Бутун дунёда 15 май — Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан мамлакатимизда жорий йил 10 майдан 10 июнга қадар “Фаровон оила сари” ойлиги ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир доирасида 16 май куни Тошкент шаҳрида “Оила институтини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари: фаровон оила ва барқарор келажак” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуман Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан ўтказилади.
Конференцияда 20 га яқин хорижий эксперт, оила соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бораётган 80 дан ортиқ олим, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди. Шунингдек, 30 нафар миллий мутахассис ва хорижий ва халқаро ташкилотларнинг 12 нафар эксперти, ўз маъруза ва тақдимотлари билан қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Акмал Саидов илмий-амалий анжуманнинг очилиш қисмида “Оила институти: халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” мавзусида маъруза қилди. Академик А.Саидов, жумладан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг алоҳида бир боби, яъни “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган XIV боби айнан оилага бағишланганлигига эътиборни қаратди.
Оила – қутлуғ даргоҳ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев таъбири билан айтганда, «Ҳар қандай инсон учун муҳим ва муқаддас қадрият — бу унинг оиласидир. Соғлом ва мустаҳкам оила — давлат таянчи ва жамиятнинг асосий бўғинидир. Каттага ҳурмат, кичикка иззат, одамийлик, меҳр-оқибат, она Ватанга муҳаббат ва садоқат каби олижаноб фазилатлар аввало оилада қарор топади».
Сўнгги йилларда мамлакатимизда оиладаги муносабатларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, ота, она ва фарзандлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кўмакка муҳтож оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ибратли оилаларни рағбатлантириш, оилада учраши мумкин бўлган зўравонликларга барҳам бериш, гендер тенгликни таъминлаш борасида ҳуқуқий, ташкилий ва амалий чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш йўлидаги муҳим қадамлардир.
Кун давомида иштирокчилар илмий-амалий конференция иши доирасида шўъбаларга бўлиниб, ўзаро қизғин мунозара олиб бордилар. Бунда “Яшил оила” модели: хорижий тажриба ва миллий ёндашувлар”, “Оилалар фаровонлиги ва камбағалликни қисқартириш – демографик барқарорлик ҳамда ижтимоий тараққиёт мезони сифатида”, “Масъулиятли ота-оналик маданиятини шакллантириш механизмлари”, “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёргарлик даражасини оширишнинг ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий ечимлари” ҳамда “Оилада гендер тенглигини таъминлаш – барқарор ривожланиш кафолати” мавзулари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Анжуман якунида шўъбаларда оила институтини мустаҳкамлаш, масъулиятли ота-оналикни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, рақамли технологиялар таъсирида оилавий муносабатларни барқарорлаштириш ҳамда миллий қадриятларга асосланган фаровон ва барқарор оилаларни шакллантириш бўйича илмий, услубий ва амалий ёндашувлар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар умумлаштирилди. Бу борада тегишли илмий-назарий хулосалар ишлаб чиқилди ва амалий таклифлар илгари сурилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.05.2025
- Кўришлар: 383
- Чоп этиш