Жорий йилнинг 21-22 апрель кунлари Термиз шаҳрида “Истанбул протоколига мувофиқ қийноқ ва шафқатсиз муомалани суд-тиббий ҳужжатлаштириш” мавзуига бағишланган ўқув-тренинг машғулотлари бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти тиббиёт мутахассислари ҳамда Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий марказининг суд-тиббий экспертлари иштирок этди.

Ўқув машғулотида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси лойиҳалар бўйича катта маслаҳатчиси Э.Юрковски, қамоқхоналар ислоҳоти ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи, IPPF халқаро пенитенциар жамғармасининг МДҲ мамлакатлари бўйича вакили А.Шамбилов (Испания), Истанбул протоколи бўйича халқаро эксперт, Истанбул протоколини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси, суд тиббиёти профессори, Тбилиси давлат тиббиёт университети суд тиббиёти кафедраси мудири Р.Бериашвили (Грузия) ва бошқалар Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ҳамда шафқатсиз муомалани самарали ҳужжатлаштириш бўйича халқаро стандартларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритди. Қатнашчиларнинг мавзуига доир билимларини оширишга эътибор қаратди.
Таъкидландики, мамлакатимизда 2020-2024 йилларда ЕХҲТ кўмагида қийноқ ҳолатларини самарали текшириш ва ҳужжатлаштириш бўйича ўндан ортиқ ўқув тадбири ўтказилган. Ушбу тренинг машғулотлари ҳам БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси 40 йиллигини нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастуридан ўрин олган.

Янги Ўзбекистон жазони ижро этиш тизимини инсонпарварлаштириш ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш соҳасида сезиларли ютуқларга эришмоқда. Маҳбуслар билан муомала қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни фаол жорий этаётир. Мамлакатимизда қамоқда сақлаш шароитларини яхшилаш ва маҳбусларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган муҳим қонун ҳужжатлари қабул қилинган.
– Шафқатсиз муомала ва қийноқлардан холи бўлиш халқаро ҳужжатларда ҳам, миллий қонунчиликда ҳам мустаҳкамланган асосий ҳуқуқдир, – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов. – Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар қандай ҳолатда ва истисносиз тарзда қийноққа солиш ва шафқатсиз муомалада бўлиш қатъиян тақиқланган.
Ўқув машғулотларида иштирокчилар Истанбул протоколи қоидалари билан атрофлича танишиб, қийноқларнинг олдини олишга оид асосий халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчиликни ўрганди. Халқаро ва миллий миқёсда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган турли механизмлар тўғрисида етарли маълумотга эга бўлди. Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва қийноқларнинг олдини олиш масалалари юзасидан келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этди. Шунингдек, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича миллий қонунчиликнинг ўзига хос хусусиятлари таҳлил қилиниб, қийноқларнинг олдини олиш масаласига, қийноқларга дуч келган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, қийноқларни ҳужжатлаштириш ва олдини олиш жараёнида тиббиёт ходимларининг ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур мавзуга оид навбатдаги ўқув машғулотини 24-25 апрель кунлари Фарғона шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 23.04.2025
- Кўришлар: 91
- Чоп этиш