Академик Акмал Саидов Риштонда ёшлар билан учрашди

Инсон учун она тили билан бирга хорижий тилларни билиш дунёга чиқишда жуда муҳим, айниқса, тижоратда бунинг ўрни беқиёс. Бу фикрларни Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 февралда  Кўксарой қароргоҳида мамлакат ёшлари билан мулоқоти чоғида билдирганди. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, энди хорижий тиллардан “С1” даражасига эга бўлган ёшлар ташаббус кўрсатиб, олис ва чекка ҳудудларда чет тилларига ихтисослашган ўқув марказларини очса, уларга 120 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.

Шунингдек, меҳнат бозорига тил биладиган ёшлар кириб келишини рағбатлантириш учун хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшларга харажатлари “2+6” шаклида қоплаб берилади. Бунда ўқув харажатларининг дастлабки 2 ойи ўқувчиларнинг ўз маблағидан, қолган 6 ойи давлат ҳисобидан тўланади.

24 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати академик Акмал Саидов билан Фарғона вилояти Риштон туманидаги «Cambridge School» инновацион хусусий мактабида бўлиб ўтган учрашув аввалида шу ҳақда сўз борди. Тадбирда мактаб раҳбарияти, ўқитувчилар ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Мактаб директори, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Ўринбой Абдуолимов академик А.Саидовнинг жамиятимизда ҳуқуқий дунёқарашни юксалтириш, ёшларда юридик тафаккурни шакллантириш, янги тизимдаги академик дарсликларни яратиш борасидаги улкан хизматлари мамлакатимиз илмий ҳамжамияти томонидан эътироф этилганини таъкидлади. Акмал Холматович – таниқли давлат ва жамоат арбоби, нафақат Ўзбекистонда, айни чоғда, хорижда ҳам эътироф этилган етакчи ҳуқуқшунос, бир қатор халқаро ва хорижий юристлар ассоциацияларининг аъзоси ҳисобланади.

Ўз навбатида, Акмал Саидов хорижий тилларни ўрганишнинг аҳамияти ҳақида тўхталар экан, болалик давриданоқ дарсликлардан ташқари, турли бадиий асарларни ўзбек тили билан бир қаторда инглиз ва рус тилларида ўқиб, мағзини чақа билганини қайд этди. Кейинчалик эркин мулоқот қила оладиган тиллари сони немис ва француз тиллари ҳисобига янада кўпайган. Бу эса унга ана шу тилларни нафақат тушуниш, балки уларни ўзаро қиёслаш орқали, қай бири қайси жиҳатлари билан ўзига хос эканини англаш имконини ҳам берган.

Яна бир муҳим жиҳат – ҳар қандай китобни қайси тилда ёзилган бўлса, ўша тилда ўқиган маъқул, деди А.Саидов. Шунинг учун хорижий тилларни ўрганиш лозим. Чет тилларни ўрганиш – ҳаётий эҳтиёж. Айни вақтда тил ўрганиш жараёнининг ўзини ҳам луғатсиз, китобсиз тасаввур этиш мумкин эмас. Бинобарин, халқимизда: “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, деган нақл борлиги бежиз эмас.

Шунингдек, академик А.Саидов ҳуқуқий билим ва конституциявий хулқ-атворни ўзаро мужассам этган ҳолда, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳар бир шахс ва бутун жамият ҳаётига чуқур татбиқ этишда ёшларнинг ўрни ва роли муҳимлиги ҳақида мухтасар тўхталди. Зеро, улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий таъкидлаганидек, билим яхши хулқ-атвор билан безатилган бўлиши лозим.

Конституция – алоҳида ҳуқуқий мақомга эга олий даражадаги ҳужжат, жамият ва давлат ўртасидаги ўзига хос ноёб жамоатчилик шартномасидир. Чунки фуқаролар айнан шу Асосий қонун негизида тегишли давлат органларига ҳокимиятни бошқариш ваколатини ишониб топширадилар. Шундай экан, Конституция талабларини бажариш, уларга сўзсиз ва қатъий риоя қилиш ҳар бир инсоннинг эътиқодига айланиши даркор.

Ушбу мулоқот “Академик ва ёшлар” рукни доирасида ташкил этилди. Учрашув якунида академик А.Саидов ўзининг Конституциявий ҳуқуқ тарихи, давлат ва ҳуқуқ назарияси, инсон ҳуқуқлари соҳаларига оид янги китобларини билим даргоҳи кутубхонасига тақдим этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech