Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли

(Шавкат Мирзиёев. Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли” (Тошкент: “O‘zbekiston”, 2025. – 336 б.) китобини ўқиганда туғилган мулоҳазалар)

Янги Ўзбекистон ғоясининг муҳим жиҳати – бу мамлакатимизнинг “яшил” тараққиёт йўлидир. Бугун бу жиҳат бутун Марказий Осиё давлатлари истиқболининг умумий мезонига айланмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли назарияси ва амалиёти Ўзбекистон Президентининг глобал, минтақавий ва миллий миқёсда юз бераётган иқтисодий, сиёсий, экологик, ижтимоий-гуманитар жараёнларга оид стратегик қарашлари, концептуал ғоя ва ёндашувлари асосида шаклланган. 2025 йилда нашрдан чиққан “Шавкат Мирзиёев. Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли” китобида Президентнинг иқлим ўзгариши сабаблари, оқибатлари, уларнинг жаҳон мамлакатлари барқарор ривожланишига таҳдиди, мамлакатимиз ва Марказий Осиё минтақасида бундай салбий оқибат ҳамда таҳдидларни бартараф этиш йўллари - “яшил” тараққиёт мақсадлари ва уларни амалга оширишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар тавсифига бағишланган 2017-2025 йилларда ёзилган асарлари ва нутқларида айтилган 310 та иқтибос ва 54 та ташаббуслари тўпланган.

Китоб уч бобни ўз ичига олган ва уч тилда: ўзбек, инглиз ва рус тилида нашр этилган. Китобда иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидлар, муаммолар, “яшил” тараққиётга эришиш механизми, воситалари, амалий чоралари тўғрисидаги таклиф ва ташаббуслар глобалдан минтақавий орқали миллийга қараб йўл олган ўзига хос ғоялар траекториясини ҳосил қилган.

 

 “Яшил” тараққиёт башарият танлаган йўл”

 

Китобнинг биринчи боби глобал иқлим ўзгариши муаммоси, унинг оқибатлари, инсоният бугуни ва келажагига таҳдидларига бағишланган. Президент глобал иқлим ўзгаришининг асосий сабаби одамзоднинг минглаб йиллар мобайнида табиат билан муомалада йўл қўйган хатолари, салбий фаолияти натижаси эканлигини таъкидлаган. Иқлим ўзгариши ва экологик вазиятнинг кескинлашуви оқибатида бутун дунёда табиий бойликлар ва сув ресурсларининг танқислиги, биохилма-хилликнинг бузилиши, табиий офатлар, қурғоқчилик ва чанг бўронларининг тез-тез такрорланиб туриши, хавфли юқумли касалликлар тарқалиши, озиқ-овқат хавфсизлигига путур етиши, мамлакатларнинг иқтисодиётига жиддий зарар етиши, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси экотизимларининг заифлашиб бориши ва бошқа жиддий хатарларни юзага келмоқда.

Миллатимиз сардори иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш учун барча давлатларни ўзаро мувозанатли, интеграциялашган, тизимли ёндашувга ва “яшил” тараққиёт йўлидаги халқаро ҳамкорликка, чекланган ресурслардан оқилона ва адолатли фойдаланишга, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши тезкор чораларни кўришга чақиради. Бунда “яшил” технологиялар ва инновацияларга асосланган иқтисодиётни шакллантириш, углерод нейтраллиги ва “яшил” энергетикага ўтиш орқали иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, барқарор ривожланиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш муҳимлиги таъкидланади. Президентимиз сайёра миқёсидаги фожиа бўлган Орол денгизи қуриши натижасида келиб чиқаётган глобал оқибатларни бартараф этиш масаласига алоҳида эътибор қаратган.         

Давлатимиз раҳбари иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш учун кенг халқаро ҳамкорликка халақит бераётган зиддиятларни муҳокама қилган. Жумладан, жаҳон миқёсидаги ишонч инқирози, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар, халқаро ҳуқуқ нормаларидан чекиниш, геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли ўзаро мулоқотнинг издан чиққанлиги, “яшил” иқтисодиётга ўтиш шароитида тараққий этган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасида катта технологик тафовутлар мавжудлиги энг катта тўсиқлар сифатида кўрсатиб ўтилган.

Бундай зиддиятларни бартараф этишнинг алоҳида йўллари, жумладан, халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириш ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш, ривожланаётган мамлакатларга етакчи давлатлар ва халқаро институтларнинг техник кўмагини кенгайтириш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, “яшил” туризмни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши курашда илм-фандан кенг фойдаланиш каби глобал чоралар тўғрисида мулоҳаза юритилган.

 

“Марказий Осиё – “яшил” тараққиёт ва барқарор келажак сари”

 

Китобнинг иккинчи бобида Марказий Осиё минтақасида глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари ўта жиддий тус олиши мумкинлиги таҳлил қилинган. Президент таъбири билан айтганда, “Орол муаммоси глобал миқёсдаги экологик ва гуманитар ҳалокатдир”. У аллақачон Оролбўйи аҳолиси генофонди, ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ аянчли оқибатларга олиб келди. Бугун Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш учун барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш шарт.

Марказий Осиё мамлакатлари глобал исиш, экологик мувозанат бузилиши, меъёрдан фарқли об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг  йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган таҳдидларни ўзида тўлиқ ҳис қилмоқда. Бошқа тарафдан, Марказий Осиёда энергетика инфратузилмаларини ривожлантириш суръатлари саноатлаштириш ва урбанизация жараёнлари, шунингдек, демографик ўсишидан орқада қолиши мамлакатларимизнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари бундай шароитда Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун барқарор ривожланишга эришишнинг ягона тўғри йўли сифатида “яшил” тараққиёт йўлига ўтиш эканлигини таъкидлайди.

“Яшил” тараққиёт йўли - бу атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш орқали мамлакат ёки бутун минтақадаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт мувозанатини таъминлаш йўлини ифодалайдиган тушунчадир. “Яшил” тараққиётда инновацион ва экологик тоза технологияларни жорий этиш, юқори энергия самарадорлигига эришиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш йўли билан атроф-муҳит мўътадиллигига мутаносиб иқтисодий ўсишга эришиш, пировардида, одамларнинг ҳаёт сифатини ошириш назарда тутилади. Бунинг учун барқарор ўсишни таъминлайдиган ва янги иқтисодий имкониятлар яратадиган инвестициялар ва инновацияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.

Марказий Осиё мамлакатлари қайта тикланувчи энергиянинг катта захираларига эга бўлиб, глобал энергетик ўзгаришларга салмоқли ҳисса қўшиши мумкин. Бунинг учун Марказий Осиёда умумий энергетика маконини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш, “яшил” энергетика ва энергия тежамкор технологияларни жадал жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш, минтақанинг қуёш, сув, шамол энергияси ҳамда “яшил” водородни ишлаб чиқариш бўйича улкан салоҳиятини биргаликда ривожлантириш лозим, деган тўхтамга келади Президент.

Президентнинг илгари сурган ва рўёбга чиқаётган “Яшил” тараққиёт дастури” иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган.

“Муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, Марказий Осиё минтақасини барқарор ривожлантириш мумкин эмас. Биз қайта тикланувчи энергия ресурсларига бой Марказий Осиё жаҳон энергетика бозорларига “яшил” энергия етказиб берадиган йирик экспортчига айланиши учун катта қадамлар ташлаяпмиз. Марказий Осиёни “яшил” иқтисодиёт ва “тоза” энергия марказларидан бирига айлантирамиз”, - деб таъкидлайди Президент.

Ўзбекистон раҳбарияти “яшил” тараққиёт йўлида кўп векторли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни маъқул кўради. Марказий Осиёнинг “яшил” тараққиёт йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ва унинг ихтисослашган муассасалари, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), бошқа минтақавий ташкилотлар ва алоҳида ривожланган хорижий давлатлар қаторида асосий ҳамкорлардан бири Европа Иттифоқининг ўрни алоҳидадир.

Президент бунинг қуйидаги сабабларини кўрсатади:

биринчи сабаби, иқлим соҳасидаги хатарларга қарши курашишда, авваламбор, Европанинг илғор билим ва технологияларини қўллаган ҳолда мақсадли минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан экотизимлар барқарорлигини ошириш самарали натижа беради;

иккинчи сабаби, “яшил” тараққиёт йўлида Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик Буюк Ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаш имконини беради;

учинчи сабаби, Европага “яшил” энергияни экспорт қилишни йўлга қўйиш Марказий Осиёга катта иқтисодий имкониятлар эшигини очади;

тўртинчи сабаби, Европа Иттифоқи кўмагида Марказий Осиё жаҳоннинг “яшил” иқтисодий ривожланиш ва “тоза” энергия марказларидан бирига айланиши мумкин.

 

“Янги Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва “яшил” тараққиёт йўлида”

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг концептуал ғоя ва қарашлари асосида “яшил” тараққиёт йўлининг қуйидаги жиҳатларини алоҳида кўрсатиб ўтиш мумкин:

биринчи жиҳати, Париж битими доирасида ўз зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ бажариш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва углерод нейтраллигига эришиш, “яшил” ва рақамли технологиялар, инновацион ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, “яшил” технологияларни кенг жорий этиш;

иккинчи жиҳати, “яшил” технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, саноат корхоналарининг шундай технологияларга ўтишини рағбатлантириш ва бу жабҳада “яшил” молиялаштириш тизимини ривожлантириш, иқтисодиётга самарали “яшил” инвестицияларни жалб қилиш;

учинчи жиҳати, “яшил” энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, яқин ўн йилда қайта тикланадиган энергия манбалари улушини 3 баробардан зиёдга кўпайтириш, мамлакатимизни ишончли, хавфсиз, иқтисодий самарадор ва экологик тоза энергия манбалари билан таъминлаш;

тўртинчи жиҳати, янги таҳрирдаги Конституция асосида табиий ресурслар, жумладан, сув ҳавзалари ва ер ости захираларини муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, глоабл иқлим ўзгариши шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш чораларини кўриш;

бешинчи жиҳати, “яшил” тараққиёт йўлидаги саъй-ҳаракатларни умуммиллий ҳаракат даражасига кўтариш, “яшил” урбанизацияни ривожлантириш ҳамда “яшил” иш ўринларини яратиш, “Яшил макон” дастури доирасида шаҳарлар ҳудудларининг камида 30 фоизи кўкаламзор майдонларга айлантириш;

олтинчи жиҳати, барқарор ривожланиш ва “яшил” тараққиёт йўлида бутун дунё билан ҳамкорликка доим очиқ бўлиш;

еттинчи жиҳати, жамиятда табиий ресурслар ва атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш бўйича анъанавий қадриятларни қарор топтириш, ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш.

Атроф-муҳитни мусаффо сақлаш барча учун миллий ҳаракатга айланиши керак. Ўзбекистонда экологик муаммоларни бартараф қилиш ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий талаблар асосида ривожлантириш орқали юксак тараққиёт ва фаровон ҳаётга эришиш учун жуда катта вазифаларни амалга оширишимиз, халқимиз билан биргаликда машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтишимиз лозим бўлади. Биз атроф муҳитни асраш борасида кўплаб ҳужжатлар, қарорлар қабул қилишмиз, кенг миқёсли лойиҳалар ишлаб чиқишимиз, зарур чоралар кўришимиз, уларни молиялаштириш учун маблағ йўналтиришимиз мумкин. Аммо бу соҳадаги барча ишларимиз самараси ушбу жараёнларда фуқароларимизнинг фаол иштироки, теварак-атрофга масъулият ҳисси, бошқача айтганда, жамиятдаги экологик маданиятга боғлиқдир. Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда “бу ишингиз нотўғри бўлди”, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларни бунга ўргатишимиз керак. Бу – ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир, деб ёзади давлат раҳбари.

Юртбошимизнинг Янги Ўзбекистон ва Янги Марказий Осиёнинг “яшил” тараққиёт йўли фақатгина назарий ғоя, мақсадлар ёки орзулар ифодаси бўлмай, балки ислоҳотларга изчиллик, кенг қамровлилик бахш этаётган 54 та ташаббуслар мажмуи шаклида ҳам намоён бўлади. Бу ташаббус ва таклифларнинг муайян қисми ҳаётга жорий қилинмоқда, бошқалари бўйича эса тайёргарлик босқичи амалга оширилмоқда. Бу таклиф ва ташаббуслар яхлит тизимни ташкил этиб, уларни миқёсига қараб глобал, минтақавий ва миллий ташаббусларга таснифлаш мумкин.

Президентимизнинг қуйидаги глобал аҳамиятга эга ташаббус ва таклифларини кўрсатиб ўтиш лозим:

  • БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология хартиясини ишлаб чиқиш;

  • Париж шартномаси доирасида Иқлим ўзгаришига мослашиш соҳасидаги Глобал ҳадли механизмни келишиш;

  • Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказни ташкил этиш.

  • Биохилма-хиллик бўйича Глобал ҳадли дастурнинг қабул қилинишини қўллаб-қувватлаш;

  • БМТ шофеълигида Дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги декларацияни ишлаб чиқиш;

  • БМТнинг инновацион агросаноат “хаб”ини яратиш;

  • БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозимини таъсис этиш;

  • Ҳайвонларнинг кўчиб юриши учун тўсиқлардан холи экологик йўлакларни яратиш бўйича чора-тадбирлар дастурини қабул қилишни қўллаб-қувватлаш;

  • “Катта еттилик ва йигирматалик” форматларида глобал миқёсда кам углеродли иқтисодиётга ўтиш масалаларини кўриб чиқишда ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини инобатга олиш;

  • БМТнинг 2050 йилга қадар атом энергетикаси қувватларини уч баравар ошириш бўйича келишувини қўллаб-қувватлаш;

  • Жаҳон иқлим пойтахтлари альянсини ташкил этиш ва унинг биринчи форумини Тошкентда ўтказиш.

  •  БМТ Бош ассамблеясининг:

  • “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш”;

  • “Марказий Осиё экологик таҳдидлар қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш”;

  • “Деградацияга учраган ва қурғоқ ҳудудларда барқарор ўрмонзорларни барпо этиш, дарахт экиш ва уларни тарғиб қилиш – экологик муаммоларга қарши курашнинг самарали ечими» резолюциялари.

Тўплам китобхонни юртбошимиз томонидан асослаб берилган Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли стратегиясининг мазмунини тушунишга ёрдам беради. Мазкур китоб билан танишиш жараёнида Янги Ўзбекистон “яшил” тараққиёт йўлининг минтақа ва мамлакат ривожланишидаги аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади.

Биринчи аҳамияти, глобал иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларига қарши курашиш ва “Яшил” тараққиёт йўли Янги Ўзбекистон доирасидан чиқиб, Марказий Осиёни ягона “яшил” манфаатлар ҳудудига айлантирмоқда, бу асосда Марказий Осиё мамлакатларининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-гуманитар интеграцияси тобора чуқурлашмоқда. Мазкур жараён Марказий Осиёни халқаро муносабатларнинг янги фаол иштирокчиси бўлиб майдонга чиқишида муҳим роль ўйнамоқда.

Иккинчи аҳамияти, “Яшил” тараққиёт йўли Янги Ўзбекистон ва Марказий Осиёни глобал ҳамкорлик майдонига айлантирмоқда ва ўтмишда юртимизнинг гуллаб-яшнашининг, Шарқ Ренессансининг асосий омили бўлган Европа ва Осиёни боғлаб турувчи “Буюк ипак йўлини” қайта тиклаш жараёнини тезлашишига туртки бермоқда.

Учинчи аҳамияти, “Яшил” тараққиёт йўли Янги Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини, жаҳоннинг “яшил” энергетика, “яшил” саноат, “яшил” технологиялар бўйича йирик марказларидан бирига айланишини таъминлайди.

Тўртинчи аҳамияти, “Яшил” тараққиёт йўли Янги Ўзбекистон ва Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдидларни, жумладан сув танқислиги, экотизим инқирози, демографик муаммолар, камбағаллик, терроризм ва экстремизмнинг тарқалиши, ҳарбий можаролар хавфини бартараф этиш, Афғонистоннинг барқарор ривожланиши ва минтақадаги мувозанатли алоқаларга киришишини таъминлаш учун геосиёсий ва геоиқтисодий пойдеворни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Бешинчи аҳамияти, “Яшил” тараққиёт йўли Янги Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисига муносиб турмуш шароитларини яратиш, ижтимоий давлатни ва инклюзив фаровон жамиятни бунёд этиш, фан, технология, инновацияларни ривожлантиришнинг муҳим шарти бўлиб ҳисобланади.

 

“Биз Ерни аждодларимиздан мерос сифатида эмас, балки фарзандларимиздан қарзга олганмиз”

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд халқаро иқлим форумидаги нутқида “Бугунги кунда бизнинг вазифамиз – келажак авлодлар барқарор, хавфсиз ва фаровон дунёда яшаши учун барча чора-тадбирларни кўришдан иборат”, эканлигини таъкидлади. Ушбу тарихий нутқда қуйидаги таклиф ва ташаббуслар олға сурилди:

  • ўрмон хўжалиги ва аграр соҳанинг мослашувчанлигини ошириш, шунингдек, “Уфқ – Европа” дастури доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун илмий салоҳиятимизни бирлаштириш ҳаётий муҳим масаладир;

  • ҳар йили Наврўз байрами арафасида дарахт экиш бўйича “Марказий Осиёнинг яшил белбоғи” минтақавий акциясини ўтказиш мақсадга мувофиқ;

  • молиялаштириш, технологиялар ва компетенцияларни сафабар қилиш мақсадида Тошкент шаҳрида Европа Иттифоқининг “Сув – Энергия – Иқлим ўзгариши” деб номланган ташаббусининг котибиятини ташкил қилиш;

  • Марказий Осиёда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бу соҳада минтақавий дастурни ишга тушириш;

  • бу режаларнинг барчасини экспертлар муҳокамасидан ўтказиш учун Оролбўйи минтақасида халқаро форум ўтказиш;

  • музликларнинг ҳолати ва минтақадаги тоғ экотизимларида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш учун сунъий йўлдош орқали узлуксиз кузатувларни йўлга қўйиш бўйича “Коперник” дастури доирасида Европа Иттифоқи билан яқин ҳамкорлик қилиш;

  • Тошкентдаги “Яшил университет” базасида яратилган Иқлим резиденцияси Марказий Осиёда кечаётган иқлим жараёнларини ўрганиш ва мониторинг қилиш бўйича умумий илмий-экспертлик платформаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг асарлари ва нутқлари Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўлига ўтиш назарияси ва амалиёти тўғрисида фундаментал ҳамда амалий билимларни ўзлаштиришга, “яшил” тараққиёт тамойилларига асосланган ривожланиш тажрибасини ўрганишга хизмат қилади. Давлат раҳбарининг “яшил” тараққиёт йўлига бағишланган стратегик қарашлари, ғоялари ва ёндашувлари миллий, минтақавий ва глобал миқёсдаги тажрибалар ҳамда амалиётга асосланган. Мазкур асар ва нутқларни мутолаа қилиш мутахассислар, экспертлар, академик доиралар ҳамда кенг жамоатчилик учун Янги Ўзбекистон ва Марказий Осиё “яшил” тараққиётининг мазмун-моҳиятини кенг қамровли тушуниш имконини беради.

 

А.Х.Саидов,

академик, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати

«Oila va TABIAT» газетасининг 2025 йил 15 май, 19-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech