“Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид халқаро шартномалар тўплами”нинг тақдимоти

15 май куни Инсон ҳуқуқлари уйида ўзбек тилида нашр этилган “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид халқаро шартномалар тўплами”нинг тақдимоти бўлди. Тадбир Президентимизнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

Тақдимот Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Унда давлат органлари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, докторантлар, фуқаролик жамияти фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тақдимотни очар экан, тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси қўшилган муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид халқаро шартномалар нормаларини ўзбек тилида амалиётда қўллаш истиқболларига эътибор қаратишдан иборат эканини таъкидлади. Бунда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар самараларини кенг жамоатчиликка етказиш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга, деб мустаҳкамлаб қўйилган бўлса, 53-моддасида ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши кафолатланди. Шунингдек, ижодий фаолиятга доир муносабатларнинг соҳавий қонунларда мустаҳкамланганлиги ҳар қандай шахсга ижод билан эркин шуғулланиш, муаллиф бўлиш ва ўз идрок-тафаккури маҳсулотларини ҳеч бир тўсиқсиз тарқатиш имкониятини беради.

Бу борада Ўзбекистон Президенти томонидан 2021 йил 28 январда “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида, жумладан, таълим муассасаларида интеллектуал мулк асосларини ўқитиш бўйича ҳам мутасадди идораларга аниқ кўрсатмалар берилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Тақдимот давомида Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини химоя қилиш палатаси Лойиҳа раҳбари профессор Бобоқул Тошев “Ўзбекистон қўшилган муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид халқаро шартномалар нормаларини қўллаш масалалари” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаеванинг маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.

Рақамли технологиялар жадал ривожланаётган ҳозирги шароитда муаллифлик ҳуқуқи объектларидан фойдаланиш кўлами изчил кенгайиб бораётганлигига эътибор қаратилди. Айниқса, адабий-мусиқий асарлар, фильмлар, фонограммаларни рақамлаштириш ва Интернет орқали кенг тарқатиш янада жадаллашгани қайд этилди.

Айни жараёнларда асарларнинг дахлсизлигини таъминлаш, ижодкорларнинг асар яратиш иштиёқини янада кенгайтириш, уларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бузилган ҳуқуқларини ўз вақтида тиклаш жуда муҳим. Инсоният тафаккурини ўзгартирадиган замонавий асарлар яратишда ҳар бир инсон етарлича ҳуқуқий билимга эга бўлиши зарурлиги ҳам таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, мазкур тўпламга киритилган халқаро универсал конвенция ва шартномаларнинг давлат тилида берилиши соҳага оид халқаро нормаларнинг моҳиятини чуқур тушуниш ва уларни амалда қўллаш, миллий қонунчиликни халқаро нормаларга мослаштириш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришга ёрдам беради.

Тўпламдан Ўзбекистон Республикаси қўшилган муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга оид конвенция ва шартномаларнинг давлат тилидаги матни жой олган. Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни тартибга солувчи соҳавий қонунлар ҳамда миллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати жойлаштирилган.

Тақдимот якунида якдил эътироф этилганидек, тўпламда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айнан давлат тилида берилгани халқаро ҳуқуқ нормалари ҳамда замонавий муаммоларни яхши англаш ва уларнинг ечимини топишда қулайлик туғдиради. Шу билан бирга, бундай мақбул ечим ҳуқуқни қўллаш амалиётини бирхиллаштиришга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech