БУДАПЕШТ, 15 апрель. /"Дунё" АА/. Венгриянинг "Eurasia Magazine" журналида академик Акмал Саидовнинг "Биринчи Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити: минтақалараро стратегик ҳамкорлик сари" cарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Нашрда маълум қилинганидек, жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи тарихий саммити бўлиб ўтди. Олий даражадаги тадбирда Европа Иттифоқи раҳбарлари ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари қатнашди.
"Саммитда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар ва амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, – деб ёзган муаллиф. – Иштирокчилар долзарб халқаро ва минтақавий сиёсий воқеалар юзасидан фикр алмашдилар. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор янги ташаббусларни тақдим этди".
Президент Шавкат Мирзиёев саммит арафасида Euronewsга берган интервьюсида таъкидлаганидек, Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" формати ҳамда институционал кўлами бўйича тенгсиз ҳамкорлик платформаси ҳисобланади. У 27 давлатдан, жумладан, "Катта еттилик"ка аъзо учта давлат – Германия, Франция ва Италиядан иборат Европа Иттифоқини бирлаштиради ва Марказий Осиё билан тизимли минтақалараро шериклик қурган энг йирик интеграция тузилмаси ҳисобланади.
"Марказий Осиё – Европа Иттифоқининг биринчи саммити мавзусига қайтадиган бўлсак, Самарқанддаги учрашув икки минтақа ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда бурилиш нуқтаси деб аталгани бежиз эмас", – дейилган материалда.
Таъкидланганидек, минтақа марказида жойлашган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан чегарадош. Ҳудудининг салмоқли қисми авваллари Амир Темур салтанати таркибига кирган. Ўрта асрлардаги Мовароуннаҳрнинг тарихий чегаралари кўп жиҳатдан Марказий Осиёнинг замонавий чегараларига тўғри келади.
Соҳибқирон Амир Темур салтанати ўзининг юксак чўққисида Ўрта ер денгизи ва Қора денгизлардан Қашғаргача, Кавказ ва Волга даштларидан Шимолий Ҳиндистонгача чўзилган эди. Темурийлар салтанатининг қулаши ва мустақил Марказий Осиё давлатларининг вужудга келишигача бўлган давр қарийб 400 йил давом этган.
Оддий қилиб айтганда, Соҳибқирон Амир Темур Осиё ва Европани қамраб олган ягона геосиёсий макон яратишга муваффақ бўлди. Унинг ворислари бой сиёсий ва стратегик мерос – тартиб, интизом ва қонун устуворлигини мерос қилиб олдилар. Бу тамойиллар ички барқарорликни таъминлаб, кенг ва стратегик муҳим минтақада давлат манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилди.
Бугун янгиланган геосиёсий воқеликда Марказий Осиё яна Ипак йўли давридаги асосий ролини – Шарқ ва Ғарб, Шимолий ва Жануб ўртасидаги кўприк, турли иқтисодий манфаатлар чорраҳаси сифатида қайта тикланмоқда. Шу маънода ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президенти бир пайтлар Амир Темур орзу қилган улуғвор тасаввурни ҳаётга тадбиқ этмоқда.
Нашрда саммит якунида унинг якунида Қўшма декларация қабул қилингани хабар қилинган. Ушбу ҳужжатда томонларнинг сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва барча устувор йўналишларда конструктив ҳамкорликни ривожлантиришга интилиши ўз ифодасини топди.
Мақола якунида "Самарқандда "Марказий Осиё – Европа Иттифоқи" биринчи саммитининг ўтказилиши стратегик шериклик ривожидаги янги босқич рамзидир. Ўзаро муносабатлар биринчи марта сифат жиҳатидан янги босқичга – алоҳида давлатлар ҳамкорлигидан тўлақонли минтақалараро ҳамкорликка кўтарилди", – деб ёзилган.
- Қўшилди: 11.04.2025
- Кўришлар: 870
- Чоп этиш