Табиатни асраш – инсонни асраш дегани

17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва

қурғоқчиликка қарши кураш куни

 

Кейинги даврда Ўзбекистонда экология соҳасининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Янги таҳрирдаги Асосий қонунимиз Муқаддимасида эътироф этилганидек, биз «мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини  кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга  ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга астойдил аҳд қилиб», ушбу Конституцияни қабул қилганмиз.

Бош қомусимизнинг 49-моддаси тўлалигича экология ва атроф-муҳит ҳимоясига оид нормалардан иборат. Хусусан, ушбу модданинг биринчи бандида: «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати  тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга», деб қайд этилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбари томонидан 2025 йил юртимизда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили, деб эълон қилингани бу борада ғоят муҳим қадам бўлди. Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз табиат ҳақида сўз юритганда, кўпинча “она табиат” деган иборани ишлатамиз. Ўйлайманки, бу шунчаки чиройли, шоирона сўз эмас, балки унинг замирида чуқур ҳаётий ҳақиқат бор. Биз мўътабар она зотини қандай юксак ҳурмат-эҳтиром қилсак, ўзимизни қуршаб турган табиатга ҳам шундай муносабатда бўлишимиз зарур. Зеро, табиатни асраш – инсонни асраш демакдир”.

Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури доирасида юртимизда экологик барқарорликка эришиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, тармоқ ва соҳаларнинг уйғун “яшил трансформация”сини амалга ошириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янги, “яшил ривожланиш” моделини татбиқ этиш бўйича қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди.

Эътибор беринг: яқинда БМТ Бош Ассамблеяси "Ўрмонлардан барқарор фойдаланиш тамойилларига мувофиқ ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклаш бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўн йиллиги" резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон ва Конго ташаббуси билан тасдиқланган ушбу резолюцияга мувофиқ, бутун дунёда “2027-2036 йиллар – Ўрмонлаштириш  ва ўрмонларни қайта тиклаш ўн йиллиги”, деб эълон қилинди.

Халқаро ҳамжамият ҳақли эътироф этганидек, Ўзбекистон дарахт экиш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини миллий, минтақавий ва глобал миқёсда фаол илгари суриб келмоқда. Жумладан, 2024 йил август ойида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси "Экологик муаммоларнинг самарали ечими сифатида деградацияга учраган ерларда, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларда ўрмонлардан барқарор фойдаланишни, жумладан ўрмонлаштириш ва ўрмонларни қайта тиклашни рағбатлантириш" резолюциясини қабул қилганди.

Ўзбекистон ҳар йили Наврўз байрами арафасида кўчат экиш учун "Марказий Осиё яшил белбоғи" минтақавий акциясини ўтказишни таклиф этди. Бундан мақсад кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштиришдир.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда беш йил ичида бир миллиард туп дарахт экишни кўзда тутувчи кенг кўламли "Яшил макон" умуммиллий дастури амалга оширилмоқда. Бу мақсадлар учун 2025 йилда қўшимча 7,7 миллион доллар ажратилади.

Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган тубида экологик офат оқибатларини юмшатиш доирасида икки миллион гектар майдонда ўрмонзор барпо этилди. Экилган дарахтлар қум бўронларини тўхтатишга, экотизимни яхшилашга ва маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.

Аслида ҳам, халқаро ҳамжамият медиа минбаридан янграган бу эътирофлар бежиз эмас. Президентимиз  қайд этганидек, бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қалаётир. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эррозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келмоқда, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказмоқда. 

Бундай хатарларга жавобан Ўзбекистонда уч йил аввал “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бошланган ва қўшни мамлакатлар билан биргаликда Минтақавий иқлим стратегиясини амалга оширишга ҳам киришилган. Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети ташкил этилгани айни йўналишдаги муҳим натижалардандир. 

Янада эътиборлиси, қисқа вақт ичида Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан бу борада қабул қилинган иккита муҳим резолюциянинг ташаббускори бўлди. Айни вақтда “яшил” энергетика иқтисодиёт драйверларидан бирига айланмоқда.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Президенти “Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини 2022 йил 10 июнь куни, яъни 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни арафасида қабул қилгани бежиз эмас, Зеро, айни эзгу интилиш ерлар деградациясига қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари уйғунлигидан далолат беради.

Бу ҳақда сўз борганда, аввало, 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни тарихи ҳақида мухтасар тўхталиш лозим. Ушбу халқаро сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1995 йил 30 январда таъсис этилган бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Чўлланишга қарши кураш конвенцияси қабул қилинган кун муносабати билан танланган.

Ўзбекистон Осиё минтақасидаги давлатлар орасида биринчилар қаторида БМТнинг Чўлланишга қарши кураш конвенциясига аъзо бўлган. Ушбу Конвенция 1995 йил 31 августда Ўзбекистон парламенти томонидан ратификация қилиниб, 1996 йилдан кучга кирган. Бугунги кунда мазкур Конвенцияга 196 та давлат аъзо ҳисобланади.

Қурғоқчилик – экинларнинг ҳосилдорлигини йўқолиши, ўрмон ёнғинлари ва сув танқислиги натижасида инсонлар ҳаётининг барбод бўлиши нуқтаи назардан энг даҳшатли табиий офатлардан биридир. Сўнгги йилларда озиқ-овқат ва сув танқислиги, кучли қурғоқчилик туфайли юзага келган ўрмон ёнғинлари кучайган.

Ернинг таназзулга учраши ва иқлим ўзгариши натижасида кучайган қурғоқчилик айниқса шиддатли тус олмоқда. Бундай ташвишли ҳолат 2000 йилга нисбатан 29 фоиз кўп ва ҳар йили 55 млн кишига таъсир қилади. Энг ачинарлиси, 2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир қилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига қараганда, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 70 фоиз ёки 31,4 млн гектар ери қурғоқчил майдонлар бўлиб, улар асосан табиий шўрланган, кўчма бархан қумликлар ва қумликлардан иборат чўл ҳамда иссиқ гармсел шамоллари таъсиридаги ҳудудлардир.

Орол денгизи сув сатҳининг қуриши туфайли Ўзбекистонда яна қўшимча 3 млн гектардан ортиқ майдонда Оролқум пайдо бўлди. Натижада ушбу минтақада экологик муҳит ёмонлашиб, чўлланиш жараёнлари янада кучайди ва кўплаб ижтимоий муаммоларни юзага келтирди.

Мамлакатимизда 2017 йилдан буён CADI — “Марказий Осиёдаги чўллар бўйича ташаббус” лойиҳаси жорий этилмоқда. Лойиҳа Бирлашган Миллатлар озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан амалга оширилмоқда.

Экспертларнинг фикрича, ерларни қайта тиклаш биохилма-хилликни сақлашга ҳисса қўшади. Ернинг исишига таъсир этувчи атмосфера углеродининг ерда сақланиб қолиши туфайли иқлим ўзгариши жараёни секинлашади. Шунингдек, бу иқлим ўзгариши оқибатларининг юмшашига олиб келиши ва “яшил” тикланишга асос бўлиши мумкин.

Президентимизнинг 2019 йил 22 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада улкан аҳамият касб этди. Қарор мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор билан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига бир қатор қўшимча функциялар юклатилди. Айниқса, юртимизда чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро хамкорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида фикр юритганда, хусусан, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан 2019-2023 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани ва амалга оширилгани ҳақида тўхталиш мақсадга мувофиқ. Чунки юртимиз учун энг долзарб қайноқ ҳудудлар танлаб олинган мазкур “Йўл харитаси” негизида қисқа муддат ичида бир қатор ибратли ишлар бажарилди.

Мисол учун, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019-2022 йилларда қарийб 1,7 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш тадбирлари амалга оширилди. Бундан ташқари, Бухоро вилоятида Қизилқум чўлларига туташ ҳудудларидаги суғориладиган водий ерларни ҳамда инфратузилмаларни қум босишидан сақлаш мақсадида 200 минг гектардан ортиқ майдонда Бухоро яшил қалқони яратилмоқда. Навоий вилоятида эса 150 минг гектардан ортиқ чўл яйловлари ҳолатини яхшилаш мақсадида саксовулзорлар барпо этилмоқда.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ерлар деградациясига қарши курашиш масалалари бўйича қўшимча вазифалар юклатилгани диққатга моликдир. Вазирлик, жумладан:

  • ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритади;

  • ушбу соҳада давлат дастурлари ва истиқболга мўлжалланган стратегияларни ишлаб чиқади ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштиради;

  • ерлар деградацияси ва чўлланиши, шу жумладан ерларни тиклаш, рекультивация ва мелиорация тадбирлари, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш, уларни сақлаш ва фитомелиорациялаш, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш, ўрмонлар ва иҳотазорлар барпо қилиш жараёнлари мониторингини юритади;

  • ерлар деградациясига қарши курашиш ишларини олиб боришга масъул корхона, муассаса, ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар учун бу бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш масалалари бўйича департамент ва ҳудудларда Ерлар деградациясига қарши курашиш бўлимлари ташкил этилган.

Хулоса қилиб айтганда, ер юзида глобал миқёсда иқлим ўзгариши, чўлланиш жараёнлари кучайиб бораётган ҳозирги замонда, айниқса, бизнинг кам ўрмонли минтақамизда, асосан қумли чўл ҳудудларида ўрмонзорлар майдонларини кенгайтириш ва ерлар деградациясига қарши курашиш улкан аҳамиятга эга.

Бу муҳим омил, шунингдек, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш, аҳолининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича хабардорлигини ошириш, ерлардан барқарор фойдаланиш дастурларини амалиётда қўллашни  ҳам тақозо этади.

 

Ғулом МИРЗО

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech