Кейинги кунларда оммавий ахборот воситалари ва Интернет саҳифаларида юртимизда тўйларни тартибли ўтказиш мавзусига бағишланган бир қатор мақолалар изма-из эълон қилинди[1]. Бунда манбалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелда қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига ҳавола қилмоқда.
Фармоннинг қабул қилинишидан асосий мақсад жорий йилнинг 5 мартида давлатимиз раҳбари Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизимни жорий этишдир. Айни чоғда, бу жараёнларга жамоатчилик, парламент ва фуқаролик жамияти институтлари кенг сафарбар этилмоқда.
Фармон билан мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлаш доирасида ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга 21 та ҳужжат лойиҳаси киритилган бўлиб, ҳар бир лойиҳанинг мазмуни, ишлаб чиқиш муддати ва масъуллар аниқ белгиланган.
Хусусан, жорий йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилиниши кўзда тутилган. Ҳужжат лойиҳаси исрофгарчиликка қарши курашиш ва ёшларни тежамкорликка ўргатиш чораларини ҳам ўзида қамрайди.
Гап шундаки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги қўшма қарори билан “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низом” тасдиқланган. Ушбу Низом 2020 йил 1 январдан кучга кирган ва ҳозир ҳам қонуний кучга эга ҳисобланади.
Қўшма қарор ва Низомга мувофиқ, жойларда тўй-ҳашамларни 200-250 одамдан кўп бўлмаган, санъаткорлар иштироки икки гуруҳдан ошмаган, дабдабабозлик, исрофгарчилик, ортиқча ҳашамдорлик, пул сочиш, шуҳратпарастлик каби иллатларга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш белгиланган. Маъракалар ортиқча исрофгарчиликсиз, миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказилиши даркор.
Бундан ташқари, 2020 йил март ойида тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ўтказиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик жорий этилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1921-моддасига кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва урф-одатларни ўтказувчи шахс томонидан ушбу тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя қилмаслик:
-
фуқароларга – базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3,75 миллион сўм);
-
мансабдор шахслар ва муассасалар эгаларига 30 баравари (11,25 миллион сўм);
-
такроран бузилганда эса 50 баравари (18,75 миллион сўм) миқдорида жарима солишга олиб келади.
Шундай экан, бу борада янги ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш зарурати нимада, деган савол туғилиши табиий. Бу борада биз тилга олган мақолаларда турлича талқинлар илгари сурилган.
Жумладан, gazeta.uz ёзишича, мазкур ҳужжатларда кўрсатилган талаблар амалда кўпинча бажарилмайди ва назорат қилинмайди. Жорий йил бошидан бери тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва урф-одатларни ўтказувчи шахс томонидан ушбу тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя қилмаслик билан боғлиқ атиги 4 та иш кўриб чиқилган, 2024 йилда жами 9 та, 2023 йилда 4 та, 2021 йилда 15 та шундай иш кўриб чиқилган бўлса, 2022 ва 2020 йилларда бу борада бирорта ҳам иш кўрилмаган.
Ўз навбатида, тегишли Фармон имзоланишидан икки кун олдин, 2025 йил 19 март куни “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган мақолада қайд этилганидек, бу борадаги тартиб қоғоз ва ҳужжатлар билан эмас, инсон онги, тафаккури ва заковати, қалб амри билан қўлланишига эришмоғимиз мақсадга мувофиқ. Зеро, бугун тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажат минг-минглаб оилаларнинг нафақат иқтисодий аҳволига, балки бутун ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шу ўринда мақоладаги тўйларга доир айрим рақамларни келтирамиз:
-
мамлакатимиздаги 208 туманнинг ҳар бирига ўртача 4 тадан, пойтахтимиздаги 585 та маҳалланинг ҳар учинчисига 1 тадан тўйхона тўғри келади;
-
биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 200 га яқин тўйхона мавжуд;
-
юртимизда бир йилда ўртача 300 минг атрофида ўтказиладиган тўйга 3 миллиард доллар атрофида маблағ сарфланади;
-
2024 йилда пойтахтимизнинг ўзида аҳоли 3 триллион сўм сарфлаб, тўй маросимларини ўтказган[2].
Мазкур рақам ва далилларга қўшимча сифатида шуни ҳам холисона қайд этиш жоизки, юқорида зикр этилган ҳужжатлар амал қилиши ҳисобига кўп йиллар, асрлар давомида тўй, маросим ўтказиш билан боғлиқ равишда халқимизни қийнаб келган дабдабабозлик, исрофгарчилик, маросимбозлик каби иллатлар барҳам топа бошлаган, тўйларимиз миллий қадриятларимиз ифодасига айланаётган эди. Аммо....
Коронавирус балоси бу борадаги эзгу амалларни ҳам барбод қилди. Пандемия авж олган дастлабки даврда тўй-маъракалар бутунлай тўхтатилган, вазиятнинг юмшаши билан эса аста-секин 50-100 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилган бўлса, кейинчалик бу борада янгидан-янги “рекорд”ларга навбат етиб келди.
Халқимизда бир ёмон тушунча, қараш бор. Бирон иш, тадбир бошласа, “Шундай қилмасам одамлар нима дейди?” деган катта саволни олдига қўяди. Хўш, нима деса деяверсин, демайди. Фалон қариндошимиз ёки қўшнимиз шунча одам чақириб тўй қилди, биз ҳам шундай қиламиз, деб гапиради. Ва отнинг калласидай қарз кўтаради.
Аслида, тўй – ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда эъзозланадиган, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштиришга, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, барчани яхшиликка ундайдиган, шодлик, хурсандчилик бағишлайдиган маросим. Тўй жараёнида инсонпарварлик, иззат-икром, меҳрибонлик, меҳмоннавозлик, иноқлик каби олийжаноб фазилатлар ўз ифодасини топади. Инсон зотини қадрлаш, ҳурматлаш ва улуғлашда тўйлар беқиёс аҳамиятга эга.
Нуронийларимиз “Топганинг тўйларга буюрсин!” деб дуо қилади. Тўй билан боғлиқ чиройли урф-одатларимиз азал-азалдан шаклланиб келган ва бу эзгу қадрият халқимизнинг бой маънавий мероси, маданияти даражасига кўтарилган.
Аммо кейинги пайтларда дабдабабозлик, манманлик, ким ўзарга тўй қилиш, катта исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ортиқча иллатлар, турли одамлар томонидан ўйлаб топилиб, жорий этилаётгани ва қадриятларимизга мутлақо мос келмайдиган урф-одатлар авж олаётгани дилни хира қилади. Айниқса, тўй ўтказишда: инсонпарварлик – нарсапарастликка, иззат-икром – манманликка, меҳрибонлик – таъна-ю зуғумга, меҳмоннавозлик – тилёғламаликка, иноқлик – гина-кудуратга ўрин бўшатиб бераётгани ачинарлидир.
Бундан қарийб 111 йил олдин улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий: «Ойина» журналининг 1914 йилги 21-сонида эълон қилинган “Ёшларға мурожаат” мақоласида “...Ҳамватанларимиз мулкини сотиб тўй қилганидек сиз-да, ҳатто, лозим бўлганда мулкингизни сотсангиз-да ўғлингизни замонча ўқумоқиға саъй қилсангиз. Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!..”, деб нидо қилган.
Айтмоқчимизки, барибир, бу борадаги камчилик ва иллатлар орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтиб ҳам тўлиқ бартараф бўлмади. Зотан, тўй-тантаналар, маърака-маросимлар ўтказишда исрофгарчилик, базмбозлик, ортиқча харажатбозлик каби бемаъни одатлар бирданига пайдо бўлган эмас. Улар йиллар, асрлар давомида йиғилиб иллатга айланган. Бу иллатлар ҳар бир даврда шакл-шамойилини, қиёфасини ўзгартирган ҳолда ўзини турли кўринишларда намоён қилиб туради.
Тўғри, тўй-маросим, маъракани қандай ўтказиш ҳар бир шахснинг ҳуқуқи. Аммо шахснинг жамият, давлат, халқ олдидаги, минглаб йиллар давомида шаклланган қадриятлар, миллий анъаналар олдидаги бурчи-чи? Сенинг ҳуқуқинг – ўзганинг ҳуқуқи бошланган жойда тугайди, дейдилар.
Бинобарин, тўй – бир кишининг шахсий иши бўлмай, у кенг жамоатчилик ташаббуси ва иштироки билан ўтадиган тантана. Шунинг учун тўйларни замон талаби даражасига кўтариш доимо муҳим ҳисобланади. Ва, албатта, тўйларни ўзига хос байрам тарзида ташкил этиш, ҳар томонлама тартибга солиш, ихчамлаштириш, айниқса, бадиий жиҳатдан бойитиш ҳозирги давр – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган изчил исоҳотларнинг долзарб талабидир.
Хулоса қилиб айтганда, тўйларни тартибли тарзда ўтказиш масаласига яқин юз йилдан буён қайта-қайта мурожаат қилинаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу, бир томондан, яхши – чунки бундай ҳаётий масалага жамиятимиз ва давлатимиз бефарқ эмаслиги диққатга лойиқдир.
Иккинчи томондан, айни муаммога ҳалигача энг мақбул, ҳар томонлама жўяли ва мўътадил ечим топилмаганлиги ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, коррупцияни енгиш учун, биринчи навбатда, унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган ўқилдизларини қуритиш шарт.
Давлатимиз раҳбарининг “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида ишлаб чиқиладиган йигирмадан ортиқ муҳим ҳужжат орасида айнан тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича қарор лойиҳаси ҳам борлигининг асл сабаби шунда.
Ғулом МИРЗО
[1] Қаранг: Ўзбекистонда тўй қилиш тартиби янгиланади/https://kun.uz/kr/news/2025/04/22/ozbekistonda-toy-otkazish-tartibi-yangilanadi; Ўзбекистонда тўй-ҳашамларни тартибга солишга яна бир бор уриниб кўрилади/https://www.gazeta.uz/uz/2025/04/22/wedding; Навбатдаги уриниш. Тўйлар тартибга солинади/t.me/davletovuz
[2] Нодир Маҳмудов. Иллатнинг ўқилдизи – ҳашам ва дабдаба. Уни қўпориб ташлаш вақти келди // “Янги Ўзбекистон” газетаси, 2025 йил 19 март.
- Қўшилди: 24.04.2025
- Кўришлар: 274
- Чоп этиш