24 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати академик Акмал Саидов Фарғона давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқот “Академик ва ёшлар” рукни доирасида ташкил этилди.
Фарғона давлат университети ректори Б.Шермуҳаммадов тадбирни очар экан, академик А.Саидов таниқли давлат ва жамоат арбоби, нафақат мамлакатимизда, айни чоғда, хорижда ҳам эътироф этилган етакчи ҳуқуқшунос, бир қатор халқаро ва хорижий юристлар ассоциацияларининг аъзоси эканлигини қайд этди. У кўплаб нуфузли халқаро илмий анжуманларни ташкил этган ва илмий-амалий конференцияларда иштирок этган.
Таниқли олимнинг жамиятимизда ҳуқуқий дунёқарашни юксалтириш, ёшларда юридик тафаккурни шакллантириш, янги тизимдаги академик дарсликларни яратиш борасидаги улкан хизматлари эътироф этилди. Айни чоғда, Акмал Саидов – сиёсий, ҳуқуқий, маърифий ва тарихий мавзуларда ижод қиладиган моҳир публицист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси ҳамдир. Унинг асарлари дунёнинг ўттиздан ортиқ давлатида ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, поляк, хитой, араб ва япон тилларида нашр этилган.
Академик А.Саидов мулоқот аввалида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, навқирон авлод вакилларининг тараққиёт сари интилишларига ҳар томонлама шароит яратиш давлатимизнинг устувор сиёсатига айланганлигини таъкидлади. Мамлакатимиздаги ёшлар сиёсати самаралари халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторидан жой олгани бежиз эмас.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг моҳияти ҳамда аҳамияти ҳақида атрофлича сўз борди. Академик А.Саидов қайд этганидек, янги таҳрирдаги Конституциямиз ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида яққол акс эттиради. Бугунги кунда уни ҳаётга сўзсиз ва тўлиқ татбиқ этиш ишлари изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Тадбир ёшлар учун билим ва кўникмаларни ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий-назарий билимларни чуқурлаштириш ва амалиётга йўналтириш учун муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, талабаларга ҳуқуқ соҳасини ўрганишнинг аҳамияти, адабиёт ва ҳуқуқ ўртасидаги узвийлик каби масалалар юзасидан ҳам фойдали маълумотлар берилди.
Қизғин ва самимий суҳбат асносида миллий ва жаҳон адабиётининг буюк намояндалари асарлари мисолида ҳуқуқий тарбияни бадиият воситасида инсонлар онгига етказишнинг аҳамияти ҳақида муҳим фикрлар билдирилди. Иштирокчилар ўзларининг илмий-ижодий изланишлари учун зарур тавсиялар олдилар.
Учрашув кўтаринки руҳда ўтди. Талаба ёшларнинг саволларига батафсил жавоблар берилди.
Тадбир якунида академик А.Саидов Фарғона давлат университети раҳбарияти ва жамоасига миннатдорлик билдирди. Ушбу олий таълим даргоҳида илм-фан ва ўқув жараёни ҳамда ёшлар таълим-тарбияси учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.04.2025
- Кўришлар: 315
- Чоп этиш