялари аъзолари, таниқли маданият, санъат ва фан арбоблари, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари Эммануэль Макрон ва унинг рафиқаси Брижит Макронга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бугун бўлиб ўтган музокаралар тарихий аҳамиятга эга эканини, уларнинг натижасида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини мамнуният билан қайд этди.
Франция етакчиси бугун ўтказилган музокаралар натижаларини ва имзоланган битимларни олқишлади.
– Бир неча йил ичида биз энергетика, сув ресурсларини бошқариш, коммунал хизматлар, транспорт, барқарор туризм каби муҳим соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга эришдик. Бунинг далили сифатида Франция ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги кўмагида француз компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритаётгани, ҳудудларда қўшилган қиймат ва иш ўринлари яратилаётгани, ёшлар касб ўрганиб, ҳаётда ўз ўрнини топаётганини келтиришим мумкин, – деди Эммануэль Макрон.
Томонлар халқларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон – Франция ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қатъий интилишларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Францияга давлат ташрифи доирасида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) бош директори Одри Азулени қабул қилди.
БМТ тизимидаги ушбу нуфузли тузилма билан самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек, жорий йилнинг кузида Самарқанд шаҳрида ташкилот Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Кўп қиррали шериклик бугунги кунда юксак даражада экани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон ташаббуси билан ахборотдан фойдаланиш ва болалар таълими масалалари бўйича резолюциялар қабул қилинди.
Мамлакатимиз Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро марказга аъзо бўлди. Бухоро "Креатив шаҳарлар тармоғи"га қўшилди. Самарқанддаги Ипак йўли университетида ЮНЕСКО кафедраси очилди. Ўтган йили таълим, маданият, рақамли ва инновацион технологиялар соҳаларида 7 та янги лойиҳани амалга ошириш бошланди.
Турон чўллари ва Зарафшон-Қорақум йўлаги, ипакчилик, кулолчилик, рубоб чалиш ва ифторлик анъаналари, "Бухоро амири девонхонаси архиви", "Туркистон альбоми", "Худойберган Девонов фотоальбоми" ЮНЕСКОнинг махсус рўйхатларига киритилди.
Таъкидлаш жоизки, Самарқанд шаҳрида бўлажак Бош конференциянинг 43-сессияси сўнгги 40 йил ичида биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги қароргоҳидан бошқа жойда ўтказилади. Бу воқеа ташкилотнинг 80 йиллигига тўғри келади.
Бош директор Одри Азуле Ўзбекистон билан сермаҳсул ҳамкорликни юксак баҳолаб, бўлажак тадбирга кенг кўламли тайёргарлик кўрилаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Амалий ҳамкорлик дастурларини янада кенгайтириш, шунингдек, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасидаги форум ва тадбирларни ташкил этиш бўйича яқиндан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи давом этмоқда.
ЎзА
- Қўшилди: 13.03.2025
- Кўришлар: 593
- Чоп этиш