Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан “Оила институтини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари: фаровон оила ва барқарор келажак” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори, профессор Нодира Эгамбердиева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ва бошқалар мамлакатимизда оилалар манфаатини ҳимоялаш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш, камбағалликка барҳам бериш, ёш авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш, уларнинг экологик билимларини оширишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Айтиш керакки, кейинги йилларда оилаларнинг маънавий-маърифий, иқтисодий, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Мазкур конференция эса соҳадаги ютуқлар билан бирга мавжуд долзарб масалаларни батафсил муҳокама этиш имконини бергани билан аҳамиятли бўлди.
– Бутун дунёда жорий йилда 15 май – Оилалар халқаро куни “Оилага йўналтирилган барқарор ривожланиш” деган ғояни ўзида мужассам этгани ҳолда нишонланди, – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, академик Акмал Саидов. – Муқаддас Қуръони Каримда ҳам оиланинг мўътабар экани, аёлларнинг ҳуқуқлари алоҳида эътироф этилган. Бундай конференциялар оилалар манфаатларини таъминлашга оид долзарб масалаларни атрофлича таҳлил этиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
– Ўзбекистон оилавий қадриятларни асраш бўйича дунёдаги етакчи давлатлардан саналади, – деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл. – Бу борада қонуний асосларнинг яратилгани оилаларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Биз Ўзбекистонда фаолияти оилавий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган ташкилотлар билан биргаликда ишлашдан ғоят мамнунмиз.
– Дарҳақиқат, Ўзбекистон гендер тенгликни таъминлаш, оила, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоялаш борасида етакчи мамлакатлардан саналади, – деди UNFPAнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде. – Оилада таълим, меҳнат ва бошқа ҳуқуқлар амалга ошади, шаклланади. Барча трансформациялар энг аввало, оиладан бошланади. Ер куррасида аҳоли сони ортиб бораётгани баробарида аёлларни иш билан таъминлаш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Ўзбекистон барқарор ривожланиш бўйича ўзига хос муҳим етакчи кучга айланмоқда. Айни пайтда оилада зўравонликнинг олдини олиш, фарзандларни боқиш ва парваришлаш, хотин-қизлар учун янги иш жойларини яратиш муҳим аҳамият касб этади.
– Институтимиз томонидан “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси мезонлари ва уни жорий этиш бўйича 20 дан ортиқ турдаги тарғибот материаллари, қўлланмалар ишлаб чиқилди, – деди “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори, профессор Нодира Эгамбердиева. – Жорий йилда бу борадаги ишларни янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Дарҳақиқат, мазкур институт томонидан оилавий низоларни судгача ҳал этиш бўйича 23 та хорижий давлат тажрибаси ўрганилди ҳамда маҳаллада оилавий медиацияни жорий этишни услубий қўллаб-қувватлаш мақсадида методик тавсиялар ишлаб чиқилди. “Фаровон оила – келажак пойдевори” мавзусида 2 та инновацион ва 10 та амалий лойиҳа ҳаётга жорий этилди. “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” веб-платформаси, “Менинг оилам” мобиль иловаси, эрта турмуш ва эрта туғруқ қайд этилган ҳудудлардаги ўзгаришларни электрон тарзда кузатув харитаси ва мультимедиа маҳсулотлари яратилди.
5 та йўналишда 500 га яқин маънавий қадриятлар ҳақида хабар берувчи “Оилавий қадриятлар мажмуаси”га дунё мамлакатларидаги оилавий қадриятлар таҳлили, инфографикалар ва фойдали ресурслар жойлаштирилди.
“Оила ўқув платформа”си – https://oilamalaka.uz сайти ишга туширилди. Унга оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий мавзуларда 20 га яқин маъруза матни, презентация, тарқатма материал, 12 та видеодарс жойланди.
Анжуманда қатнашчилар “Яшил оила” модели: хорижий тажриба ва миллий ёндашувлар, “Оилалар фаровонлиги ва камбағалликни қисқартириш – демографик барқарорлик ҳамда ижтимоий тараққиёт мезони сифатида”, “Масъулиятли ота-оналикни шакллантиришнинг механизмлари”, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёргарлик даражасини оширишнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий ечимлари”, “Оилада гендер тенгликни таъминлаш – барқарор ривожланиш кафолати” каби шўъбаларда ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 16.05.2025
- Кўришлар: 373
- Чоп этиш