Тил билган – эл билади. Бу бежиз айтилмаган, хорижий тилни билган киши дунё кезади, ўрганган тилида сўзлашувчи давлатларнинг, халқларнинг тарихи, маданияти, урф-одатларидан кўпроқ хабардор бўлади. Шу билан бирга, хорижий тилни биладиган мутахассис икки ва ундан ортиқ давлатлар, миллатлар ўртасида турли соҳада бўладиган муносабатларда воситачи вазифасини бажаради.
Дунёда 7 мингга яқин тил мавжуд бўлиб, ҳаммаси ҳам етарлича ҳимояланган эмас. Маълумотларга қараганда, уларнинг 43 фоизи йўқолиб кетиш арафасида. Бор-йўғи юзга яқин тил таълим тизимида, давлатлар ўртасидаги алоқаларда қўлланилади. Ўнга яқини дунёда расмий мақомга эга, холос. БМТ ҳам дунё аҳолисининг катта қисми сўзлашадиган 6 тилда – инглиз, араб, рус, француз, хитой ҳамда испан тилида фаолият олиб боради.
Испан тили (испанча: эл эспанол, эл кастеллано) – ҳинд-европа тиллари оиласининг роман тиллари гуруҳига мансуб. У ушбу тил соҳибларининг сони бўйича дунёда хитой тилидан кейинги иккинчи тилдир. Дунё бўйича 590 миллион испан тилида гаплашувчилар бор. Шунингдек, испан тили дунёдаги энг кўп ўрганилаётган иккинчи тил бўлиб, уни камида 22 миллион талаба ўрганмоқда.
Испан тилини бу қадар оммалашиб кетишига, аввало, машҳур сайёҳлар, денгиз қароқчилари ҳамда испаниялик мустамлакачилар сабаб бўлган. Шуниси қизиқарлики, Америка Қўшма Штатларининг 50 та штатидан 23 тасида испан тили, бор-йўғи 21 тасидагина инглиз тили амалдаги тил ҳисобланса, қолган штатларда эса француз тили устувор мавқеини сақлаб қолган.
БМТ тиллари байрами куни айрим давлатларда жаҳоннинг машҳур шоир ва ёзувчиларининг таваллуд кунига бағишлаб белгиланган. Масалан, ҳар йили 23 апрелда “Испан тили куни” нишонланади. Бу сана 23 апрелда вафот этган машҳур испан ёзувчиси Мигел де Сервантес Сааведра хотираси билан боғлиқ.
Мигель де Сервантес (Miguel de Cervantes Saavedra) – машҳур испан адиби. У Испаниянинг Алькала-де-Энарес шаҳарчасида кўчманчи табиб оиласида туғилган. “Сеҳргарлар мени омаддан жудо қилиши мумкин, аммо улар мени жасорат ва эркдан маҳрум қила олишмайди” – бу сўзлар Сервантеснинг жаҳон адабиётида машҳур “Дон Кихот” романидан олинган бўлиб, том маънода муаллифнинг таржимаи ҳолини англатади. Сервантес аввал Италияда яшайди ва ўша ерда 1570 йили ҳарбий хизматга ёлланади. 1580 йили Испанияга қайтиб, ҳаётини янги соҳа – театрда қайтадан бошлайди.
Сервантес бутун ҳаёти мобайнида шеър ёзган. Аммо у шеърларини насрий асарлари таркибига киритиб, қаҳрамонларига нисбат беради. Фақат ХХ асрга келиб, унинг шоир сифатида ўзига хос овози борлиги кашф этилди.
ИСПАНИЯ НИДОСИ
Эй, озод, тоғлардан юксак осмон,
Кўнгилни ёритиб турасан ҳамон,
Испания яшнар меҳринг нуридан,
Халқим севар сени кўнгил тўридан.
Тил инсон ижодиётини, унинг турфа хиллигини такрорланмас тарзда акс эттиради. Тил нафақат алоқа, зеҳн ва фикрлаш воситаси, балки дунёни қандай кўришимизни белгилайди ва ўтмиш, бугун ҳамда келажак ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиб беради. Она тиллари ҳар бир инсон дунёга келганидан бошлаб, унда гарчи у кўплаб тиллар эгасига айланса ҳам, ҳеч қачон йўқолиб кетмайдиган ноёб из қолдиради. “Хорижий тилни ўрганиш дунёнинг бошқа кўриниши, бошқача ёндашувлар билан танишиш усулидир”.
Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати, дунё бозорига фаол кириб бораётгани, барча соҳаларда халқаро ҳамкорлик кенгаяётгани хорижий тилларни билишга эҳтиёжни оширмоқда. Бугунги кунда юртимиздаги 25 та олий таълим муассасасида ўқитиш чет тилида олиб борилмоқда. 2016 йилда улар атиги 7 та эди. Халқаро тил сертификати олган битирувчи ўқувчилар сони охирги 3 йилда 10 бараварга ошган.
Лазизбек ХОЛИҚУЛОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали бўлим бошлиғи
«Iste’mol madaniyati» газетасининг 2025 йил 24 апрель кунги 7 (199)-сони
- Қўшилди: 28.04.2025
- Кўришлар: 139
- Чоп этиш